БАХТНИ БЕЛГИЛАШДА АДАПТАЦИЯ ДАРАЖАСИНИНГ НИСБИЙЛИГИ

0
602
марта кўрилган.

Ориф Авлаев  –   ТошДАУ   “Ўзбек тили, педагогика

ва психология” кафедраси доценти

Аннотация: Мақолада шахснинг бахтни ҳис этишига  таъсир этувчи омиллар хорижий тадқиқотлар мисолида ёритилган, шунингдек, бахтни белгилашда адаптация даражасининг нисбийлигининг психологик таҳлили кўрсатилган. 

калит сўзлар:   Бахт, ҳасад, эйфория, адаптация, кайфият,  таққослаш, меҳнат, фарзанд, соғлиқ.

Ким бахтли ва нега? Ҳозирги кунда инсон ва жамият ҳаётида бахт масаласи фақатгина бир жамият ёки ҳудуд миқёсида эмас, балки халқаро даражада ўрганилиб, ўзларидаги ҳаётнинг бахтлилиги даражаси бўйича дунё мамлакатлари орасида ўринлар белгиланмоқда. Бунда муайян умумий меъёрлар ва талабларга асосланилади.

Жамиятда одамлар ўзининг, бошқаларнинг ҳамда жамият ҳаётининг бахтлилиги даражасини белгилаш бўйича инсон ҳаёт фаолиятини ташкил қилувчи кўп омилларга асосланадилар. Булардан энг асосийлари соғлиқ, бойлик, фарзанд,  меҳнат, дўстлар ва бошқа шу кабиларни ўз ичига олади.

Биз ана шу тушунчалар мисолида бахтнинг идрок қилиниши ва унга адаптация даражасининг нисбийлигини кўриб чиқамиз.

Бахт тушунчаси ҳар ким учун ўзига хос нисбийликка эга бўлиб, унинг юқори ёки паст даражада деб ҳисобланиши шахс ҳаётий қарашларига доир бирқанча омиллар билан боғлиқ. Бунда ҳар кимнинг ўз турмуш тарзига адаптацияси даражаси асосий ўрин тутади.

Тадқиқотлардан маълум бўлишича, юқори бахт даражаси ва ўз ҳаётидан мамнунлик кўпинча художўй одамларда, юксак маънавиятли, юксак эътиқодли, мафкуравий иммунитети мустаҳкам, ўз касбининг устаси, касбидан, даромадидан, меҳнат шароитидан, меҳнат қилиш билан дам олиши мувозанатидан қониқиши юқори бўлган шахсларга хосдир.

Соғлиқ билан боғлиқ бахтни ҳис қилиш шахснинг соғломлиги, саломатлигининг мустаҳкамлиги, бақувватлик ва ёш даврлари бўйича саломатлигининг мустаҳкамлиги нозиклашиб бориши, бақувватликнинг камқувватлик бўлиб бориши ҳамда қисқа, узоқ вақт беморлик, шунингдек, қисқа, узоқ вақт ёки доимий ногиронлик ҳолатлари билан боғлиқ. Шахснинг бундай ҳолатларга адаптацияси даражасига мувофиқ равишда унинг ҳаётдан қониқиши ва бахтни ҳис қилиш даражаси шаклланади. Бундан кўриниб турибдики, турли вазиятлар ва ҳолатларда бу ҳиссиёт муайян нисбий ўзгаришларга учраши мумкин.

Хориж психологлари 128 нафар шол бўлиб қолган ўқувчилар устида олиб борилган махсус тадқиқотлар шуни кўрсатдики, уларнинг кўпчилиги cуицид содир қилишни хохларкан. Жисмоний камчиликка эга бўлиш- бу кундан-кунга сизга бўйсунмайдиган танадан ҳафсалангиз пир бўлиб яшаш демакдир. Шунга қарамасдан бир йилдан сўнг  бор — йўғи 10% дан ортиғи ўз ҳаёт сифатини  ёмон деб ҳисоблаган, кўпчилиги эса уни яхши ёки аъло деб ҳисоблашган. «Тез ёрдам»нинг 223 нафар ходими ўзларини шундай ҳолатда йиллар ўтгач қандай ҳис қилишлари мумкинлигини  тасаввур қилишганида,  уларнинг фақат  39% гина «ўзидан қониқиши» мумкинлигини тахмин қилган. Лекин реал пациентларнинг  95% и ўзларини шундай ҳис  қилишади, 98 % и эса уларни лойиқ шахс деган фикрга қўшиладилар.

 Одамлар жуда ёмон хабарларнинг узоқ давом этадиган эмоционал оқибатларига ҳаддан зиёд ортиқча баҳо бериб юборишга мойил.

