Арт терапияси ва унинг мазмун-моҳияти нимадан иборат?

0
481
марта кўрилган.

Сўнгги йилларда фанга кириб келган ва жадал ривожланиб бораётган “Арт терапияси” соҳаси санъатнинг  таъсирига асосланган тушунчадир.

Арт терапияси — “Арт даволаш” маъносида самарали ва фойдали соҳадир, шунинг учун у ёшидан қатъий назар, руҳий қўллаб-қувватланишга эҳтиёжли инсонлар билан ишлашда кенг қўлланилмоқда. Арт терапиясида деярли ҳеч қандай чекловлар йўқ, бироқ бу ҳақиқатан ҳам яхши натижаларга эришиш имконини беради.

Болада вужудга келадиган  психик ҳолатларнинг олдини олиш, даволашда ҳозирги даврда кенг ривожланиб бораётган соҳа – “Арт терапияси” усули самарали натижа бермоқда.  Арт терапияси тушунчаси мазмун-моҳияти билан санъат орқали инсонни даволашни англатади. Арт терапияси атамаси инглизча art – санъат, маҳорат ва санъат терапияси маъносини беради. Бу тушунча мазмунида санъат орқали инсон руҳиятини  юксалтириш, қалбига осойишталик сингдириш мақсади ётади. Арт терапияси бугунги кунда турли хил психологик муаммоларни ҳал қилишда жуда машҳур усулга айланган. Арт терапияси – ҳар қандай санъат (расм, рангтасвир, ҳайкалтарошлик, мусиқа, рақс ва бошқалар) орқали инсон руҳиятини даволаш бўлиб ҳисобланади.

Психологик ёрдам усули сифатида “Арт терапияси” анча узоқ даврдан буён мавжуд. Маълумки, қадимги Хитойда асаб касалликларини даволаш учун иероглифларни чизиш одати амалга оширилган.

“Арт терапияси” тушунчасини фанга биринчи бўлиб, XIX асрнинг 30-йилларида рассом Адреан Хилл киритган. У ўз иш фаолиятида, яъни сил касаллигига дучор бўлган хаста инсонларни даволаш тажрибасини тавсифлаб бериш чоғида шуни тушуниб етдики, ижод жараёни беморларга касалликни енгишда ёрдам беради.

Арт терапиясини тўлиқ йўналиш сифатида ривожланиши психологияда ХХ асрнинг 30-йилларида бошланди. Бунда Арт терапияси усуллари иккинчи жахон уруши даврида нацистларнинг концентрацион лагеридан олиб чиқилган болаларга ёрдам бериш учун қўлланилган.

Илк даврларда “Арт терапияси” Зигмунд Фрейд ва Карл Густав Юнг психологиясига таянган. Бунда инсон ижодий фаолиятининг натижаси онгсизлик ва ундаги давом этадиган жараёнларни акс эттиради. 1960 йили АҚШда Америка “Арт терапия ассоциациаси” ўз фаолиятини бошлаган.

Арт терапияси – бу психикани бутлаш, ўз-ўзини англаш ва ўзини намоён қилишга йўналтирилган ва шахсни ўзини ижобий кўрсатишга асослантирилган психотерапивтик усулдир. Бу усул депрессия ва невроз, қўрқув ва фобияларни даволаш, шунингдек, ички тўсиқ ва сиқилишларни бартараф этиш учун қўлланилади.

Кўзга ташланадиган кўпроқ лол қолдирадиган натижаларни – ушбу “Арт терапияси”дан  қаттиқ руҳий зўриқиш(стресс) даврида олиш мумкин ва бу натижалар инсонга руҳий ёрдам беради. Бундай ҳолатда бошқа психотерапевтик ёндашувлар орасида унга тенг келадигани мавжуд эмас.

Шу билан бирга, арт терапияси – бу инсонда фақат муаммолар юзага келганидагина қўлланилиши шарт бўлмаган универсал методдир.  Cоғлом аммо, бироз тортинчоқ болаларнинг ўзлигини намоён этишда ҳам самарали воситадир. Бизнинг ҳар биримиз озиқ-овқат ёки уйқуга эҳтиёжимиз бўлгани каби ўз-ўзимизни намоён этиш, кўрсатишга ҳам эҳтиёж сезамиз. Арт терапияси – бу талаб-эҳтиёжни англаш ва уларнинг янги қирраларини кўрсатишга, ички ҳис-туйғу туғёнларини ташқарига олиб чиқишга имкон беради, бу эса бизнинг ўзимизни, ўзлигимизни бу дунёда янада тўлиқ ва ёрқин намоён этиш ва кўрсатишга кўмаклашади.

Инсонга руҳий осойишталик бағишлаб ўзини англашга, ўзлигини намоён этишга кўмаклашадиган ушбу усулнинг йўналишлари, мақсад ва вазифалари, натижалари билан аста-секин таништириб борамиз.

Шохиста САМАРОВА, Чирчиқ давлат педагогика университети  Психология кафедраси мудири, психология фанлари номзоди, доцент

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.