Арт терапевтик таъсирлардан бири: эртак терапияси

0
711
марта кўрилган.

Сўнгги йилларда фанга кириб келган ва жадал ривожланиб бораётган эртак терапия технологияси ўз ўрнида болалар билан ишлашнинг инновацион усули бўлиб, бола психологиясидаги мавжуд муаммоларни эртаклар ёрдамида мулойим тарзда ва уни ортикча қийналмай бартараф этишнинг энг таъсирчан услубидир.

Ушбу йўналишда ҳозирги замон болалари ҳам эртаклар ёрдамида дунёни билиш ва ҳаёт сабоқларини ўрганиш имкониятига эга бўладилар. Жаҳоннинг кўзга кўринган психологларининг таъкидлашича, эртак-терапиясига саломатликни асраш, жумладан, қўрқувни енгиш, руҳиятдаги салбий ҳис-туйғуларни бартараф этиш технологияси деб қараш мақсадга мувофиқдир.

 Австралиялик таниқли психолог олим Д. Берттнинг қайд этишича, “Бола-кичкина инсонгина эмас, алоҳида шахс хамдир. У сеҳрли ҳикоя ва эртаклар ёрдамида ўз орзу умидларининг аксини кўради. Руҳиятдаги қўрқув ҳисси йўколиб, муаммоларини ечишга ижобий қаҳрамонлардан ўрнак олишга интилади. Колаверса, эртак ва ҳикоялар мурғак қалбларда дадиллик ва ўз кучига ишонч ҳиссини уйғотади. Бу эса бола психологиясининг барқарор шаклланишида фавқулодда муҳимдир. Ўзига бўлган ишончини йўкотган бола муаммолар билан курашмай кўяди ва ҳеч қачон муваффакиятга эриша олмайди.

Бола эртак оркали яхшилик ва ёмонлик, эзгулик ва ёвузликни бир-биридан фарқлашни ўрганади. Энг муҳими, улар қалбида қўрқув ҳиссини енгиш, ғов ва қийинчиликдан ҳадикмаслик туйғулари шаклланади.

 Эртак қаҳрамонларининг энг мушкул ва хатарли вазиятларда ҳам ғовларни сабот билан енгиб ўтишдан ўрнак ола билган бола маънан ва руҳан кучли бўлиб вояга етади. Мураккаб вазиятга дуч келганда, тушкунликка тушмайди. Муаммолар, шубхасиз, ортда колиб, албатта, бахтли кунлар келишига ишонади. Эртаклардан олинган хайрли ўгитлар боланинг ҳаётига муҳрланиб, улар улғайгандан кейин хам ниҳоятда асткотади.

Сиз сеҳрли ва мафтункор эртаклардан олган таассуротларингизни эслай оласизми? Эртаклар ёрдамида ҳад-ҳудудсиз хаёлот оламини кезиб чиққанмисиз? Зукколар ўйлаб топган фантастик вокеалар, тўкима лавҳалар, сеҳрли буюмлар, ғайритабиий ҳодисалар, жумладан, ёвузликнинг, қораланиши, эзгуликнинг қадрланиши, кабилар ҳаётингиз давомида сизга йўлдош бўлган, ўз таъсирини кўрсатганми? Эртакдаги довюрак қаҳрамоннинг руҳий кечинмаларини ўзингизда ўтказиб, у билан бирга машаққат ва азобларни матонат ила енгиб ўтганингиз, сиз севган қаҳрамонарнинг ютуқ ва ғалабаларидан қувонганингиз ҳам эсингиздами? Болалик чоғларида Алпомиш, Фарход, Тохир каби баҳодирлар сингари қўрқмас, жасур бўлишни истамаган, “Алвон елканлар” фантастик қиссасидаги Ассол каби бахтли қиз бўлишни ёки сеҳргарларнинг сеҳрли таёкчасини орзу килмаган ўғил-қиз бўлмаса керак.

