Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги масъул вакиллари Францияда хизмат сафарида бўлиб, улар ЮНЕСКО Бош директори Одри Азуле ва директор ўринбосари Моэз Чакчук билан учрашув ўтказдилар.
Учрашувда медиа соҳасида ҳамкорлик муносабатларини ўрнатиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Одри Азуле ЮНЕСКОнинг Халқаро универсал ахборот олиш кунига бағишланган конференциясини Ўзбекистонда ўтказиш бўйича Агентлик таклифини қўллаб-қувватлашга тайёрлигини маълум қилди ва Тошкент шаҳрини 2022 йилда «Жаҳон китоб пойтахти» деб эълон қилиниши борасидаги ташаббусга ижобий баҳо берди.
Мулоқотда халқаро лойиҳаларда ўзбек журналист ва блогерларининг иштироки, уларнинг тажрибасини ошириш масаласида ҳам суҳбатлашилди. ЮНЕСКО раҳбарияти Ўзбекистон билан барча йўналишда ҳамкорлик қилишга тайёр эканини билдирди.
Суҳбат чоғида Ўзбекистонда ОАВ соҳасини ривожлантириш, сўз эркинлигини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани, гендер тенглиги масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.
ЮНЕСКО раҳбари учрашув ҳақида «Твиттер»даги саҳифасида фикр билдирди. «Комил Алламжонов ва Саида Мирзиёева билан самарали учрашув. Бизнинг ташкилотимиз Ўзбекистондаги сўз ва медиа эркинлиги, маълумот олиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган тарихий ислоҳотларни қўллаб-қувватлайди», — деб ёзади Азуле.
ЮНЕСКО раҳбарлари Ўзбекистонда ташриф билан бўлиш истагини билдирди. Унга Франциянинг «Assouline Publishing» нашриёти билан ҳамкорликда тайёрланган Ўзбекистон ҳақидаги китоб-альбом совға қилинди.
Манбаа: АОКА