Ал Хоразмий авлодларимиз

0
348
марта кўрилган.

  Ўтган 2017 йил университетимиз ҳаётида унутилмас ва  қувончли  йил бўлди.  Мамлакат  Президентии   2017 йил 15 мартдаги  қарори билан Тошкент ахборот технологиялари университетига Муҳаммад Ал Хоразмий номи берилди.  Таълим даргоҳимизда улуғ аллома номини абадийлаштириш ҳамда унинг буюк ва бебаҳо меросини чуқур ўрганиш билан боғлиқ қатор тадбирлар амалга оширилмоқда.

 Мен ушбу даргоҳга ўқишга киришни жуда орзу қилган эдим. Бу ерда тажрибали устозлар, профессор-ўқитувчилар таълим беришаётгани ҳамиша эътиборимни тортар эди. Таълим  муассасамизда  истеъдодли талабалар жуда кўп,  тенгдошларимиз билан фахрланамиз.  2017-2018 ўқув йилида филиалнинг 4 босқич талабаси Дониёр Хўжамов  Муҳаммад Ал Хоразмий номидаги стипендияга сазовор бўлди.  2017 йилнинг 17-21 ноябрь кунлари Россия Федерациясининг Новосибирск шаҳрида бўлиб ўтган Дастурлаш бўйича очиқ чемпионатда  Ўзбекистонимиз нуфузини ҳимоя қилган олий ўқув юртимиз истеъдодли талабалари- Муҳаммад Ал Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети Урганч филиалининг “TUIT Uugench Branch” жамоаси  муносиб  ўринни олишди.

Филиалимизда ўтган 2005-2017 йиллар мобайнида 6 нафар талаба  Беруний номидаги Давлат стипендиясини  қўлга киритган.  2006 йилда Беруний номидаги Давлат стипендиясига Отабек Хўжаев, 2008 йилда Шахноза Матчанова, 2010 йилда Муҳаббат Раҳманова,  2011 йилда Акбар Хаджаев,  2013 йилда Қувандиқ Отажанов, 2016 йилда Йўлдош Султоновлар сазовор бўлишган. Ўзбекистон радиотехника, электроника ва алоқа илмий-техник жамияти стипендиясига, Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг стипендиясига 10 дан ортиқ талабалар сазовор бўлганлар.

Олийгоҳимиз талабалари  бир қатор олимпиада ва танловларда қатнашиб, фахрли ўринларни эгаллаб келишмоқда. Жумладан, 2010-2017 йилларда Темур Юсупов, Озод Юсупов, Темур Саъдуллаев, Қувондиқ Отажонов, Темур Қутлибоев, Жонибек Хожибоев, Йўлдош Султонов, Қудрат Ибодуллаев каби ёшлар  республика фан олимпиадаларида фахрли ўринларни эгаллашган. Сарвар Оллақулиев Олий Мажлис Сенати томонидан ташкил этилган “Парламентаризм билимдони — 2013” танловида ғолибликни қўлга киритган.

Ҳар йили ўтказилаётган Дастурлаш бўйича жаҳон чемпионатининг  чорак ва ярим финалларида  филиал талабалари муносиб қатнашиб келмоқдалар. Шунингдек, вилоят миқёсида ўтказиладиган кўрик танловларда ҳам талабалар фахрли ўринларни олиб келмоқдалар   Филиал талабаси Сарвар Аҳмедов 2013 йилда “Software” дастурлаш халқаро олипиадасининг мутлақ ғолиби бўлиб, ташкилотнинг стипендианти бўлган. Филиал талабалари 2014-2015 йилларда “Юрт келажаги” иқтидорли ёшлар Республика танловининг “Дастурий таъминот” номинациясида ғолиб бўлишган.

Ютуқлар ўзи-ўзидан қўлга киритилмайди, албатта. Бу муваффақиятлар ортида филиалимиз профеесор- ўқитувчиларининг катта меҳнатлари ётибди. Чунки, ўз тажрибасини ёшлардан аямаётган ва бутун куч- ғайратини  биз  билан баҳам кўраётган устозларимиз билан қанчалар фахрлансак арзийди. Профессор-ўқитувчи Пирнафас Юсупов,  физика-математика фанлари номзоди, доцент Қудрат Мамедов, Дилмурод Саидов, Шавкат Исмоилов, Ирода Ҳажиева каби устозларимиз фанлардан пухта сабоқ бермоқдалар.   

