Академик Н.И.Вавилов ҳайратлари

0
167
марта кўрилган.

Россиянинг Санкт-Питербург шаҳрида бутун умрини илм-фанга бахшида қилган  Николай Иванович Вавиловнинг 130 йиллигига бағишланган конференция мазкур йилнинг ноябрь ойида  Бутун Россия ўсимликшунослик институтида (ВИР)  бўлиб ўтди. Олимнинг таваллудига бағишланган анжуманга дунёнинг 24 мамлакатидан генетик, селекционер, агротехник ва тарихчи вавиловшунос олимлар қатнашди.

Улар сафида мамлакатимиздаги Турон академиясининг академиги, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор Дилором Ёрматова ҳам қатнашиб, ўзбекистонликлар номидан сўзга чиқди. Олима Н.Вавиловнинг  ўз вақтида Ўзбекистонда олиб борган тадқиқотларига қизиқиб ўрганиб чиқди. Олимнинг “ Пять контенентов” номли китобини ўзбек тилига таржима қилди. 

 Қуйида Дилором Ёрматованинг олим фаолияти ва унга бағишлаб ўтказилган анжуман ҳақидаги мулоҳазаларини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

 

        Инсоннинг умрни жуда қизиқ. Кимдир ном-нишонсиз ўтиб кетади. Шундай инсонлар ҳам  борки, ҳаётида у ўзини эмас, юртини, одамларни уларнинг яхши турмуш кечиришини орзу қилиб яшайди, ҳар бир дақиқасини ишга яна ишга, илмий кашфиётларга бағишлайди. ХХ асрда яшаб ўтган, буюк инсон академик Николай Иванович Вавилов ана шундай игна билан қудуқ қазиган инсонлардан эди. Н.И.Вавилов ўта кучли қобилият эгаси бўлиб, 23 тилда сўзлашган ва 26 мамлакатнинг академиги бўлган.  Жаҳондаги 65 мамлакатнинг ўсимликлар оламини ўрганган ҳамда уларнинг маданий ва ёввойи турларини топиш учун пиёда кезиб чиққан ҳормас-толмас  инсон эди. Фидойи олим томонидан йиғилган 46555 та ўсимликларнинг ёввойи шаклларининг уруғлари  Ўсимликшунослик институтида сақланмоқда.

        Олимнинг таваллудига бағишланган мазкур йилнинг  ноябрь ойида бўлиб ўтган конференцияда ҳар куни учта залда йигирма бешдан ортиқ турли мавзудаги маърузалар тингланди. Олимлар бугун ХХI асрда ҳам Н.И.Вавилов олиб борган ишларнинг барҳаётлиги, ҳали олимнинг кашфиётлари тўлиқ ўрганилмаганлиги ҳақида сўзлашди.

        “Олимнинг олиб борган илмий ишлари шунчалик сон-саноқсиз эди-ки, унинг амалга оширган ишларини бир неча институт ходимлари бажара олмасди”,-дея таъкидлашди. 1929  йилда  Вавилов  собиқ СССР Фанлар   Академиясининг   академиги    этиб   сайланади .  1929 -1935 йилда   ВАСХНИЛ   президенти  вазифаси унга ишонилди. Собиқ СССРда генетикага оид барча кашфиётлар унга тегишли бўлгани учун 1930  йилда  биринчи марта ташкил этилган СССР Фанлар академияси   генетика   институтининг   директори   лавозими ҳам шу олимга топширилди. Олимнинг   ташаббуси    билан мамлакат бўйлаб,   бир  қатор    илмий    текшириш    муассасалари    ташкил   этилди. Вавилов агрономия, селекция, генетика  фанларининг  истеъдодли асосчиси ва  ташкилотчиси   эди. 1923 – 1940  йилларда Н.И.  Вавилов   ва  Бутун Иттифоқ ўсимликшунослик институтининг   тадқиқотчи илмий ходимлари жами  180  экспедицияда иштирок этишди. Институтнинг жаҳон коллекцияси 1940 йилда 250000 та намуна, шундан 66 минг буғдой намунаси, 10000- маккажўхори, 23000 минг озиқабоп ўсимликлар ва ҳоказодир. Ҳозир бу коллекциядаги уруғларнинг баҳоси йўқ, чунки Вавилов даврида териб олинган кўпгина ўсимликларнинг айримлари бугун дунё флорасидан мутлақо йўқолиб кетган.

       Ушбу коллекциядаги уруғлар ниҳоятда эҳтиётлик билан сақланади, чунки улар янги навлар яратишда оталик ёки оналик ўсимлик вазифасини бажариб келади. Фақатгина Россия селекционерлари эмас, дунё селекциясида янги навлар яратиш борасида қимматбаҳо материал бўлиб қолмоқда.

