Акмал Саидов Парламентлараро Иттифоқнинг вице-президенти бўлди

0
165
марта кўрилган.

 Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, академик Акмал Саидов 2020 йил 30 январь куни Парламентлараро Иттифоқ (ПИ)нинг вице-президенти лавозимига тайинланди. Бу мамлакатимиз парламенти ҳаётида муҳим воқелик бўлди.

Парламентлараро Иттифоқ (ПИ) — дунё мамлакатлари парламентларини сиёсий жиҳатдан бирлаштириб турувчи, жаҳондаги энг узоқ йиллик тарихга эга халқаро уюшма  бўлиб, у 1889 йилда ташкил топган.

Бугунги кунда у парламентларнинг энг йирик уюшмаси сифатида БМТ билан яқин ҳамкорлик қилади ва унинг мақсад-вазифаларини қўллаб-қувватлаб келади. Парламентлараро Иттифоққа БМТнинг Бош Ассамблеяси қошидаги кузатувчи-ташкилот мақоми берилган.  Аъзо мамлакатларнинг сони 178 тани ташкил этади.

 Парламентлараро Иттифоқ парламент мулоқоти ва ҳамкорлиги асосида тинчликни, демократияни ва барқарор ривожланишни мустаҳкамлаш учун кўмаклашишга интилаётганини инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси 2017 йил 13 октябрдан эътиборан глобал парламентлар ҳамжамиятида Парламентлараро Иттифоқнинг тенг ҳуқуқли ва тўлақонли аъзоси сифатида ўз иштирокини тиклаш тўғрисида қарор қабул қилди.

2019 йил октябрида тарихда илк бор Ўзбекистондан тажрибали депутат ва дипломат, етук олим, академик Акмал Саидов номзоди Парламентлараро Иттифоқнинг асосий органларидан бири — Ижроия қўмита аъзоси этиб сайланганди.

Ўшанда ушбу янгилик жамоатчилик томонидан Ўзбекистонда парламентаризмни ривожлантириш йўлида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг халқаро эътирофи сифатида юксак баҳоланган эди.

Ўзбекистон вакилининг халқаро ташкилотда фаолият  юритиши катта  воқелик бўлиб, юртимиз тарихида муҳим ўрин тутади. 

 

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.