Арт терапиясининг самарадорлигини аниқлаш

0
393
марта кўрилган.
tabiat

Аввалги мақолаларимизда арт терапеясининг  мақсад ва вазифалари ҳамда турлари ҳақида ҳикоя қилгандик.  Бу гал самарадорлиги ҳақида  тушунча берамиз.

Санъат соҳасидаги университет талабаларининг ижодий тасаввурларини камол топтиришда уларнинг образ яратиши билан боғлиқ фаолиятга жалб этиш яхши самара бериши мумкин. Ижодкор шахсларнинг шаклланишида тасаввурнинг ўрнига бағишланган синов-тажрибалари Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг театр санъати факультети эстрада ва оммавий томошалар режиссёрлиги йўналиши ҳамда халқ ижодиёти факультетининг ашула ва рақс  йўналишларида таҳсил олаётган 1-2-босқич талабалари билан ўтказилди. Ижодкор талабалардаги тасаввур жараёнлари даражасини ўрганиш ва таҳлил қилишни ҳозирги вақтда тобора оммалашиб бораётган “арт терапия” усулидан фойдаланилди.

Арт терапиясининг расм чизиш, пластилин, хамир, қум кабилар билан ишлаш, ашула айтиш, мусиқа, рақс, бадиий асарлар ижроси каби усуллар қўлланилди. Арт терапияси усулларини энг кичик ёшдаги болалардан тортиб, талабаларда ҳам қўллаш мумкин. Бу энг “юмшоқ”, шу билан бирга, энг фойдали усуллардан саналиб, ёшларнинг яширин имкониятлари, қобилиятларини, пинҳон бўлган қувват заҳирасини ва ҳис-ҳаяжонининг очилишига ёрдам беради. Инсоннинг тасаввур даражаси, руҳий ҳолатини аниқлаш билан бирга, уларни бойитиш ва ривожлантиришга ҳам ёрдам беради. Талабалар билан арт терапиясининг турли усулларини бажариш асосида тажриба-синовлар ташкил этилди ҳамда муайян хулосаларга келинди.

 Арт терапия қандай кечади? Арт терапияси машғулотларини инсон гуруҳларда, психотерапевт билан якка тартибда, шунингдек, ўзи  мустақил ўтказиши мумкин. Арт терапиясини гуруҳда ўтказиш ҳамда унинг қатнашчилари 10-15 киши бўлиб, йиғилиб, тажриба-синовни ривожлантириб ва ўз-ўзини англаш учун терапевтга мурожат этадилар. Терапевт арт-терапиянинг бир турини тавсия қилади. Уларнинг ҳар бири бадиий санъатнинг бирор турини танлайди: рақс, драматургия ёки поэзия. Бу йўл  инсоннинг ички имкониятларини очиб беришга ёрдам берувчи восита бўлиб ҳисобланади. Бу билан ўзининг амалга ошмаган орзулари ва рўёбга чиқмаган истеъдодларини кўради. Кўпчилигимиз ёшликдан ҳозирги шуғулланаётган ишимиз билан эмас, балки бошқа иш билан шуғулланишни ҳавас қилган бўлишимиз мумкин. Бироқ, тарбия ва жамият ривожи шароитлари таъсирида жуда кўп ҳолларда шундай бўладики, инсон  ўзи ёқтирмайдиган иш билан шуғулланишга мажбур бўлади. Орзулар эса ўз онгидагина ушалмай қолаверади.

Арт терапияси инсонларга ўзларининг соф табиати аксини ўз ижодида кўришга ёрдам беради ва реал ҳаётда уларнинг ўзлигини кўрсатади. Ушбу жараёнга киришаётган дастлабки пайтда Арт терапияси машғулотлари ижод ўйинига ўхшайди. Аслида бу ҳаракат ва хатоларни синовдан ўтказиш учун макондир. У ерда тўғри ёки нотўғри, чиройли ёки хунукликка ўрин йўқ. Бундай онларда қандай ҳодиса бўлмасин, ҳамма нарса ўз қимматига эга бўлади.

Гуруҳнинг ҳар бир иштирокчиси ўзини ижодда шундай намоён этадики, у қандай хоҳласа ва қандай қила олса, шундай ҳаракат қилаверади. Инсонда ўзини бўш қўйиш, ўзлигини очиб бериш, бировларнинг фикри ҳақида қайғуришни тўхтатиш қанча тез бўлса, шунча тез ўйиндаги ижодий фаолиятини, ўзи ижодкор ҳолига келганини сезади ва у томонидан яратилаётган ижодий маҳсул хақиқатдан ҳам ноёб, чиройли ва қимматбаҳо бўлади.

Машғулотдан машғулотгача гуруҳларда ишонч, диққатлилик, бирдамлик, намоёндалик ва охири кутилмаганлик пайдо бўлади ҳамда ривожланади. Гуруҳли арт-терапиянинг сўнгги босқичида вербал мулоқот босқичи кўзда тутилган. Бунда барча иштирокчилар бўлиб ўтган арт терапияси машғулотларини муҳокама қилиш, ижод намуналари ва пайдо бўлган гуруҳ фаолиятларини тавсифлашлари мумкин.

Шундай қилиб, арт терапияси усуллари бизларга ўз ҳаётимизни тўғри маънода яратиш, яъни ҳаётимиздан хафагарчиликни ўчириш, бахтни ясаш, қийинчиликлар хақида ёзиш ва кайфиятни рақс ёки бошқа санъат турлари орқали акс эттириш имконини беради. Ички имкониятларни амалга ошириш натижада ўзлигини англаш ва ўзини ўраб турган дунё билан ҳамоҳанг бўлиш ҳар бир инсонга хослигини тушиниб етади. Бунинг учун махсус тайёргарлик талаб этилмайди. Арт терапиясининг асосий тамойилларидан бири шуки, ижод – даволовчи, соғайтирувчи, тузатувчи таъсирга эга, у инсон руҳиятидаги ички низоларни ҳал қилиш ва кечинмаларга берилишга изн бермай, балки руҳиятни мустаҳкамлайди, бойитади. Аллоҳ берган имкониятни,  олам гўзаллигини, ҳар бир инсон шахслигини  англаш имкониятидир. Ўзлигини англаш имкониятидир.

Шоҳиста  Самарова, Чирчиқ давлат педагогика университети  Психология кафедраси мудири

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.