Президент Шавкат Мирзиёев Наманган шаҳридаги “Art Soft Tex Group” корхонасига ташриф буюрди.
Бу ерда турли бичим ва рангдаги сочиқлар, халат, чойшаб ва бошқа маҳсулотлар тайёрланмоқда. Улар ички бозорга, шунингдек, Россия, Украина, Болгария, Молдова ва қўшни давлатларга етказиб берилмоқда. Ўтган йили 290 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, 9,4 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулот экспорт қилинган. Жорий йилда экспорт ҳажмини ошириш режалаштирилган.
Наманган шаҳри, Риштон ва Янгиқўрғон туманларида корхонанинг бир нечта цехлари бор. Уларда 2 мингдан зиёд киши меҳнат қилади. Яқинда тайёр тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш комплекси ишга туширилиши билан яна мингга яқин иш ўрни яратилди.
“Art Soft Tex Group” фаолиятини кенгайтириб, кластер усулида ишлашга ўтмоқда. Корхона учун Мингбулоқ ва Поп туманларидан ер ажратилган, қишлоқ хўжалиги техникалари сотиб олинган.
Давлатимиз раҳбари корхонанинг келгуси режалари билан қизиқди. Корхона таркибида пахта тозалаш, уруғ етиштириш, дон маҳсулотларини қайта ишлаш корхоналари, иссиқхона ташкил этилиши, чорва боқиш, ем ишлаб чиқариш йўлга қўйилишини маъқуллади.
Шу ернинг ўзида вилоятда паррандачилик, балиқчилик, чорвачилик, асаларичилик, қуёнчилик, интенсив боғдорчиликни ривожлантириш, ирригация ва мелиоратив тадбирларни амалга ошириш, ер ва кадастр тизимида инновацион ишланмаларни қўллашга қаратилган лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.
Президентимиз лойиҳаларнинг иқтисодий самарадорлигини ошириш, уларни тезроқ ишга тушириб, аҳолини иш билан таъминлаш зарурлигини таъкидлади.