       Н.И.Вавилов 1926 -1927 йилларда катта экспедицияда бўлди. У Африка,  Ўрта  ер  денгизи   мамлакатлари ва Европа, Алжир, Тунис, Марокко, Египет, Сурия, Фаластин, Греция, Кипр ороллари ва Италия, Испания ва Португалия, Ўрта ер денгизидан Қизил денгизга, Сомали ва  Эфиопияга борди. Худди шу орада Мрказий Осиё республикаларида ҳам Н.И.Вавилов бир неча марта бўлди. Шу экспедиция туфайли Вавилов монографик тавсифга эга бўлган ҳамда генетиканинг асоси ётган гомологик қатор назарияси учун  катта материал тўплади.

Душманлари томонидан қилинган туҳматлар, чақувлар туфайли олимнинг чет элларга чиқиши тақиқланди, ишлардан олиб ташланди, кейинчалик эса 1940 йилнинг июнь ойида Украинага қилган сафарида буюк олим қамоққа олинади. Ана шу вақтда қилинган тинтувда олимнинг  қанчадан қанча қўлёзмалари йўқолиб кетди. НКВД ходимлари шафқатсизлик билан қўлёзмаларни олиб кетишган ва йўқ қилиб юборишган. Лекин Вавиловнинг котиба –стенографисти уруш йиллари ва эвакуация бўлишига қарамасдан асарнинг кўлёзмаларини   эҳтиёт қилиб асраб қолган. Бугунги кунда чоп этилган нашрлари ўша пайтда ярми сақланиб қолган асарлари асос бўлган.

Ўзбекистон ва Н.И.Вавилов

           Генетика фанининг асосчиси бўлган олимнинг ишлари бугунги кунда ҳам Ўзбекистонда катта аҳамиятга эгадир, чунки олим мамлакатимиз учун иқтисодий аҳамиятга эга бўлган оламшумул ишни бажариб кетган. Ўзбекистон жуда қадимдан пахта толаси етиштириб берувчи мамлакатлардан бири бўлиб келади. 1920 йилларгача Ўзбекистонда калта толали кам ҳосилли Африка ғўзаси экилган. Республикамизда 1925 йиллардан кейин Н.И.Вавиловнинг аралашуви билан ҳосилдорлиги юқори, ўрта толали Америка ғўзаси экила бошланди.

          Америкалик профессор Харланд билан ҳам 1925 йилда Тошкентда пахтачиликни ривожлантириш учун учрашувлар ўтказди. Олим ушбу учрашувдан сўнг пахта селекцияси ва уруғчилигини юксалтириш учун қатор тавсиялар берди. Олим дунё бўйлаб саёҳатида 6 мингдан ортиқ ғўзанинг турларини йиғиб келган эди. Қайси пахта экадиган мамлакатда бўлса энг яхши пахта навлари ва турларининг уруғларини ўзи билан олиб келар эди. Н.И.Вавилов ўзбекистон паҳтачилигининг ривожланишига ўз ҳиссасини қўшган йирик олимлардан бири ҳисоюбланади.                                                   

         Ўзбек деҳқони аввал цитрус ўсимликлар, картошка, помидор, маккажўхори, соя, смородина, малина ва яна қанча экинларни билмас эди. Олимнинг Бутун Иттифоқ бўйича 115 худудда олиб борган “Географик экишлар”идан сўнггина ўсимликларни биологик хусусиятларига қараб жойлаштириш бошланди. Ана шунда Ўзбекистонга биологик хусусиятларига кўра мос келган бир қатор янги экинларни мослаштириш масаласи кўриб чиқилди.

             Н.И.Вавилов ҳаёти ва ижодини ўрганганимизда олимнинг Ўзбекистон бўйлаб бир неча марта сафарда бўлганини ёзиб қолдирган, чунки Марказий Осиё деҳқончилиги уни жуда қизиқтирган. 1918 йил февралда  ўз сафарларида йиғиб келган уруғлардан  бир йилда икки марта ҳосил олиш учун Самарқанд вилоятидаги Каттақўрғон тумани ҳудудида жойлашган Зарафшон тажриба даласига буғдой уруғларини жўнатди. Ва унинг ҳосилдорлигини кузатиб, самарасини исботлаб асарлар ёзди. Бир йилда икки марта ҳосил олиш тажрибаларини кузатиб, хулосаларини қолдирган эди.

1918 йил ёз ойларида биринчи марта марта Қизил шалоладаги Туркистон тажриба қўрғонида бўлиб, бу ерда экилган кузги дон экинларининг зарарлантирилган лалми майдонлари билан танишди.

1933 йил олим Ўзбекистон пахтачилигини ўрганиш учун келган Америкалик олим С. Харланд шарафига берилган зиёфатда бўлиб мазмунли нутқ сўзлади ва пахтачиликда олиб бориладиган ишларни бир-бир белгилаб берди. Шу йили Ўзбекистондаги Пахтачилик тажриба қўрғонида бўлди. Ўзбекистонга буюк олим охирги марта 1937 йилда келиб Ўрта Осиё ўсимликларини ҳимоя қилиш институтида Г.Д.Угрюмов билан учрашди.