Ёрқин ифодаланган ижобий воқеалар  таъсирчанлиги ҳам вақтинчалик характерга эга. Эйфорияда, лотереяда ютганлар одатда бахт ҳолатини ўзгармас деб топишади.

Бойлик билан боғлиқ бахтни ҳис қилиш шахс ҳаётидаги моддий бойлик, эҳтиёжларни ошириш имкониятлари ёки пасайтириш талаблари, ўрта ҳоллик, кам таъминланганлик, етишмовчилик ҳолатлари билан боғлиқ. Асосий меъёр эҳтиёжларнинг моддий таъминланганлик даражасига мос бўлишига эришиш ва шу даражани сақлаш билан боғлиқ.

Илмий тадқиқотлар натижаси шуни кўрсатадики, бойликдан кўра фароғатга эришиш мушкулроқ экан. Кўпчилик пулим кўпроқ бўлганида ўзимни бахтлироқ ҳис қилардим деб ўйлашади. Шундай бўлиши ҳам мумкин, аммо бу фақат вақтинча, узоқ истиқболда бойликнинг ўсиши бахтга унчалик ҳам таъсир қилмайди. Кўпгина бой мамлакатларда бадавлат одамлар, ўзини таъминлашгагина етадиган маблағга эга бўлган одамларга нисбатан, унчалик ҳам бахтли эмас. Бойлик худди соғлиққа ўхшайди:  йўқлиги азият келтиради,  борлиги ҳам бахтни кафолатламайди. Кўпчилик одамлар бахтни пулга сотиб олиб бўлмаслигига қўшилишсада, катта миқдордаги пул уларни қатъиятли, мамнун ва бахтли қилади деб ҳисоблашади. Хўп тўлов  чекларимизнинг кўпайиши билан вақт ўтиб бахтимиз ҳам кўпаядими?  Йўқ, кўпаймайди. Сўнгги қирқ йилда ўртаҳол америкалик фуқаронинг харидорлик имконияти икки баробарга ортди. 1957 йилда одам бошига ўртача даромад, 1995 йил доллари эквивалентида ўртача 9000 долларни ташкил қилган;  1996 йилга келиб бойларнинг янада бойигани ва аёллар бандлигининг ортгани сабабли даромад деярли  20000 долларни ташкил қилган. Икки баробарга ошган, унинг ёрдамида аҳоли жон бошига икки  марта кўп автомобиль ва кўплаб рангли телевизорлар, видеомагнитофон, шахсий компьютерлар, кондиционерлар сотиб олиш имконини берувчи  бу бойлик  кўп бахт сотиб олиш имконини бердими? Ўртаҳол америкалик ҳозирги кунда икки марта бадавлатроқ, аммо бахтлироқ эмас. 1957 йилда 35  фоизга яқини ўзларини «жуда бахтли» деб таъкидлашган, 1996 йилда эса 30 фоизини ташкил этди. Ҳақиқатан ҳам, ажралишларнинг икки баробарга ортганлиги, ўсмирлар ўртасида хулқ бузилишининг  уч баробарга, жиноятчиликнинг беш баробарга ортиши ва депрессиянинг кучайишига қараб хулоса қилсак, замонавий америкаликлар кўпинча бахтсиз кўринишади. Япония ва Европа мамлакатларида ҳам худди шу аҳвол: уларда одамлар яхшироқ овқатланишади, яхшироқ тиббий хизмат, таълим ва фанга эга, ва улар қайсидир маънода жуда қашшоқ давлатларда яшовчи одамларга нисбатан бахтлироқдирлар. Бироқ реал даромаднинг ортиши бахтнинг ҳам ортишига олиб келмайди. Бундай мисоллар материализмнинг фойдасига эмас: бой мамлакатлардаги иқтисодий ўсиш ахлоқ ва ижтимоий фаровонликнинг ошиб- тошишига олиб келмади.

Иккита психологик принцип нима учун жуда қашшоқ одамлардан ташқари барча учун кўп миқдордаги пулга фақат вақтинчалик бахт сотиб олиш мумкинлигини ва нима учун бизнинг ҳис-туйғуларимиз гўёки уларни учиб кетиши ёки қулаб тушишидан сақлаб, орқага тортиб турадиган резина ипга бириктирилганга  ўхшашини изоҳлайди. Бу принциплардан ҳар бири бахт  — бу нисбий тушунча деган тахминга асосланган.

Адаптация даражаси феномени биз ўтмишда бошимиздан кечирган ҳодисаларга алоқадор турли-туман рағбатлантирувчи омиллар ҳақида бизнинг мулоҳазамиз тенденциясини тасвирлайди. Психолог Гарри Хельсон тушунтирганидек, ҳар бир шахс ўз тажрибасидан келиб чиққан ҳолда   нейтрал даражасини белгилайди — товуш баланд ҳам, паст ҳам бўлмаган нуқталар; температура — қайноқ ҳам, совуқ ҳам эмас; воқеалар — ёқимли ҳам, ёқимсиз ҳам эмас. Кейин эса бу нейтрал даража юқорига ва пастга ўзгарса, уни ҳис этади ва уларга эътибор қаратади.  

