“INFOLIB UZBEKISTAN-2019” VIII Миллий ахборот- кутубхона ҳафталиги доирасида 2019 йил 30 октябрь куни Ўзбекистон Миллий кутубхонасида ўтказилган «Ахборот-кутубхона муассасасининг энг яхши мутахассиси — 2019» республика танлови якунланди.
Танлов Ўзбекистон Миллий кутубхонаси тасарруфидаги Ахборот-кутубхона марказлари, Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими, Маданият вазирлиги тизимидаги ахборот-кутубхона муассасаларининг мутахассислари ўртасида босқичма- босқич ўтказилди.
Танловнинг иккинчи кунида, “Китобсевар ёшлар — мамлакат келажаги” мавзусидаги уй вазифаси ижодий танловида жамоаларга ўзларининг ижодий қобилият ва истеъдодлари, қизиқишларини тўлиқ намоён этиш имкони берилди. Унда иштирокчиларнинг ҳажвий ва ҳазил-мутойибали театрлаштирилган мусиқий чиқишлари, ўз касбига ижодий ёндашуви, актёрлик маҳорати, чет тилларини билиши ва жамоада ишлаш кўникмалари ҳайъат томонидан баҳоланди.
Танлов натижалари бўйича 1-ўринга Тошкент шаҳар “Билим” ахборот-кутубхона маркази жамоаси муносиб топилди.
Иккинчи ўринни Жиззах вилояти эгаллади. 3-ўрин Андижон вилоятига берилди. Навоий вилоятига 4-ўрин, Наманган вилоятига 5-ўрин насиб қилди.
Танлов ғолибларига дипломлар, сертификатлар, қимматли совғалар ва Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг эсдаликлари топширилди.
Ж. САЪДУЛЛАЕВ тайёрлади.