Америка кинокомпанияси «Arnold Classic-2018» турнирининг мутлоқ чемпиони Михаил Волинкин ҳақида фильм суратга олмоқда

0
57
марта кўрилган.

Дунёнинг энг машҳур ва таниқли бодибилдингчилари ҳақида ҳужжатли фильмлар суратга олишга ихтисослашган американинг «IRON GENERATION» кинокомпанияси вакиллари Миллий олимпия қўмитасида меҳмон бўлишди. Уларни Қўмита Бош котиби Жасур Матчанов кутиб олди.

Меҳмонлар билан мулоқот қилар экан, Жасур Матчанов бугунги кунда Миллий олимпия қўмитаси нафақат олимпия спорт турлари, балки бодибилдингни ҳам ривожлантириш учун Ўзбекистон бодибилдинг, фитнес ва масс-рестлинг федерацияси билан ҳамкорликда иш олиб борилаётганини, уларни қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигини маълум қилди.

Учрашув давомида АҚШ кинокомпаниясининг бош режиссиёри В.Юдин спортимизда олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида гапириб ўтди.

«Биз Ўзбекистонда спорт жадал суратларда ривожланаётганидан хабардормиз. Раҳбарият спорт соҳасини тубдан ислоҳ қилмоқда. Бу борада биз сизларга фақат ва фақат омад тилаб қоламиз. Ишонамизки, бундай режа ва мақсадлар орқали жаҳон ареналарида катта муваффақиятларга эриша оласизлар. Ўз навбатида, кўрсатилган амалий ёрдам ва илиқ қабул учун сизларга миннатдорчилик билдириб ўтмоқчимиз», – деди Юдин.

МОҚ Бош котиби учрашув якунида меҳмонларга миллий урф-одатларимизга кўра ўзбекона чўпонлар кийдирди. Ушбу кутилмаган совға меҳмонларга жуда манзур келди.

Сўнгра МОҚ биносида бодибилдингчи Михаил Волинкин ҳақидаги фильм учун суратга олиш ишлари ташкил қилинди.

Маълумот учун, “IRON GENERATION” – дунё бўйича таниқли бодибилдингчилар ҳақида ҳужжатли фильмлар суратга олувчи машҳур кинокомпания ҳисобланади. Улар ишлаган фильмлар NETFLIX орқали намойиш этилади. Умид қиламизки, яқин вақтлар ичида ўзбекистонлик спортчининг фаолиятига бағишланган ушбу ҳужжатли фильм дунё юзини кўради.

Суратга олиш гуруҳи 22 апрель куни пойтахтимизда бошланадиган бодибилдинг ва фитнесс бўйича Марказий Осиё чемпионати – “2018 IFBB Pro League — WBPF — UzFBF” мусобақасига ҳам ташриф буюради. Ушбу турнир «Arnold Classic Amateur» ва «Mr. Olympia Amateur» IFBB Pro League турнирлари учун саралаш босқичи вазифасини ҳам бажаради.

Эслатиб ўтамиз, ҳамюртимиз Михаил Волинкин шу йил Колумбусда ўтказилган анъанавий «Arnold Classic» мусобақасининг ҳаваскорлар ўртасидаги баҳсларида мутлоқ чемпионликни қўлга киритганди.

Маълумот ўрнида, «Arnold Classic Amateur» мусобақасига 1988 йилда таниқли спортчи, киноактёр Анрольд Шварцнеггер томонидан асос солинган. У ҳар йили баҳорда, Огайо штатининг Колумбу шаҳрида ўтказилади. Ушбу турнирнинг бодибилдингчилар орасида обрўси баланд бўлиб, унинг нуфузи «Mr. Olympia Amateur» чемпионати билан тенглаштирилади. Михаил Волинкин ушбу мусобақада ғолибликни қўлга киритган илк Марказий Осиёлик спортчига айланди. Мазкур ғолиблик, ҳамюртимизга бодибилдингнинг профессионал-картасини тақдим этди. Энди у профессионаллар ўртасида ўтказиладиган мусобақаларда иштирок этиши мумкин.

Ўз вақтида Волинкин ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионати (Мумбай, 2015), Марказий Осиё чемпионати (Олма-Ота, 2016), Ўзбекистон чемпионати ва ҳаваскорлар ўртасида ўтказилган жаҳон чемпионатларида ғолиб бўлган.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.