Гуруҳимиз раҳбари, табиий фанлар кафедраси катта ўқитувчиси Комилжон Бобожонов дарс жараёнларини ноанъанавий услубда ўтказиб, физика фанига бўлган қизиқишимизни янада оширмоқда. Энг муҳими, талабаларнинг мустақил билимини самарали ташкил қилиш мақсадида виртуал таълим яхши йўлга қўйган. Дарсларимиз аудио, видео, анимацияларга бой, мультимедия материаллари ёрдамида ўтмоқда. Булар эса  фанга бўлган қизиқишимизни янада оширяпти. Виртуал таълим тизимига уланиб, фан бўйича маъруза матни, амалий машқлар ва айниқса лаборатория машғулотлари учун замонавий технологиялардан  фойдаланишимиз ушбу фанни янада чуқурроқ ўрганиш имкониятини яратмоқда. Шунингдек,  саволлар ва тестлар орқали ўзимизнинг билимимизни баҳолаш, мониторинг қилиш имкониятига ҳам эгамиз.

Мана бугунги кунда мамлакатимизнинг олий таълим даргоҳларида таҳсил олаётган юзлаган ёшлар хорижда ўқиб-ўрганиб, эл корига ярайдиган мутахассис  бўлиб қайтмоқдалар. Корея, Германияда ўқиган  тенгдошларимиз жуда кўп. Танлаган соҳамни янада мукаммал ўзлаштириш, эртага тажрибали соҳа ходими бўлиш мақсадим бор. Ҳозир инглиз тилини  мустақил ўрганяпман. Корея давлатида ўқишни ният қилдим. Бунинг учун янада кўпроқ ўз устимда ишлашим, фан сабоқларини  пухта эгаллашим зарур. Бунда менга тажрибали устозим Комилжон Бобожонов яқиндан ёрдам бермоқда.

 Олийгоҳимизда биз ёшларнинг ҳар томонлама етук мутахасис бўлиб етишишимиз учун барча шароитлар мавжуд. “Компьютер инжиниринг”, “Дастурий инжиниринг”, “Телекоммуникация технологиялари” ва “АКТ соҳасида касб таълими” ва “Ахборот хавфсизлиги” (соҳалар бўйича) каби 5 та таълим йўналишлари ҳамда “Компьютер инжиниринг” каби 1 та магистратура мутахассисликлари бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилган.

2013 йил ТАТУ Урганч филиалининг янги биноси жаҳон талаблари асосида жиҳозланиб фойданишга топширилган эди. Ҳозир  ўқув аудиториялари сони 30 тага, 750 нафар талабага мўлжалланган лаборатория хоналари  5 тага, лингофон синфлари 1 тага, компьютер синфлари сони 7 тага ва ахборот-русурс марказидаги умумий китоблар фонди 16020  тага етган. Бугунги кунда филиалда жами 792 нафар бакалавр ва 5 нафар магистрлар таҳсил олишмоқда. Уларга 58 нафар профессор-ўқитувчилар таълим- тарбия беришяпти.

 160 ўринга мўлжалланган талабалар турар жойида ёшлар яшаши  ва таълим олишлари учун барча шарт-шароитлар яратилган. Ётоқхонада турли маънавий-маърифий тадбирлар, савол-жавоб кечалари тез-тез ўтказилади. Бу тадбирлар талабалар ўртасида ўзаро аҳиллик, ҳамкорлик дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлашга  ёрдам бермоқда.

Яқинда филиалимизда Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти ташаббуси билан “Энг фаол ва тезкор дастурчи” кўрик-танлови ўтказилди. Ушбу беллашувда биринчи босқич талабалари ўзаро куч синашдилар. Дастурий инжиниринг йўналиши  талабаси Алишер Раззоқбердиев ғолибликни қўлга киритди. Иккинчи ўрин дастурий инжиринг йўналиши  талабаси Шоҳруҳ Саъдуллаевга, учинчи ўрин эса компьютер инжиниринг йўналиши талабаси Абдулла Абдуллаевга насиб қилди.

Буюк ва беназир олим,  фан оламида машҳур  аллома Ал Хоразмий меросини давом эттириш ва муносиб яшаш  учун астойдил ҳаракат қилаётган тенгқурларимиз меҳнатлари эртага ўз натижаси ва самарасини кўрсатишига ишонаман.

Гулёр Палванова, Ал Хоразмий номидаги ТАТУ Урганч филиали 1 босқич талабаси

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.