 Болалигимизда эртак қаҳрамонлари билан бирга яхшилик ва ёмонлик, саҳийлик ва хасислик, мардлик ва кўрқоқлик, рахмдиллик ва бағритошлик, вафо ва хоинликни бир-биридан фарқлашни ўрганамиз. Айнан мана шу ҳикоялар ўй-хаёлларимизни, психологик дунёкарашимизни шакллантириб, орзу килишга ўргатган ва беихтиёр ўзимизни эртак қаҳрамони ўрнига кўйиб, у билан бирга ҳаёт ҳақиқатини англаш ва энг мушкул ҳолатлардан ҳам шараф билан чиқиб кетиш чораларини топишга ёрдам бериб келган.

Маълумки, ҳар кандай эртакда қуйидаги элементлар бўлади: қаҳрамон ва қаҳрамонлар, сюжет, конфликт ва ечим. Аммо бола ўзини эртакдаги қаҳрамонлар билан қиёслай олса, вокеаларни ўз ҳаётидаги вокеаларга ўхшатса ва улардан оз бўлса ҳам кандайдир ўрнак олса ва энг муҳими, унинг бош мақсадини тушунсагина эртак терапевтик таъсирга эга бўлиши мумкин. Ўшандагина бола эртак қаҳрамонларига тақлид кила бошлайди, ҳамда яхшилик ва ёмонликнинг фарқига боради. Ўзига нисбатан ишончи кучли бўлган бола доим комиллик сари интилиб яшайди. Хусусан, “Зумрад ва Қиммат”, “Пиноккио”, “Сехрли шамчирок”, “Маугли”, “Оппоғой ва етти гном”, “Қор маликаси” каби юзлаб эртакларда шундай ғоялар мужассам. Сўнгги пайтларда таниқли ва ўз амалиётида илғор услубларни фаол кўллайдиган психологлар болалар руҳиятидаги муаммоларни муалажа килишда мажозий эртаклар ёрдамида терапияни кўллашяпти. Мажозий эртакларда ҳайвонлар дунёси шартли бўлиб, аслида, Инсонларнинг турли образ ва ҳолатлардаги ҳатти-харакатлари баён этилади.

 Гоҳида бу хилдаги эртаклар халк оғзаки ижоди намуналари ёқи муаллиф томонидан яратилган машҳур эртакларни эслатса, гоҳида уларнинг ҳеч кандай бадиий киймати йўкдай кўринади. Бундай эртаклар психотерапия жараёни билан таниш бўлмаган инсонга тушунарсиз ва мазмуни саёздек бўлиб туюлади. Аммо айнан шу эртаклар бадиий киммати, ўзига хослиги хамда мазмунидан катъий назар, терапевтик хусусиятга эга бўлиб, боланинг ички дунёсини ижобий шакллантириш, унинг учун тамомила номаълум бўлган нарсани тушунтириш ва психологиясини соғломлаштириш, хотиржамлиги ва руҳий барқарорлигига ижобий таъсир кўрсатишга йўналтирилган бўлади.

Эртак терапияси  воситасида даволаш орзу ва хаёлат туйғуси кучли бўлганларга тўғри келади. Руҳий яширин ҳолатларни, қарама-қарши вазиятларни ва ички ўзгаришларни тушинишда ижобий қўлланилади. Бу даволаш усули, айниқса, ёш болаларда ижобий таъсир кучига эга бўлиб, болалар эртакни тинглаш ёхуд ўзи эртак айтиб, ўзи ҳам сюжетларни тўқиб, эртаклардаги каби ҳикоя қилишига замин яратади. Эртак терапияси сюжетни мустақил яратиш давомида болаларнинг ички дунёсини бойитади, ўзини орзу ва хаёлоти, ҳис-ҳажонини англаши, қийин вазиятлардан чиқиб кетишни ўрганади.

Шоҳиста  Самарова, Чирчиқ давлат педагогика университети  Психология кафедраси мудири

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.