Шундай қилиб, агар бизнинг даромадимиз ёки ижтимоий мавқеимиз ўртача нуқтадан ошар экан, биз дастлаб ҳузур-ҳаловат оқимини ҳис қиламиз. Сўнгра ютуқларимизнинг янги даражасига мослашамиз, уни нормал деб ҳисоблай бошлаймиз ва бахтнинг кейинги оқимини ҳис қилиш учун янада кўпроғини талаб қила бошлаймиз. Болалигимда  оиламизда биринчи бўлган 12 дюймли(30 см)  оқ-қора телевизорга қандай қувонч билан қараганимни  эслайман. Ҳозир 25 дюймли(62,5 см) телевизорда ранг йўқолса, ўзимни нимадандир норози бўлгандек ҳис қиламан. Мослашув даражаси қанчалик юқориларкан, мен илгари яхши деб ҳисоблаган нарсани энди ёмон деб ҳисоблайман. Кечаги ҳашамат бугунги кунда одатий талабга айланади. Ҳузур ва нафрат, омад ва омадсизлик — ўтмишдаги тажриба билан таққослаганда буларнинг барчаси нисбий эканлигини ёдда тутиш жуда муҳим.

 Хўш, унда биз қачонлардир ер юзида умрбоқий ижтимоий жаннат яратишимиз мумкинми? Дональд Кэмпбелл «йўқ» деб жавоб беради: агар сиз эртага ўз фантазиянгизда — пул, касалликлар йўқ бўлган, ҳаммаси аъло даражада бўлган, сизни садоқат билан севадиган инсон бор жойда уйқудан уйғонсангиз — бир қанча муддатга эйфорияни ҳис қиласиз. Аммо тезда мослашув даражасини  янгитдан созлаб, яна тағин гоҳо ютуқларингиз кутганингиздан кўра кўпроқ бўлганида ҳузур- ҳаловат, гоҳо ютуқларингиз кутганингизни оқламаса, йўқотишларни ҳис қила бошлайсиз, баъзида эса нейтрал ҳолатда бўласиз. Бу бизга нима учун миллион доллар ютиб олган лотерея ғолиблари ва параплегиклар фожиасига қарамасдан, ҳар иккалалари ҳам бир хилдаги бахт даражаси ҳақида айтишларини тушунишга ёрдам беради. Бу бизга яна нима учун моддий талабларнинг чегараси йўқлигини, нега кўплаб болаларга бор-йўғи биттагина Нинтендо ўйини зарурлигини  ва нима сабабдан қашшоқликда ўсган ва ҳашамат ичида яшаётган Имельда Маркос Филиппин президентининг рафиқаси бўлганида 1060 жуфт, яъни бутун умри давомида ҳам кийиб улгура олмайдиган пойафзал сотиб олганини тушуниш имконини беради. Агар ғолиб  тантиқ одамлар сирасига кирса ва одамнинг мулки уни эгаллаб олса, адаптация даражаси назоратдан чиқиб кетади.

        Фарзандлар билан боғлиқ бахт шахснинг серфарзандлиги, камфарзандлиги, фарзандларининг турли ёш даврларидаги ҳаёт, уларнинг соғлиги, таълим-тарбияси, ютуқлари, улардан қониқиш, унинг даврийлиги, ўзгарувчанлиги каби ҳолатларга боғлиқ. Бунда фарзандларнинг ота-она раҳнамолигида комил инсон бўлиб етишиши ва бахтли ҳаёт кечиришга эришиши асосий омил ҳисобланади.

Фарзанд бу – “аёлнинг бахти”, деган маънони англатади. Ҳаётга қарасак, бунинг нақадар ҳаққонийлигини кўп кўрасиз.

Кўпинча севги болаларни дунёга келтиради. Кўплаб одамлар учун, бу ҳаёт ўзгаришларинг энг сабрли қисми бахтли ҳодисадир. Миллий сўровномада Америкалик оналарнинг 93 фоизи “Мен бошқа нарсаларда ҳис қилмаган беҳисоб севгини болаларимда ҳис қиламан.”-деб жавоб беришган. Кўплаб оталар ҳам шуни ҳис қилишади. Менинг биринчи фарзандим туғилганидан бир неча ҳафтадан сўнг мен бу англашдан ҳайратда эдим: бу менинг ота онам мен ҳақимда нимани ҳис қилиши эди.”

