Ўзбекистон Республикасининг «яшил» иқтисодиётга ўтиш Стратегияси 2019 йил 4 октябрда тасдиқланди. Унинг мақсад ва вазифалари нималардан иборат? Ушбу масалани тушунтириш учун аввало, халқаро ҳамжамиятнинг атроф муҳитни муҳофаза қилиш муаммолари ҳақида ҳам сўз юритиш керак. Зеро, Она Ер умумий уйимиз! Уни биргаликда асраш ҳар бир мамлакатнинг бурчидир!
1972 йил 5 июнда Стокгольм шаҳрида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг атроф муҳитга бағишланган Конференциясида Бутунжаҳон атроф муҳит кунини нишонлаш тўғрисида қарор қабул қилинган эди. Мазкур қарордан кўзланган мақсад халқаро ҳамжамият эътиборини атроф муҳитни муҳофаза қилиш муаммоларига ҳамда глобал экологик инқирознинг олдини олиш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқишга қаратишдан иборатдир.
Дунёнинг қатор мамлакатларида 5 июнь – Бутунжаҳон атроф муҳит кунига бағишлаб турли хил тадбирлар, жумладан, “яшил” концертлар, кўрик-танловлар, боғлар яратиш, шунингдек, атроф-муҳитни тозалашга қаратилган турли экологик акциялар ўтказилади.
Инсоният ХХI асрга келиб ғоят мураккаб муаммолар қаршисида турганлигини тушуниб етди. Жаҳон миқёсида юз берган жараёнлар таҳлили шуни кўрсатдики, иқлим ўзгариши, озон қатламининг емирилиши, чўлланиш ва ернинг деградацияси, биохилма-хилликларнинг қисқариши, ичимлик сувининг ифлосланиши ва етишмаслиги, ўрмон ва тупроқ инқирози инсоният учун ниҳоятда долзарб глобал экологик муаммолардан бири бўлди.
Аҳоли сонининг ошиб бориши, саноат ва транспортнинг ривожланиши, фан-техниканинг тараққий этиши, инсоннинг биосферага кўрсатаётган таъсир доирасини кенгайтириб бормоқда. Бу эса ўз навбатида у ёки бу экологик муаммоларни келиб чиқишига сабаб бўлмоқда.
Бугунги кунда табиат билан жамият ўртасидаги муносабатларда мутаносиблик инсоният табиатдан фойдаланишда табиат қонунларига эмас, аксинча, шахсий манфаатларига асосланиб фаолият кўрсатиши оқибатида табиатдаги мувозанатнинг сезиларли даражада бузилгани, яъни, дунёнинг турли бурчакларида табиий офатлар: сув тошқинлари, зилзилалар, ўрмон ёнғинлари ва бошқа шу каби талофатларнинг рўй бераётгани ҳеч кимга сир эмас. Инсон табиий муҳитга таъсир этар экан, унинг ўзи ҳам “акс таъсир”га дуч келмоқда. Буларнинг барчаси эндиликда инсоннинг ўзига ва унинг соғлом табиий муҳитда яшашига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Табиат бойликларидан экологик омиллар ҳисобга олинмаган ҳолда фойдаланиш туфайли атроф-муҳитни ифлослантирувчи саноат ва маиший чиқиндиларнинг ҳажми кескин ортиб бораётгани инсоннинг табиатга кўрсатаётган салбий таъсирини кучайтирмоқда.
Иқлим географияси ўзгармоқда. Сўнгги 15 йил давомида ўртача ҳарорат энг юқори кўрсаткичга етди. Иқлимий ўзгаришларнинг таъсири қутбларда айниқса, яққол намоён бўлмоқда. Сув исиши жараёни тезлашиб бормоқда. Ер шари қутб қопқоғининг қалинлиги сўнгги 40 йилда 40% га камайган. Ўртача ҳарорат ошиб бориши натижасида ичимлик суви захираларининг 20 % ини ташкил этадиган Гренландия музликлари эриса сув сатҳи 7 метрга кўтарилади. Ҳарорат ошиши сабабли ХХ асрнинг ўзидаёқ сув сатҳи 20 см.га кўтарилган.
