Асал байрами

0
713
марта кўрилган.

Пойтахтимиздаги “Ўзкўргазмасавдо”  павильонларида декабрнинг биринчи ўн кунлигида “Асал байрами” ва асал маҳсулотлари кўргазма — ярмаркаси бўлиб ўтди.

Ушбу тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 октябрдаги ”Республикамизда асаларичилик тармоғини янада ривожлантириш чора –тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифаларни бажариш асосида уюштирилди.

 

Унда асаларичилик тармоғини бошқариш тизимини тубдан такомиллаштириш, тармоқда наслчилик ишларини илмий асосда ташкил этиш, асаларичилик хўжаликлари фаолияти самарадорлигини ошириш, асал маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми ва турларини янада кўпайтириш, асални қайта ишлаш бўйича замонавий технологияларни жорий этиш, соҳанинг экспорт салоҳиятини ошириш, шунингдек, асаларичилик соҳасидаги илғор тажрибаларни республикамизнинг барча ҳудудларида татбиқ этиш мақсади белгиланган эди.

Тадбирда 250 мингдан ортиқ асаларичилик ҳўжаликлари ўз маҳсулотлари билан қатнашишди. Ўзбекистон асаларичилар уюшмаси раиси Шерали Суярқулов маълумотига кўра, бу йил улар томонидан 15 минг тоннадан ортиқ асал халққа етказиб берилган. Шунингдек,  кўргазма доирасида  Хитой Халқ республикасига  200 тонна, Польшага 20 тонна асал етказиб бериш шартномасини тузишган.

Бу самарали ишларда кўргазма қатнашчиси “Водий асали” МЧЖ бошлиғи  Паттаев Абдулҳофизнинг ҳам муносиб ҳиссаси бор. Улар оилавий тадбиркор.  Улар асаларичилар сулоласининг учинчи авлод вакиллари ҳисобланишади. Уларнинг 750 қути асалариси бўлиб, бу йил икки ярим тонна ҳосил олишди.  Кўргазмада у хоридорлар билан тўртта шартнома имзолади.

 

”Омон Зомин” МЧЖ раҳбари Назаров Эркин ҳам оилавий тадбиркор. У бешинчи синфидаёқ Зомин тоғларига чиқиб асалчилик билан шуғулланиб, ота-онасига ёрдам берган. Бу касб уларга ҳам авлоддан авлодга ўтиб келади. Уларнинг ҳам мингдан ортиқ асалари қутиси бор. Бу йил 185о килограм асал халққа етказиб берди.  У ҳам кўргазма доирасида бешта шартнома тузишга эришди.

 

Бўстонлик туманининг якка тадбиркори Мавжуда Махсумова  10 йилдан бери асаларичилик билан оилавий шуғулланади.  “Биз бу соҳада фаолият юритаётган тўртинчи авлодмиз. Бўстонлик тоғларида, Айдаркўл бўйларида ва Арнасой томонларда гиёҳлар асосида асал оламиз. Шунингдек, Россия асалчилари билан ҳам ҳамкорликни йўлга қўйганмиз. Чунки халқ  ўрмон асалларини ҳам сўрашади.”,-дейди у. Ушбу хўжаликнинг  бу соҳада иккинчи бир йўналиши ҳам бор. Тадбиркор  асалари уяларини кўпайтириб, асаларичиликни бошловчиларга устозлик қилишмоқда. Касб сирларини ўргатиб, тадбиркорлар сафини кенгайтиришга ҳисса қўшиб келишмоқда. У ҳам кўргазма доирасида янги иш бошлашни истаётган беш киши билан устоз-шогирдлик шартномасини тузди. У шундай деди: “Бундай кўргазса ўтказилиши анъанага айланиб қолишининг тарафдори эдим. Бу ерда мулоқот бор, тажриба алмашиш имконияти мавжуд. Биз шундан хурсандмиз. Ташаббуснинг анъанага айланишида тилакдошмиз”.

 Айшахон Охунова, жамоатчи мухбир

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.