Андижонда очилган Шарда университетида Англия, Америка, Ҳиндистон мутахассислари дарс беради

0
567
марта кўрилган.

 Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Андижонда очилган Шарда (Ҳиндистон) университети Администрацияси раҳбари Амал Кумар иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Журналистлар билан мулоқот давомида Шарда университетининг қабул ва имтиҳон тартиби, таълим йўналишлари, таълим бериш шакли каби муҳим саволлар, “Ўзбекистонда Шарда университетини ташкил этиш тўғрисида”ги Президент қарори ижросига доир масалалар муҳокама қилинди.

“Sharda Educational Trust” таълим трасти Ҳиндистондаги энг нуфузли ва энг катта таълим муассаси ҳисобланиб, дунёдаги етакчи мамлакатлар олий ўқув юртлари билан ҳамкорлик қилади, — деди жаноб Амал Кумар. — Президент Шавкат Мирзиёвнинг ўтган йили Ҳиндистонга ташрифи чоғида таълим трастининг Ўзбекистонда филиалини очиш бўйича таклифларини бажонидил қабул қилдик. Чунки биз МДҲ давлатларида ҳам филиалимизни ташкил этишни мўлжаллаб юрган эдик ва бу мақсадимизни биринчи бўлиб Ўзбекистонда амалга оширганимиздан бағоятда хурсандмиз”.

Маълум қилинишича, Ҳиндистонда “Sharda Educational Trust”нинг 175 та йўналиши мавжуд.

— Андижонда фақат учта соҳа: IT, Муҳандислик ва Бизнес йўналишлари бўйича филиал очилди, — деди Амал Кумар. — Бу йил 400 нафар талаба қабул қилишни мўлжаллаганмиз. Абитуриентлар IELTS тест синовидан имтиҳон топширади. 5 баллдан юқори натижа қайд этганлар грант асосида ўқишлари мумкин. Шунингдек, инглиз тилини мукаммал билмаган абитуриентлар учун ҳам ўзбек тилида физика, математика ва кимё фанларидан тест имтиҳонлари топшириб, грант асосида талаба бўлиш имкони мавжуд. Имтиҳонларимизнинг 2-бочқичи 22 август куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтади.

Университетга бу йил фақатгина бакалавр йўналишида талабаларни қабул қилиниши қайд этилди. Ҳиндистонлик вакилнинг сўзларига кўра, яқин йиллар ичида магистратура таълим йўналиши ҳам йўлга қўйилади. Университет талабаларига дарс беришда Ҳиндистон, Англия ва Америкадаги етакчи мутахассислар ҳамда ўзбекистонлик педагог кадрлар жалб қилинади. Муассасада ўқиш Ўзбекистондаги каби 2 семестрда, сентярь ойидан июнь ойига қадар давом этади.

“Шарда таълим трастининг йўналишлари жуда кўп, — деди жаноб Амал Кумар. — Жумладан, тиббиёт соҳасида ҳам таълим йўналиши ва госпитали мавжуд бўлиб, Тошкент шаҳрида унинг филиали ва госпиталини ташкил этишни режалаштирганмиз. Талабалар назария билан амалиётни бир вақтнинг ўзида олиб боришади”.

Тадбирда Шарда университетининг стратегик ривожланиш ва лойиҳаларни бошқариш бўлими бошлиғи Элан Рози, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Фарҳод Бобоев ҳамда бошқа масъул вакиллар иштирок этди. 

Манбаа: АОКА — Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.