Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 2024 йил учун давлат бюджетининг асосий йўналишлари ҳамда тармоқ ва ҳудудларда амалга ошириладиган вазифалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.
Давлат бюджети даромадларини кўпайтириш, харажатларини оптималлаштириш бўйича ҳар бир соҳа, тармоқ ва ҳудудлар кесимида мавжуд захира ва имкониятлар атрофлича таҳлил қилинди.
Аввало, йирик саноат тармоқларида харажатни қисқартириш орқали таннархни камайтириш бўйича аниқ вазифалар белгиланди. Масалан, жорий йилнинг биргина тўртинчи чорагида 349 та йирик саноат корхонасида 2,1 триллион сўм харажатларни камайтириш мумкинлиги ҳисоб-китоб қилинган. Бу ишларни тизимли давом эттириш учун ҳукуматга келгуси йилда йирик тармоқларда таннархни 15-20 фоиз камайтириш бўйича дастур ишлаб чиқиш топширилди.
Ҳудудларнинг даромад базасини кенгайтириш масаласига тўхталиб ўтилди. Жумладан, паст қувватда ишлаётган корхоналарга кўмак бериб, уларни тўлиқ қувватга чиқариш чоралари белгиланди. Тадбиркорликни ривожлантириб, солиқ базасини кенгайтириш, афзалликлар бериш орқали “яширин иқтисодиёт”ни қисқартириш муҳимлиги айтилди.
Қишлоқ хўжалигида “катта сакраш”га фақат илм орқали эришиш мумкинлиги таъкидланди. Бу борада ер сифати, нав ва агротехнологияга замонавий илмий ютуқларни кенг татбиқ этиш орқали бир гектарда пахта ҳосилдорлигини 50 центнерга, ғаллада 100 центнерга етказиш вазифаси қўйилди.
Минтақамизда сув муаммоси кун сайин долзарб бўлиб бормоқда. Сўнгги икки йилда сув хўжалигига бюджетдан 22 триллион сўм, жумладан, сув тежовчи технологияларга қарийб 1 триллион сўм субсидия ажратилган.
Шу боис келгуси йилларда суғориш каналларини бетонлаш, сув тежовчи технологиялар ўрнатиш ишларига ажратиладиган маблағ кўпайтириб борилади. Жумладан, келгуси йилда марказлашган инвестиция ҳисобидан 1,7 триллион сўмлик ва халқаро молия ташкилотларидан 300 миллион долларлик сув инфратузилмаси лойиҳалари амалга оширилади. Давлатимиз раҳбари бу масалага кенгроқ тўхталиб, суғориш каналларини бетонлаш бўйича уч йиллик дастур қабул қилинишини таъкидлади.
Яқинда қабул қилинган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида ижтимоий соҳаларни ривожлантириш устувор вазифа этиб белгиланган. Шу боис 2024 йил учун давлат бюджети лойиҳасида бу соҳаларга катта эътибор қаратилган.
Хусусан, келгуси йил инсон капиталини ривожлантириш учун 102,5 триллион сўм йўналтириш мўлжаланмоқда. Бу жорий йилгига нисбатан 15 фоиз кўп.
Масалан, дастлабки лойиҳада 317 та мактаб қурилиши ва реконструкция қилиниши режалаштирилган эди. Президентимиз бу масаланинг муҳимлигини ва жойлардаги талабни инобатга олиб, яна 150 та мактаб қурилишига маблағ ажратишни таклиф қилди.
Мактабгача таълим, профессионал ва олий таълим тизими учун назарда тутилган маблағларни ҳам кўпайтириш бўйича фикр билдирилди.
Шу билан бирга, ушбу маблағлардан оқилона фойдаланиш, ажратилаётган маблағларнинг натижадорлигини ошириш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Келгуси йилдан “Маҳалла бюджети” тизими тўлиқ жорий қилинади. Бу – ҳар бир маҳалланинг 100 миллион сўмгача маблағи бўлади, дегани.
Давлатимиз раҳбари бу маблағларни маҳаллада иш ўрни яратадиган, аҳолининг оғирини енгил қиладиган лойиҳаларга йўналтириш зарурлигини таъкидлади. Ушбу янги тизим бўйича маҳалла раисларини ўқитиш, маблағларнинг ҳисобини юритиш ва назорат қилиш юзасидан кўрсатмалар берилди.
Шу билан бирга, бюджет интизомини кучайтириш бўйича қонунчиликка таклифлар киритиш зарурлиги айтилди. Бу борада бюджет маблағлари ҳисобидан тўғридан-тўғри шартномалар тузишга йўл қўймаслик, очиқ-ошкора танлов ва тендерлар ўтказиш амалиётини кенгайтириш қатъий кўрсатиб ўтилди.
Тармоқ, соҳа ва ҳудудларга келгуси йил 32 миллиард доллар инвестиция жалб этиш, экспортни 19 миллиард долларга етказиш имкониятлари кўриб чиқилди.
Йиғилишда билдирилган фикрлар асосида 2024 йил учун бюджет лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилади.
Кун тартибидаги иккинчи масала ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга оид бўлди. Давлатимиз раҳбари Қашқадарё вилояти мисолида йил якунигача бўлган ишларни максимал даражада бажариш, келгуси режаларни белгилашда аҳоли талаби ва муаммодан келиб чиқиш йўлини кўрсатиб берди. Бунда ҳокимликлар билан вазирликлар тенгма-тенг масъул экани, ўзаро мувофиқ ишлаб, соҳа ва жойлардаги масалаларни ҳал этиш зарурлиги таъкидланди.