          Н.И.Вавилов доимо келажакни кўра олган олимлардан эди. Ҳалигача ҳеч ким экмаган субтропик ўсимлик зайтунни Марказий Осиё республикаларида ўша пайтдаёқ экиб кўпайтиришга эътибор берган. 1929 йилда Қримдаги Никитский номли Ботаника боғида етиштирилган зайтун кўчатларини  иқлими иссиқ бўлган ҳудудларга жўнатган.

Бу йил ёз ойида Сочидаги субтропик экинлар инсититутининг кутубхонасида бўлганимда жуда қизиқ маълумотларни ўқидим. Унга кўра бир қатор илмий текшириш институтлар билан бир қаторда Андижон ўрмон хўжалик тажриба қўрғонига 12 дона ва Самарқанддаги тажриба боққа 5 дона зайтун кўчатлари жўнатилган. Олимнинг шахсий топшириғига кўра 1933 йилда Сухумидан мамлакатнинг 53та тажриба қўрғонига зайтун кўчатлари жўнатилганлиги ҳақида маълумотларга дуч келдим.  Мана бугунги кунда Ўзбекистонда ҳам зайтун кўчатларини мослаштириш бўйича бир қатор ишлар олиб борилмоқда. Ушбу ишларнинг натижаси сифатида Туркманистон давлатида зайтун плантациялари ташкил қилинди ва зайтун саноатини юксалтириш асосида ишлар олиб борилмоқда.

1916 йилда биринчи марта олим Шимолий Эрон, Фарғона водийсида бўлади ва ясмиқ ва фиста ўсимликларининг ватани Ўзбекистон эканлигини аниқлаб берди.

Олимни қадимги Хоразм  деҳқончилиги жуда қизиқтириб келган, ҳамма томони саҳролар билан ўралган, аммо ўртада гўзал, ям-яшил ўсимликлар макони бўлган  воҳани ўрганишга ҳаракат қилган. 1923-1924 йилларда биринчи марта инженер агроном  Д.Д.Букинич билан биргаликда  Бухора ва Хоразмга борди. Иккинчи марта бир ўзи 1925 йилда Хива деҳқончилигини ўрганиб чиқди ва жуда қизиқарли маълумотларга эга бўлди. Хоразм воҳаси Вавиловдан олдин тарихчи археолог олим В.В.Бартольд томонидан ўрганилган эди. Олим Хоразмнинг эрамизгача бўлган  йиллардаги деҳқончилиги ҳақида В.В.Бартольд маълумотларини ўзининг изланишлари билан таққослади.             1925 йилда Хоразмда олиб борган  агроботаник тадқиқотларини тўрт йилдан сўнг чоп этди. Олган маълумотлари тўғрилигига ўзи ишонч ҳосил қилди. Олган маълумотларига кўра у пайтда Хоразмда асосан кузги  буғдой (Triticum uulgare Vill.) экилган, буғдойнинг баҳорги навлари деярли учрамаган. Ўша пайтда экилган кузги буғдойлар 8 турга мансуб бўлиб, кузги юмшоқ буғдой бўлиб, оддий халқ тилида “Бухор-буғдой” деб номланган.

Шолининг  (Oryza sativa L.) тури Хоразмда кенг тарқалган Урганч, Гурлан и Хазорасп туманларида катта майдонларда экиб келинган, Вавилов экспедициясига кўра шолининг 7 тури экилган. Олимнинг Хоразм деҳқончилиги ҳақидаги асарида Хоразм қовунларининг ширинлиги ва таъми ҳақида эрамизгача бўлган 11 асрда Хитойликлар маълумотлар қолдирган деб ёзади. Хива деҳқончилиги тарихини ўрганган олим, ундаги ўсимликлар тури Шарқий ва Жанубий Афғонистон ва Шарқий Ҳиндистон деҳқончилигига ўхшашлигини ёзиб қолдиради. Шунингдек, Хоразм деҳқончилигининг Амударё қуйилишида ёйилиб жойлашишини  Нил дарёсининг Мисрга қуйилишидаги ўзани билан тенглаштиради. Ҳар икки ўзанда бир хил ўсимликлар дунёси мавжудлигини таққослайди.

Илм аҳлига дунёда тенги йўқ бойлик қолдирган, келажакни олдинган кўра олган инсон қамоқда очликдан ва касалликдан 56 ёшида ўлиб кетади, орадан кўп йиллар ўтиб оқланади. Бугун унинг номига қанча илм даргоҳлари, кўчалар қўйилган, унинг ишларини минглаб шогирдлари асарларини ўқиб давом эттиришмоқда. Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини ривожлантиришда ҳам  буюк олимниниг изланишлари ҳамон асқатади ва ёш олимларимиз учун ҳам катта мактаб бўлиши табиий! Шунинг учун ҳам асарлари қайта – қайта чоп этилиб ўрганилмоқда.

Д.Ёрматова,

 Ўзбекистон Давлат жаҳон

тиллари университети профессори

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.