Пойтахт ҳокимлигида Тошкент шаҳар Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди, дея хабар берилади toshkent. uz расмий веб- сайтида.
Унда Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурханов, Тошкент шаҳар Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгаши аъзолари, Марказий банкнинг Тошкент шаҳар бош бошқармаси бошлиғи Шерзод Хаджизадаев, Тошкент шаҳар прокурори ўринбосари Икром Наримов ҳамда пойтахтимиздаги бир нечта тижорат банклари раҳбарлари иштирок этдилар.
Йиғилиш банк тизимида учраётган коррупцион ҳолатлар, шунингдек, соҳада коррупциянинг олдини олиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар муҳокамасига бағишланди.
Дастлаб, пойтахтимизда коррупцияга қарши курашиш ва уни олдини олиш борасида олиб борилаётган тизимли ишларга тўхталиб ўтилди. Шу билан бирга, Тошкент шаҳар Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашининг пойтахтимиздаги банклар фаолиятини ўрганиш натижалари юзасидан маълумот берилди.
Қайд этилишича, коррупциянинг олдини олиш чора-тадбирларига қарамай, банк тизимида пул маблағларини ноқонуний ўзлаштириш, фирибгарлик ва ўз вазифасига совуққонлик каби ҳолатлар учраган. Йиғилишда сўзга чиққан Тошкент шаҳар прокурлори ўринбосари банк тизимида учраётган коррупциявий жиноятлар таҳлили тўғрисида ахборот берди.
Марказий банк Тошкент шаҳар бош бошқармаси бошлиғи Шерзод Хаджизадаев ҳамда пойтахтимиздаги бир нечта тижорат банклари раҳбарлари банк тизимида коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ишларга тўхталиб ўтдилар.
Атрофлича муҳокамадан сўнг, банк тизими мутасаддиларига коррупция билан боғлиқ жиноятларга йўл қўймаслик, бу борада раҳбар-ходимларнинг хабардорлиги ва масъулиятини ошириш юзасидан тавсиялар берилди.