АТМОСФЕРА ҲАВОСИ МУСАФФОЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ УЧУН НИМА ҚИЛИШ КЕРАК?

0
969
марта кўрилган.

Инсоният ҳаёти учун энг муҳим омил бўлган атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш, унинг сифат кўрсатгичларини экологик нормативларга мослигини таъминлаш бугунги куннинг глобал муаммоларидан биридир.  Атмосфера ҳавосининг ифлосланиши инсон, ўсимлик, ҳайвонот, умуман, жамики тирик мавжудотларга зарарли таъсир кўрсатади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг маълумотига кўра, дунёда ўн нафардан тўққиз киши ифлосланган ҳаводан нафас оляпти. Ер юзининг 91 фоиз аҳолиси ҳавоси ифлосланган ҳудудларда яшамоқда. Одамлардаги юрак касалликларининг 25 фоизи, ўпка касалликлари ва ўпка саратонининг 43 фоизи ифлосланган ҳаводан нафас олиш натижасида келиб чиқмоқда. Атмосфера ҳавосининг ифлосланиши нафақат инсон, балки атроф муҳит, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда.

Шу билан биргаликда, атмосфера ҳавосига чиқарилаётган иссиқхона газлари глобал исишга сабабчи бўлиб иқлим ўзгаришларини келтириб чиқармоқда. Дунё ҳамжамияти, шу жумладан мутахассислар томонидан бекорга бонг урилмаяпти. Дунё миқёсида атмосфера ҳавосига чиқарилаётган ташланмалар миқдори шу суръатларда кетса, глобал исиш ва иқлим ўзгаришлари натижаси башорат қилиб бўлмайдиган оқибатларга олиб келиши мумкинлиги таъкидланмоқда.

Сўнгги йилларда атмосфера ҳавосининг ифлосланишида антропоген таъсирнинг роли кескин ортиб бормоқда. Ишлаб чиқариш корхоналари, автомобиллар сонининг кўпайиши атмосферага ташланаётган ташланмалар миқдорининг ортишига сабаб бўлмоқда.

Юртимизда 99,5 минг турғун ифлослантирувчи манбага эга 3,5 мингдан ортиқ ишлаб чиқариш корхоналари ҳамда 2,816 млн. дан ортиқ кўчма ифлослантирувчи манбалар, яъни автомототранспорт воситалари мавжуд.

Ўзбекистон Экологик партияси атмосфера ҳавоси ифлосланишининг олдини олиш мақсадида қуйидаги энг муҳим чора-тадбирларни амалга ошириш лозим деб ҳисоблайди:

Биринчидан, кўкаламзорлаштирилган ҳудудларни, айниқса шаҳар ва автомобиль йўллари четида яшил ҳудудларни кенгайтириш. Йирик шаҳарлар атрофида “яшил қалқонлар” ташкил этиш;

Иккинчидан, ёқилғилар сифатини янада яхшилаш ҳамда экологик тоза транспорт воситаларини кўпайтириш, шу жумладан кенг жамоатчилик учун қулай бўлган велойўлакчалар ташкил этиш;

Учинчидан, иқтисодиётнинг барча жабҳаларида яшил, экологик тоза, энергия тежамкор технологияларни жорий этиш, технолгик ва маънан жиҳатдан эскирган ишлаб чиқариш корхоналарини реконструкция қилиш;

Тўртинчидан, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни амалиётга кенг тадбиқ этиш;

Бешинчидан, янги қурилаётган уйлар ва биноларни энергия ва ресурс тежамкор материаллардан фойдаланиб қурилишини таъминлаш;

Олтинчидан, атмосфера ҳавосига ташланмаларни асосий қисмини чиқарувчи кўчма ифлослантирувчи манбаларга нисбатан, доимий манбаларга қўлланилган иқтисодий механизмларни қўллаш ва буларни тегишли қонун ва қонун ости ҳужжатларида акс эттириш.

Ҳавонинг ифлосланишига қарши курашнинг энг яхши усулларидан бири шаҳарларни, теварак-атрофни кўкаламзор қилишдир. Боғу-роғлар, гулзорлар, маданият ва истироҳат боғлари, ҳиёбонлар, дарахтзорлар, ўрмонлар барпо қилиш, корхоналар ва шунга ўхшаш жойлар атрофини кўкаламзорлаштиришдир. Буларнинг ҳаммаси санитария-гигиена ва эстетик жиҳатдан катта аҳамиятга эга бўлиб, шаҳарнинг қурилиш-архитектура комплексига қўшилиб, атмосфера ҳавосини муҳофаза қилишда жуда муҳим аҳамият касб этади.

Илиқ ва қуёшли кунларда 1 гектар жойдаги кўкат ва дарахтлар фотосинтез жараёнида ҳаводан 220-280 кг карбонат ангидридни ўзлаштириб, 180-220 кг эркин кислород чиқаради ёки бўйи 25 метр келадиган, 80-100 йил умр кўрган бир туп қорақайин дарахти бир соатда 2 кг карбонат ангидрид «ютиб», 2 кг кислород ишлаб чиқаради. Яна шу нарса ҳам ҳисоблаб чиқилганки, бир гектар жойдаги яшил ўт-ўлан бир соатда 200 одам нафас чиқарганда ҳосил бўладиган карбонат ангидридни ўзлаштиради. Демак, яшил ўсимликлар ҳавони карбонат ангидриддан тозалаб, кислород билан бойитади.

Яшил ўсимликлар шаҳарларнинг микроиқлимини ҳам яхшилайди. Дарахтлар иссиқ пайтларда атмосферага кўп  миқдордаги сув буғи чиқариб, кундуз кунлари ҳавонинг намлигини 20—30 фоизга оширади, ҳароратни эса, бир неча даража пасайтиради.

Шаҳарлардаги яшил бойликларнинг яна бир муҳим ва фойдали хусусияти шуки, улар товуш ва шовқинни 20 фоизга ютади (сусайтиради), дарахтлар қанчалик зич бўлса, шовқинни шунча кўп ютади. Парклар, боғлар, хиёбонлар инсон организмига шифобахш таъсир кўрсатади. Асабларни тинчлантиради, иш қобилиятини оширади. Шундай қилиб, тоза ҳаво одамларнинг соғлигига ижобий таъсир кўрсатиб, организмнинг турли касалликларга қаршилигини оширади.

Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизнинг барқарор ривожланиши, Она табиатни асраш, экология ва аҳоли саломатлигини сақлаш билан боғлиқ долзарб муаммоларни ҳал этиш ҳамда келажак авлодларнинг мусаффо муҳитда яшаш ҳуқуқини кафолатлаш ишларида фаол иштирок этиш барчамизнинг муқаддас бурчимиз эканлигини унутмаслигимиз лозим.

Умида КАМИЛОВА, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати,

коммунал хўжалик ва экология масалалари бўйича доимий комиссияси аъзоси

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.