Бугун, 26 ноябрь куни Ўзбекистон шахмат тарихида янги саҳифа очган Афрўза Ҳамдамова, шунингдек, жаҳон чемпионатида муносиб натижаларга эришган Миразиз Қўзиев ва Гулдона Каримовалар “Ислом Каримов” номидаги Тошкент халқаро аэропортида тантанали кутиб олинди.
Кутиб олиш маросимида Ўзбекистон Ёшлар сиёсати ва спорт вазири ўринбсари, мамлакат шахмат федерацияси раиси Алишер Саъдуллаев, Миллий Олимпия қўмитаси мутахассислари, Республика олимпия ва паралимпия маркази спортчи ёшлари, кенг жамоатчилик вакиллари, спортчиларнинг ота-оналари, яқинлари, оммавий ахборот воситалари ходимлари жам бўлишди.
— Албатта, бундай муваффақиятга эришиш ўз-ўзидан бўлгани йўқ. Қизим эсини таниганидан бери шахмат билан шуғулланади. Она сифатида айтишим керак, бугун юртимиз ёшлари кўп йўналишларда катта муваффақиятларга эришишида давлатимиз томонидан ёшларга яратиб берилаётган шарт-шароит муҳим омил бўлмоқда. Бундай эътиборга муносиб бўлиш, ҳамиша олдинга интилишга ёшларни рағбатлантиришда мактаб, маҳалла, оиланинг ўрни катта. Афрўзанинг чемпион бўлишида маҳалламиз, у таълим олаётган Самарқандаги 42-ўрта таълим мактаби ва оиламизда шахматга бўлган қизиқиш асосий сабаб бўлди, деб ўйлайман. Қизимнинг энг катта орзуси – аёллар ўртасида жаҳон шахмат тожини Ўзбекистонга олиб келиш, — дейди Афрўзанинг онаси Шабнам Исматова.
Дарҳақиқат, Янги Ўзбекистоннинг янги ғалабаларини таъминлаш, салоҳиятли ёшларни саралаш, танлаш ва уларни мақсад сари йўналтириш борасида юртимизда изчил ислоҳотлар олиб борилмоқда. Президентимиз томонидан шахматни ривожлантириш тўғрисидаги қарорнинг қабул қилиниши ва шу ассосда турли даражадаги мусобақаларнинг тизимли ўтказилиши натижасида Афрўза каби ёшларимиз халқаро мусобақаларда юксак ғалабаларга эришмоқда.
Хотин-қизлар ўртасида FIDE спорт устаcи бўлган Афрўза Ҳамдамова 2014 йилдан шахмат билан шуғулланиб келмоқда. У мактаб ўқувчилари ўртасида ўз ёш тоифасида 14 карра Ўзбекистон чемпиони ҳисобланади.
2016 йили Эрон пойтахти Теҳрон шаҳрида ўтказилган мактаб ўқувчилари ўртасидаги Осиё чемпионатида стандарт, рапид ва блиц йўналишида ғолибликка эришган.
— Мусобақалар ҳар жиҳатдан юқори савияда ўтказилди. Чемпионатдаги иштирокимни 2-турдан бошлаган бўлсам-да, ишончни оқлашга жон-жаҳдим билан ҳаракат қилдим. Ҳар бир баҳсимни бутун дунёдаги шахмат ишқибозлари қатори минг-минглаб юртдошларимиз кузатиб бораётганини ич-ичимдан ҳис этиб турдим. Энг қийин учрашув мен учун 10-турда россиялик шахматчи билан бўлди. Ушбу тургача рақибларимни осонлик билан мағлуб этдим. Айнан Анна Шухманни мағлубиятга учратишим жаҳон чемпионлиги масаласини деярли ҳал этди, — дейди Афрўза Ҳамдамова.
Россия, Руминия, Бразилия, Беларусь, Шри-Ланка, Туркия каби давлатларда ташкил этилган нуфузли мусобақаларда олтин, кумуш ва бронза медалларига мушарраф бўлган Афрўзанинг куни кеча Италияда якунланган жаҳон чемпионатида шов-шувли тарзда 80 та давлатдан келган рақибларидан бир ўйин кам ўтказган ҳолда ғолибликка эришиши мамлакатимиз ёшларининг халқаро майдондаги интелектуал салоҳияти не чоғли юксак эканлигини яна бир карра исботлади.
Эслатиб ўтамиз, 80 та давлатнинг 760 нафар ёш шахматчилар иштирок этган жаҳон чемпионатида 14 ёшли ўғил болалар мусобақасида ҳамюртимиз Миразиз Қўзиев 125 нафардан зиёд иштирокчи орасида 22-ўринни, 16 ёшли қизлар мусобақасида қатнашган Гулдона Каримова 138 нафар даъвогарлар баҳсида 11-ўриннни эгаллади.
Манбаа: ЎзА