Бугун бутун дунё бўйлаб иқтисодий ва ижтимоий ривожланиш учун Халқаро кўнгиллилар кунига бағишланган тадбирлар ўтказилмоқда. Мазкур куннинг бу йилги шиори “Кўнгиллилар ва инклюзив келажак” волонтёрлик фаолияти воситасида мамлакатларни ўзидаги тенгсизликнинг барча кўринишларини қисқартириш учун 10-Барқарор ривожланиш мақсадига диққатни қаратишга даъват этади.
Шуниси диққатга сазоворки, 2019 йилнинг 2 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Волонтёрлик фаолияти тўғрисида”ги Қонунга имзо чекди. Унда волонтёр ва волонтёрлик ташкилотининг мақоми мустаҳкамланди ва кўнгиллилик фаолиятининг йўналишлари белгилаб берилди.
Ушбу сана муносабати билан тантаналар Нукусдаги Бердақ номли Қорақалпоқ давлат академик мусиқий театрида ҳам бўлиб ўтди, бу ерда Қорақалпоғистоннинг 10та туманидан 600 нафарга яқин энг фаол волонтёр жам бўлди.
Тадбир давомида қайд этилганидек, БМТТД, БМТҚД, ЖСТ, ЮНФПА ва ЮНИСЕФ каби ташкилотларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари орқали минтақада инфратузилмани такомиллаштириш ва соғлиқни сақлаш тизими салоҳиятини ошириш борасида ишлар олиб борилмоқда.
“Ҳамкорлик доирасида Нукус ва Ургенчда Давлат эпидемиологик назорати учун совутиш омборини қурилиши якунланди, вакцинация бўйича ахборот тизими жорий этилди, Мўйноқ туманидаги қишлоқ врачлик пунктлари қуёш панеллари билан таъминланди, бирламчи босқичдаги даволаш-профилактика муассасаларининг фаолиятини стандартлаштириш, интеграциялаш ва мувофиқлаштиришни назарда тутувчи ПАЛ стратегияси ишга туширилди. Кўнгиллилар фаолияти натижасида аҳолининг турли касалликлар тўғрисидаги хабардорлиги даражаси ошади. Туманлардаги тиббиёт муассасаларига аҳолининг мурожаатлари сони кўпайиб, касалликни дастлабки босқичларида аниқлаш имкони пайдо бўлди”, — деб таъкидлади Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Фахриддин Абдуллаев.
2012 йилдан бошлаб то шу кунгача бутун минтақада маҳаллий аҳолининг 3 710 нафар кўнгиллиси ўқитилди. Муҳим йўналишлар сирасида — гигиена, санитария ва соғлиқни сақлаш масалалари ўрин олганди, бу эса 386 906 нафар одамнинг тиббий саводхонлигини ошириш имконини берди.
Мунтазам асосда саломатлик масалаларида ҳамжамият кўнгиллилари якка тартибдаги учрашувлар, қишлоқ аҳли билан ахборот сессиялари ўтказиб келмоқдалар, уларда юрак-томир, ошқозон-ичак, нафас олиш йўллари касалликларини олдини олиш яъни профилактиканинг аҳамияти, ҳамда оналик ва болаликнинг тиббий ҳимояси ҳақида маълумот бермоқдалар.
Тадбирнинг расмий қисмидан сўнг иштирокчилар эътиборига “Қорақалпоғистонда волонтёрлик” номли ҳужжатли фильм намойиш этилди. Шу куннинг ўзида кўнгилилар саккизта номинациялар бўйича эсдалик мукофотлари ва совғаларини олишди.
“Энг яхши волонтёр — ўқитувчи” номинациясида мукофот олганимдан жуда хурсандман. Мен ўзим Хўжайли туманидаги 29-мактабда ўқитувчи бўлиб ишлайман. Мактабимизда тез-тез ўқувчилар, ўқитувчилар, шунингдек ота-оналар ўртасида саломатлик мавзусида суҳбатлар ўтказаман. Тренинглар давомида бизга тақдим этилган ўқув қўлланмалар – маълумот календарлари, буклетлар, санитария китоблари ва плакатлар катта ёрдам беради, ишимизни осонлаштириб, аҳоли билан суҳбатларни қизиқарли тарзда ўтказишга хизмат қилади”, — дейди Хўжайли туманидаги “Науриз Кумбиз” МФЙдан келган Қизларгул Кудиярова.
Нукусдаги Халқаро кўнгиллилар куни тантаналари БМТнинг “Орол минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик фондини ташкил қилиш орқали Орол фожиасидан зарар кўрган аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш” қўшма дастурини амалга ошириш доирасида Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги кўмагида ташкил этилди.
Малика МУСАЕВА