2018 йилда Ўзбекистон Республикаси Париж битимини (Париж, 2015 йил 12 декабрь) ратификация қилди ва уни амалга ошириш юзасидан миллий миқёсда белгиланадиган ҳисса бўйича — 2030 йилга қадар иссиқхона газларининг ялпи ички маҳсулот бирлигига нисбатан солиштирма ажратмаларини 2010 йилдаги даражадан 10 фоизга қисқартириш миқдорий мажбуриятини қабул қилди.
Париж битими мажбуриятларини бажариш доирасида иссиқхона газлари ажратмаларини қисқартириш бўйича ўрта муддатли устувор вазифалар мамлакатда иқтисодиётнинг энергия ва ресурс сарфи ҳажмини камайтириш, ишлаб чиқаришда энергия тежамкор технологияларни кенг жорий қилиш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш, Оролбўйида экологик танглик оқибатларини бартараф этишни назарда тутадиган қатор стратегик ва тармоқ режалари, дастурлари, шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар орқали амалга оширилмоқда.
Давлатимиз раҳбари томонидан 2019 йил 4 октябрда иқлим ўзгариши масалаларини миллий иқтисодиётнинг барқарор ривожланишига интеграция қилишга йўналтирилган 2019 — 2030 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасининг «яшил» иқтисодиётга ўтиш Стратегияси тасдиқланди.
Стратегиянинг асосий вазифалари қуйидагилардир:
-иқтисодиётнинг энергия самарадорлигини ошириш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш;
-давлат инвестицияларининг устувор йўналишлари ва харажатларига “ яшил” мезонларни киритиш;
-“яшил” иқтисодиёт тамойилларини тадбиқ этиш лойҳаларини давлат томонидан рағбатлантиришни таъминлаш;
-“яшил” иқтисодиёт учун кадрларни тайёрлаш;
-“яшил” иқтисодиёт соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ва бошқалардир.
Ўзбекистон Экологик партиясининг яқин муддатларда ва 2025 йилгача мўлжалланган “яшил” иқтисодиётга ўтиш бўйича вазифалар қуйидагилардан иборат.
— мамлакат энергия балансида қайта тикланувчи энергия манбалари улушини 10 фоизгача етказиш;
— атмосфера ҳавосини ифлосланиш даражасини 1,5 баробарга камайтириш;
— барча турдаги чиқиндилардан оқилона фойдаланишга эришиш, маиший чиқиндиларни қайта ишлаш ва такрорий фойдаланиш бўйича чора-тадбирларни қабул қилиш орқали уларни қайта ишлаш ҳажмини 40 фоизга етказиш, ҳосил бўлаётган саноат чиқиндиларини қайта ишлаш миқдорини 20 фоизгача етказиш;
— йирик саноат марказлари атрофида “яшил қалқонлар” барпо этиш;
— республика ҳудудининг ўрмон билан қопланганлик даражасини 7,6 фоиздан (3,4 млн. гектар) 15 фоизга (7 млн. гектар) етказиш.
Ўзбекистон Экологик партиясининг ушбу вазифалари мамлакатнинг “яшил” иқтисодиётга ўтиш Стратегияси билан ҳамоҳангдир.
Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, катта ресурс талаб этадиган, атроф муҳитга салбий таъсирни кучайтирадиган иқтисодиётнинг эскирган моделидан воз кечиш иқтисодий барқарорликка эришишда муҳим аҳамият касб этади. Яшил иқтисодиёт – бугунги кунда иқтисодиётнинг ривожланиши жараёнида табиий ресурсларни тежайдиган, аҳоли саломатлигини ҳимоя қиладиган ижтимоий йўналтирилган, атроф муҳитни муҳофаза қиладиган йўналишларга таянган ҳолда амалга оширилади.
Умуман олганда, “Яшил иқтисодиёт” учта назарияга таянади, яъни:
биринчидан, чекланган маконга таъсирни чексиз равишда кенгайтириб бўлмайди;
иккинчидан, тобора ортиб бораётган истеъмол талабини чекланган ресурслар шароитида қондириб бўлмайди;
учинчидан, ер юзидаги барча нарсалар ва ҳодисалар бир-бири билан боғлиқ.
Шу нуқтаи-назардан олиб қараганда “яшил иқтисодиёт”ни ривожлантириш бугунги куннинг кечиктириб бўлмас масалаларидан бири саналади.
Профессор Умида КАМИЛОВА, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати