Умр таъбир жоиз бўлса, муҳташам бинога ўхшайди. Уни таъмирламасанг, буёқ бермасанг, тезда ишдан чиқади, нурайди. Инсон ҳаёти давомида ўз устида ишламаса, изланмаса қулаши ҳеч гап эмас.
Умр карвонининг ҳар лаҳзасини ислоҳ қилиш, эзгуликларга тўлдириш муҳим ҳодиса. Қадрли устозим Солияжон Раҳимберганова умрини ана шу тартибда безаётган, касбидан ҳурмат ва барака топаётган аёллардан бири.
Ўз касбининг қадрига етган устоз қанчадан-қанча шогирлар тарбиялади. Улар орасида мен ҳам борман. Устознинг ўзига хос талабчанлиги, ишга бўлган масъулияти барчамизга ибрат мактаби. Мен ўзимни ҳар сонияда устозимнинг назоратида эканлигимни хис қилиб тураман. Негаки, устоз ҳамиша мақолаларимиз ҳақида фикр берадилар, йўл кўрсатадилар.
Ҳали эсимда. 7-синфда ўқиб юрган пайтларимда опам- Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Раножон Зариповага ўхшаб журналист бўлишни орзу қилганман. Мактаб деворий газетасига мақолалар ёзардим. Ёзганларимни қачонки, Тошкентдан келсалар, кўрсатардим. Бир кун опам “Хоразм ҳақиқати” газетаси таҳририятида ишлаётган ҳамкасби Солияжон Раҳимбергановага учрашимни, унинг олдига тез-тез бориб туришимни тайинладилар.
Раҳматлик отам “Матбуот уйи” га олиб бордилар, аммо ичкарига кирмадилар. Ҳозир ўйлаб қарасам, ўзим ҳаракат қилишим, одамлар билан гаплашишни ўрганишим учун шундай қилган эканлар. Ўшанда шаҳарнинг ҳашаматли иморатларидан бири бўлган бинонинг учинчи қаватига чиқдим. (Ҳозирги Урганч шаҳар солиқ идораси) Қўлимда икки варақлик кичик бир ҳикоямни маҳкам ушлаб, чала очиқ қолган баланд эшикдан ийманибгина мўраладим. Узун хонада беш эркак ва биргина аёл ўтиришарди. Ҳаммаси бирдек, боши эгик, иш билан банд, нималарнидир ёзишяпти. Хонада эса жимлик. Менинг ҳаяжоним ичимда. Кирсамми, кирмасамми, деган ҳадик билан йўлакда узоқ туриб қолдим. Шу маҳал бўйлари баланд, шахдам қадамлар ташлаб, бир аёл “Ҳой қиз, кимнинг олдига келдинг”, дея шу хонага кирди. Бу машинкачи Соражон Эгамберганова эдилар. Ўтирганлар ялт этиб, эшик томон қарашди.
– Мен, мен Солияжон апикам ёнига келдим, – дедим аранг.
– Кир, кир ичкарига, – деди Соражон опа. – Қўлида машинкада ёзилган қоғозларни аввал икки кишига, сўнгра Солияжон Раҳимбергановага узатди. Мен яна кирмай, остонада туриб қолдим.
– Солияжон, бир қиз сизни сўраяпти, – деди опа.
– Кир, киравер, – деди устоз ҳам.
– Ассалому алайкум, — дедим, сўнгра секингина стол олдига келдим. Қолган беш нафар киши бошини ишдан кўтармай ишлашарди.
– Мен Раъно опанинг синглисиман. Исмим Дилбаржон, дедим.
– Ҳа, Раъно опам билан гаплашгандим. Нималар ёздинг. Қани бер-чи?
Устоз ишини қўйиб, ёзганларимни қунт билан ўқиб чиқдилар. Ҳаяжоним жуда кучли эди. Юрагимни ҳапқиртирган хис-ҳаяжонларимни яшириш мушкул бўлди. Негаки, маъқул бўлармикан, деган фикр онгимни буткул қамраб олган эди.
– Хўп, яхши. Жумлаларда узун-узун ифодалардан фойдаланма. Фикрларингни қисқа, лўнда қилиб ёзишга ҳаракат қил. Дастлаб шундай қилмасанг бўлмайди. Мана қара, шу гапни учга бўлиб ифодалайсан. Узундан узоқ гапингдан қисқа жумлалар тузамиз…
Устоз икки варақлик ҳикояни бир пастда таҳлил қилиб, маслаҳатларини ҳам бериб бўлдилар. Сўнгра мактабим ҳақида хабар ёзиб келишимни тайинладилар. Газеталарни кўпроқ ўқишимни, оддий хабарнинг қандай ёзилишини ҳам тушунтирдилар.
