Хоразм вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Ҳурмат Абдукаримов Урганч тумани Бекобод қишлоғи Заргарлар маҳалласидаги 20-сонли умумий ўрта таълим мактаб кутубхонасига “Қадрдон мактабимга китоб совға қиламан!” шиори остида китоблар совға қилди.
– Китоб инсоннинг энг яқин дўсти ва маслаҳатчиси ҳамда билим манбаидир. Уни ўқиган инсоннинг ақли чархланади ва маънавияти юксалиб боради. Китобга бўлган муҳаббат, уни қадрлаш ва севиб ўқиш болаликдан бошланади, – дейди Ҳурмат Абдукаримов.
– Мен катта бўлсам, Ҳурмат акамдек бўламан, –дейди ғурур билан 6-синф ўқувчиси Жамшидбек Раҳимов. – Бугун биз каби ёшларга барча шароитлар яратилганлигидан фойдаланиб янада кўпроқ китоб ўқишга киришаман ва халқимга нафим тегадиган солиқчи бўламан.
-Айни кунларда болаларни китоб мутолаасига қизиқтириш, уларнинг қўлларига кўпроқ китоб бериш каби ибратли ва хайрли юмушлар кенг кўламда амалга оширилмоқда, — дейди Урганч тумани 20-сон мактаб кутубхоначиси Қутлибика Қутлимуродова. Бундай хайрли тадбир давомида болаларда раҳбарларга бўлган ишонч, қолаверса китоб ўқисам, мен ҳам етук инсон бўламан деган фикр уйғонади.
Ромон АТАЖОНОВ