“Маҳтумқули” романи орқали китобхонлар меҳрини қозонган таниқли драматург, шоир ва ёзувчи Қурбон Муҳаммадризо X-XI асарларда яшаган буюк аллома Абу Райхон Беруний ҳақида “Омонат туҳфа” ва “Синов саҳнаси” романларини нашрдан чиқарган эди. Ушбу асарларнинг ҳар бири 1000 нусхада “Ноширлик ёғдуси” нашриётида чоп қилиниб, китобхонлар томонидан илиқ кутиб олинди. Хоразм вилоятнинг ўқув муасссаларида, маҳалла ва кутубхоналарда китобнинг тантанали равишда тақдимотлари ўтказилди.
Яқинда мазкур китобларнинг тақдимоти Қорақалпоғистон Республикасининг Беруний шаҳрида ҳам бўлиб ўтди.
Асарда туғилиб ўсган юртга чексиз садоқат, инсонпарварлик ва меҳр- оқибат, юксак муҳаббат туйғулари, ватанпарварлик, тинчлик-тотувлик, шукуроналик ғоялари асарларнинг туб моҳиятини ташкил қилади.
Тадбирда тарихий романлар ҳақида ўз таассуротларини билдирган Ўзбекистон Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими раиси, академик Н.Айимбетов, Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Я.Қўчқоров, Ёзувчилар уюшмаси аъзолари Қ.Шониёзов, Ў. Нуруллаева, китобхон Д.Сейитниёзовалар китобхонликни аҳоли, айниқса ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилиш, мутолаа маданиятини янада юксалтириш масалаларига ҳам алоҳида тўхталишди.
Тақдимот сўнгида романлар муаллифи, устоз Қуронбой Муҳаммадризо сўзга чиқиб, асар ёзилиши тарихи, мақсад ва ғоялари ҳақида атрофлича гапириб берди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси ўринбосари О.Ҳамроев, Беруний тумани ҳокими О.Сафарбоев, Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи Қорақалпоғистон бўлими раҳбари А.Даниёров қатнашдилар.
Г.Палванова, Хоразм вилояти