Топшириқ жуда жиддий. Пайшанба кунига ҳали вақт бор. Соат нечада келишимни ҳам айтдилар. Орадан ўтган кунлар фикримни буткул “хабар” эгаллаб олди. Кутубхонага кириб, бир нечта газеталарни, жумладан, “Хоразм ҳақиқати” газетасини ҳам варақлай бошладим. Ўқиб-ўрганганлари натижасида бир эмас, иккита хабар тайёр бўлди. Бири- фан олимпиадасида ғолибликни қўлга киритган ўқувчи ва яна бири “Қувноқ стартлар” республика мусобақасида фахрли ўринни олиб қайтган мактабимиз ўқувчиларининг фаолияти ҳақида бўлди. Пайшанба борсам, устоз шошилинч топшириқ билан туманга чиқиб кетган эканлар. Эртасига сал дадилроқ бўлдим. Ёзганларимни яна таҳлил қилдилар, камчиликларни тағин тушунтирдилар. Хабарларим навбатдаги сонларида чоп қилинди. Шу тахлит кичкинагина хабарим каттакон бир газетада чоп қилинганидан қуш мисоли учдим. Ўша пайтдаги қувончимни таърифлашга ожизман. Бундай ҳурсандчиликлар инсонга камдан-кам берилади. Шу тариқа журналистикага бўлган қизиқишимни янада ортишида Солияжон Сапаевнанинг ўрни беқиёс бўлди…
Устоз ҳозир ҳам ўша дорилфунунда, анироғи ҳаммамиз учун севимли бўлган таҳририятда, самарали меҳнат қиляптилар.
Бизнинг “Хоразм ҳақиқати” газетамиз чин маънода ижтимоий, маданий-маърифий ҳаётни акс эттирувчи асосий восита сифатида жамият, инсоният тараққиётида юз йиллик муҳим тарихий вазифаларни бажариб келмоқда. Нафақат воҳада, балки мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламдаги ишларнинг, халқимизнинг тинч ҳаёти ва ижодкорона меҳнатининг солномачиси бўляпти.
“Хоразм ҳақиқати” газетасининг ҳар бир сони қўлимизга етиб келгунча интиқлик билан кутамиз. Чунки, бу газета ахборотларга, янгиликларга бўлган эҳтиёжларимизни қондиради. “Хоразм ҳақиқати” газетаси ҳар биримиз учун қадрли. Жумладан, менга ҳам. Бу даргоҳда Солияжон Сапаевна каби тажрибали журналистлар, устозлар билан елкама-елка бирга ўн йил давомида ишлаш насиб қилганидан бахтиёрман. Газета таҳририяти ҳозиргача ёш журналистлар учун катта мактаб, дорилфунун вазифасини бажариб келмоқда. Қанча-қанча инсонлар, ёшлар ушбу университет сабоқларини олиб кам бўлмадилар, синовларда тобландилар.
Газета чоп этилаётганига бир аср бўлди десам ҳақиқатни айтган бўламан. Юз йил айтишга осон, аммо ўтган йилларнинг ўзига хос босқичларида тамал тошини қўйган, меҳнатда пишган, ўткир қалами билан элда азиз ва машҳур бўлган инсонларни, журналистларни эслаймиз, албатта.
Маълумки, XIX асрнинг охирларида Муҳаммад Раҳимхон II-Феруз ташаббуси билан сарой кутубхонасида сақланаётган нодир қўлёзма асарларни китоб шаклида нашр қилиш учун Эрондан тошбосма (типография) анжомлари Хивага келтирилганди. Воҳада ташкил этилган илк даврий нашр “Хоразм ҳақиқати” (“Инқилоб қуёши”) нинг дастлабки сонлари ҳам Хивада Отахон Обдалов ва унинг шогирдлари томонидан тошбосма усулида босила бошланган. Ана шундай бой тажриба ва тарихга эга соҳа ходимлари бугун ҳам улкан ишларни амалга ошираётганининг гувоҳи бўласиз.
Бугун газета таҳририяти Солияжон Сапаевна раҳбарлигида ўз фаолиятини замон даражасига кўтаришда, сўз ва матбуот эркинлигини таъминлашда, интернет тармоғининг ривожланиши жараёнларида муҳим вазифаларни бажариб келмоқда. Аҳолининг сиёсий ва ижтимоий ҳаётдаги фаоллигини оширишда, фуқароларнинг мамлакатимиз тараққиётига қўшадиган ҳиссасини янада юксалтиришда, ёшларни ёт ғоялар таъсиридан авайлаб-асраб тарбиялашда, оилаларда соғлом муҳитни қарор топтиришда муҳим аҳамият касб этиши билан одамлар фикр ва ўйларини, жамиятда бўлаётган воқеа ва ҳодисаларга муносабатларини эркин ва мустақил ифодалай оладиган минбар вазифасини ҳам ўтаяпти.
