Кавказ тоғларида — Ўзбекистон туркумидан. Тўқсон саккиз ёшли Маҳамади бобо Хўжабеков ўгити:  узоқ умр кўришнинг сири оила аҳиллигида

0
236
марта кўрилган.

Сирдарё вилоятининг Хавас туманидаги Абдулла Қаҳҳор кўчасида истиқомат қилаётган Маҳамади бобо Хўжабеков эл эъзозида, ҳукуматимиз ғамхўрлигида ҳаётидан мамнун бўлиб, нурли кунларга етганига шукрона билдириб  яшаётган инсонлардан бири. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Маҳамади бобо 1942 йили Белоруссия фронтида жангга кирганида ўн саккиз ёшида эди. 

Уруш тугаганидан кейин ҳам бир йил хизмат қилди. Ватанга қайтгандан кейин ҳам ҳарбий соҳадан узоқлашмади. Ҳарбий қисмларда, ички ишлар бошқармасида ишлаб, эл-юрт тинчлигини асрашда муносиб хизмат қилиб нафақага чиқди.

 Уруш даҳшатларини бошидан кечирган отахон тинчликни, соғлиқни, оилани қадрига етди. Турмуш ўртоғи саксон тўққиз ёшли  Сапаргул момо билан етмиш йилки умригузоронлик қилиб келишади.  Саккиз нафар фарзандни тарбиялаб вояга етказишди. Невара, чевара, эвараларини санашга қўрқади. Ҳар бирининг боши тошдан бўлсин. Ёмонлик кўришмасин дея алқайди.

 Айни кунда юз билан юзлашиб турган бўлса ҳам эл орасида юради. Ҳарбий қисмларга, маҳалла ва ўқув масканларига  кўпни кўрган инсон, аҳил оила етакчиси дея маърузаларга таклиф қилишади.

Отахоннинг ўгитларидан:

Аҳил,  намунали оила бўлиш учун аввало эркак киши фидойи бўлиши керак. Аёл кишининг оиласига жонфидолиги қонида бўлади.

Топганини кўчага сарфлаб, рўзғорнинг бор- йўқига қарамасдан, фақат ўзини ўйлаб кўчада ўртоқлари билан ичиб юраверса, аввало ўзининг соғлигини емиради, оиласидан осойишталик кетади.

Оиланинг сирини кўча чиқариш яхши эмас. Эр-хотин қўшқанот бўлиб, бир-бирига қайишиб яшаса, ўртадан меҳр-оқибат кўтарилмайди. Оилавий ҳарорат инсон умрини узайтиради.

Дарҳақиқат, отахон ўз ўгитларига амал қилиб намунали ҳаёт кечирган. Ароқ ичган эмас, сигарет, нос чеккан эмас. Фақат ишни, оилани, фарзандлар тарбиясини ўйлаган. Шунинг учун ҳам қарилик гаштини суриб, эъзоз- эътиборда яшаяпти.  Ҳар йили Тошкентдаги “Нуроний” санаторийсида  Сапаргул момо билан бирга дам олиб кетишади.

“Яқинда мамлакатимиз Президенти ўзлари шахсан йўқлаб беш миллион пул бердилар. Тилло соат совға қилдилар, мана уни  бу ерга ҳам тақиб келдим.  Қарилик нафақам бир миллион икки юз минг.  Байрамларда ёшлар уйимга йўқлаб, совға-саломлар олиб келишади. Уларни алқаб дуо қиламан. Ундан ортиқ менга нима керак! Ёшларга маслаҳатимизни бериб, узоқ умр кечириш сирларини ўргатиб, эл орасида эъзозда юрибмиз. Шунинг ўзи энг катта бахт. Эл эъзози, ҳукуматимизнинг эътибори бу Оллоҳнинг менга юборган нури деб тушинаман. Юрак-юракдан шукрона билдираман. Бу ерга мен билан бирга келган ўғлим Хўжабеков Рахмон ҳам пенсияда. У билан кўплаб одамлар орзу қиладиган Кисловодскдаги “Ўзбекистон” санаторийсида дам   олаётганимни катта бир қувонч билан қабул қилдим. Шу ерларга давлатимиз ҳисобидан келиб даволанаётганимиз ҳам Оллоҳнинг марҳамати. Юртбошимиз яратиб берган имтиёз ва имкониятлар самараси деб биламан. Санаторийнинг дастурхони тўкин, шифобахш сув ёнимизда, ҳамшираларнинг меҳрибонлиги, ҳамма ёқни озода, саранжом –саришта тутишлари  менга маъқул келди.

Шифо маскани директори Саидазиз Агзамхўжаев бизга алоҳида эътибор бериб, суҳбатлашди, талаб ва истакларимизни, фикр-мулоҳазаларимизни эшитди. Бизга ғамхўрлик қилаётган барча кишиларга ўз миннатдорчилигимни билдираман. Бу ҳақида,  қизим, албатта ёзинг” дейди отахон биз билан суҳбатда.

Маҳамади бобонинг сўзларини тинглаб ўтириб, халқимизнинг “қари билганни пари билмайди”, деган ҳикмати хаёлимдан ўтади. Қарилар борки, турмушимиз файзли, уларнинг дуолари билан замон яхши, эл омон!

Раъно Зарипова,

Ўзбекистон  Республикасида хизмат кўрсатган журналист

Мақола Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди кўмагида тайёрланди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.