2023 йил – Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили!

0
601
марта кўрилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасидаги нутқида  кириб келаётган янги – 2023 йилга юртимизда “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”, деб ном беришни таклиф қилди. У маъқулланди.

Нима учун йилга бундай ном бериляпти? Бу ҳақида давлатимиз раҳбари шундай деди: – “Биз Ўзбекистонда олиб борилаётган давлат сиёсатининг марказида инсон ва унинг манфаатларини таъминлашни устувор вазифа этиб белгиладик. Бу сиёсат бир йил билан чекланиб қолмаслиги, доимо бардавом бўлиши барчамизга аён.

Аслида ҳам, бизнинг энг бебаҳо бойлигимиз, бу – бунёдкор халқимиз, дуогўй ота-оналаримиз, навқирон авлодимиз эмасми?

Шу юртда яшаётган ҳар бир инсоннинг тинч ва бахтли ҳаёт кечириши, унинг соғлиғи жойида бўлиши, яхши таълим олиши, оиласини тебратиши учун қандай шароит керак бўлса, ҳаммасини яратиб беришга ҳаракат қиляпмиз ва бу йўлдан асло тўхтамаймиз”.

Бугунгача Президент Олий Мажлисга тўрт марта – 2017 йил 22 декабрь, 2018 йил 28 декабрь, 2020 йил 24 январь ва 2020 йил 29 декабрда  Мурожаатнома йўллаган.

Келаётган йилда  амалга ошириладиган вазифаларни аввалдан белгилаб, келишиб олиниши туфайли кенг кўламли ва самарали ислоҳотлар натижасида ялпи ички маҳсулот ҳажми бу йил илк бор 80 миллиард доллардан ошди.

Иқтисодиётимизга мазкур  йилнинг ўзида 8 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар кириб келди, экспорт ҳажми эса, 19 миллиард долларга етди.  Албатта, илгари бўлмаган бундай катта  натижалар режали ва самарали ишлар натижасидир.

Бу йил Ўзбекистон тарихида илк бор пенсия ва ижтимоий нафақалар миқдори минимал истеъмол харажатларидан кам бўлмаган даражага олиб чиқилди. 2017 йилда кам таъминланган 500 минг оила ижтимоий ёрдам олган бўлса, бугунга келиб, 2 миллиондан ортиқ оилаларга кўмак берилмоқда. Ажратилаётган маблағлар эса, 7 баробар кўпайтирилиб, йилига 11 триллион сўмга етди.

Охирги олти йилда мамлакатимиз бўйича қарийб 300 мингта ёки аввалги йилларга нисбатан 10 баробар кўп уй-жойлар қурилди.

Ушбу  даврда қўшимча 500 минг ўқувчи ўрни яратилиб, уларнинг сони 5 миллион 300 мингга етди. Ҳозирги вақтда яна 1 миллион 200 минг ўқувчи ўрни яратиш бўйича ишлар жадал давом эттирилмоқда.

Халқ соғлиғини сақлаш учун барча тиббий хизматлар энг чекка туман ва маҳаллаларга етиб бормоқда. Бу эса  аҳоли соғлигига бўлган эътибордир.

Одамларни касб-ҳунарли қилиш, уларнинг бизнесига кенг йўл очиш, ҳақиқий мулкдор бўлиб, даромад топиши учун зарур шароитлар яратилмоқда.

Бу йил мамлакатимизнинг 381 нафар спортчилари жаҳон ва Осиё мусобақаларида, 43 нафар иқтидорли ва билимдон ёшлар нуфузли халқаро фан олимпиадалари ҳамда танловларида совринли ўринларни эгаллашди.

 – Мана шундай катта ютуқларга эришишда фидокорона меҳнати билан муносиб ҳисса қўшаётган, жаҳоннинг илм-фан, маданият ва спорт шоҳсупаларида Ўзбекистон байроғини баланд кўтараётган ўғил-қизларимиз, шижоатли ёшларимиз бизнинг фахримиз-ғуруримиздир, – дея таъкидлади мамлакатимиз раҳбари.

Юқорида келтирилган  рақамлар бари инсонга эътибор самараси  ва сифатли таълим натижаларидир. Келгуси йил ана  шундай эзгу ишлар,  эзгу фикрлар, эзгу амаллар яна давом қилаверади.

Раъно ЗАРИПОВА

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.