Кейинги уч йил ичида соҳага доир бир қанча қонунлар ва қонуности ҳужжатларининг қабул қилинганлиги оммавий ахборот воситаларини янада либераллаштириш, сўз эркинлигини таъминлашда алоҳида аҳамият касб этди. Бу эса соҳа ходимлари-журналистларнинг жамият олдидаги бурчларини янада теран ҳис қилишга, замон билан ҳамнафас бўлиб, воқеаларни холис ва тўғри таҳлил қилган ҳолда ёритишга ундаяпти. Мамлакатимизда соҳа ривожига қаратилаётган сиёсат оммавий ахборот воситаларини самарали ривожлантириш, уни фуқаролик жамиятининг муҳим бир институти сифатидаги ўрни ва ролини янада оширишга хизмат қиляпти. Ҳеч муболағасиз айтиш мумкин, бугун таҳририят фаолиятида ҳам тизимли равишда бозор механизмлари шаклланмоқда. Буни энг аввало ўқимишли ранг-баранг мақолалар, ўзаро ижобий рақобат ва самарали ҳамкорликда кўриш мумкин. Жонажон “Хоразм ҳақиқати” газетаси ҳам ана шу босқичда собитқадам билан бормоқда. Негаки, ўқувчиларнинг бирдек меҳрини, эътиборини қозониш осон эмас. Бугун ахборот глобаллашуви жараёнларида ўқувчи ўзи хоҳлаган ахборот ресурларидан истаганича маълумотларни бир зумда олиш имконияти мавжуд.
Газета саҳифаларида чоп қилинаётган танқидий-таҳлилий мақолалар, жамоатчилик фикрни уйғотадиган муаммоли чиқишлар фикримизнинг яққол далили. Фикрлар хилма-хиллигини ривожлантиришда газетанинг алоҳида хизматлари бор. “Долзарб мавзу”, “Қарор ва ижро”, “Газетада босилгач…”, “Бозорларда аҳвол қандай”, “Шу куннинг мавзуси”, “Сайёр қабулларда”, “Тўйлар ҳақида ўйлар”, “Халқ қабулхоналарида” каби сермазмун ва ранг-баранг рукнлар остидаги мақолалар шулар жумласидан.
Сир эмас, бугун замонавий ахборот маконида журналист касби вазифаси, моҳияти ўзгармоқда. Журналист нафақат ахборот берувчи, балки тезкор жараёнлар суръатига таъсирини ўтказувчи, жамоатчилик фикрини шакллантирувчи, лозим пайтларда бошқарувчи вазифаларини ҳам ўз зиммасига олмоқда. Журналист халқ манфаатларини ҳимоя қилаётган шахс сифатида жамиятнинг ҳақиқий кўзи ва кўзгуси. Газета ходимларининг жамоатчилик фикрини шакллантиришга, ошкоралик ва холисликка қаратилган публицистик таҳлилий материаллари, интервью ва муаммоли чиқишлари натижасида воҳада қатор масалалар ўз ечимини топмоқда.
Устозим ҳамиша “Профессионал журналист бўлиш осон, аммо ишда халол бўлиш муҳим. Шунингдек, журналистикада холислик катта аҳамиятга эга. Ижодкор воқеа ва ҳодисаларга адолат мезонлари асосида ёндошиши лозим. Акс ҳолда нафақат ўзининг, балки таҳририятнинг ҳам обрўсига путур етади”, деганларида нақадар ҳақ гапни айтдилар.
Газета саҳифаларида пайдо бўлаётган ранг-баранг рукнлар, бир-биридан ўқимишли мақолалар янглиғ устоз уларнинг долзарблигига, тезкорлигига, холислигига алоҳида урғу берадилар. Айниқса, янги ислоҳотларнинг ҳаётга кенг татбиқ этилиши, аҳолига яратиб берилаётган шароитлар, уларнинг ижтимоий ҳимоясига йўналтирилган дастурлар, аёллар, болалар саломатлигини ҳимоя қилишга хизмат қилаётган режалар мақолаларнинг туб мазмун-моҳиятини ифодалайди.
Журналист деган табаррук мақомни янада улуғлаб, ўз бурчини виждонан бажараётган, таҳририятда самарали қалам тебратаётган барча устозларга, ҳамкасбларимизга, хусусан Солияжон Сапаевнага Устоз ва мураббийлар байрами муносабати билан чексиз миннатдорчилигимни билдираман. Журналист устоз-опажонимга масъулиятли ва шарафли, долғали ва зарворли ишларида улкан омадлар ёр бўлсин. Фарзанди-Отахоннинг эришган ютуқларига, бахтига қувониб, узоқ умр кўрсинлар. Бошингиз омон, мартабангиз зиёда бўлсин, қадри баланд устозим!
Дилбар БЕКЧАНОВА, журналист