Бошқалар билан таққослаш шахснинг ўзини бойга, камбағалга, илмлига, илмсизга, одоблига, одобсизга, ҳурматлига, ҳурматсизга, кўп жиҳатлари ўз тенгига, қайсидир жиҳатлари ўзидан юқори ёки паст бўлганларга ва шу каби бошқаларга таққослашини ўз ичига олади. Бахт нафақат бизнинг ўтмиш тажрибамиз билан, балки бошқа одамлар билан таққослаганда ҳам нисбийдир. Биз доим ўзимизни кимдир билан таққослаймиз. Биз ўзимизни яхши ёки ёмон ҳис қилишимиз ҳам бу одамларнинг кимлигига боғлиқ. Қачонки, атрофдаги одамлар ақли паст ва  беўхшов бўлса, улардан биз эпчил ва ақиллироқ бўлсак, натижада, ўзимиздан қониқиш ҳис эта бошлаймиз. Бу эса, бахтиёрлик ҳис-туйғулар оқимини бошлаб келади.  

     Шу сингари таққослашлар бизга нима учун маълум бир мамлакатнинг ўзларини нисбатан камбағал одамлар билан таққослайдиган, ўрта ва юқори даромадга эга бўлган одамлари  анча омадсиз қўшниларига нисбатан ўз ҳаётларидан мамнунлар. Шунга қарамасдан, одам фаровонликнинг мўътадил бир даражасига эга бўларкан, фаровонликнинг кейинги ортиб бориши бахтнинг ортишига кам таъсир қилади. Нега? Чунки, маълум бир муваффақиятга эришгач, улар ўзларини асосан ўзларининг даражасидаги ёки ўзларидан мавқеи ва моддий таъминоти юқорироқ инсон билан таққослаймиз. Шунинг учун ўзимизни таққослайдиган одамларимиздан кўра  ёмонроқмиз, бу эса салбий ҳис-туйғуларни келтириб чиқаради.

Ўртаҳол одамлар учун спортчиларнинг маошлари эмоционал жиҳатдан ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас. «Қашшоқлар миллионерларга ҳасад қилишмайди, аммо улар албатта бошқа, ўзларидан кўра омадлироқ қашшоқларга ҳасад қилишади», — деган эди Бертран Рассел. Шу сабабли «Наполеон Цезарга ҳасад қилган, Цезарь Искандарга, Искандар эса, тахмин қилишга журъат қиламан, ҳеч қачон мавжуд бўлмаган Гераклга ҳасад қилган. Бундан келиб чиқадики, сиз фақатгина муваффақият воситасида ҳасаддан қочиб қутула олмайсиз, чунки воқеа ёки афсонада доимо сиздан кўра омадлироқ одам топилади».

 Ўзимизни  бахтсизроқ одамлар билан таққослаганимизда «ўз бойликларимизни ҳисобларканмиз», ўз қониқишимизни кучайтиришимиз мумкин. Бадавлатроқ одамлар билан ўзини таққослаш ҳасад туғдирса, камбағалроқ одамлар билан таққослаш қувонч келтиради. Маршал Дермер ўз ҳамкасблари билан буни қуйидагича намойиш қилди. Улар Висконсин штатидаги Милуоки  университетининг талабаларидан бошқа одамларнинг камбағаллиги ва азоб-уқубатларини кузатишларини илтимос қилишди. 1900 -йилда Милуокида ҳаёт қанчалик рангсиз бўлгани ҳақидаги ёрқин тасвирларни кўриб чиққач ёки тасаввур қилгач, сўнгра турли шахсий фожиаларни тасвирлаб, масалан, гўёки улар ёниб кетишган ва уларнинг жасадлари бадбашара бўлиб қолганини эшитгач, қизлар ўз ҳаётларидан нақадар мамнунликларини ифодалашган. Шунга ўхшаш, ўртача кайфиятсиз одамлар ўзларидан баттар ҳолатдаги одамлар ҳақида ўқиганларида ўзларини яхшироқ ҳис қилишади.

«Бизнинг камбағаллигимиз ҳақиқатга айланади, сабаби биз кам нарсага эга эканлигимизда эмас, балки қўшниларимиз кўп нарсага эга эканликларидадир»- деган эди Уилл Кэмпбелл.

Меҳнатдан қониқиш унга қизиқиш, қобилият, маҳорат, билим, кўникма, малака, меҳнат фаолиятининг унумдорлиги, натижавийлиги ва ундан манфаатдорлик даражаси билан белгиланади. Шахс меҳнат фаолиятини икки турга: касбий меҳнат ва ихтиёрий, ҳаваскорлик, ишқибозлик меҳнатига ажратиш мумкин. Шу иккала турдаги фаолиятга хос сифатлар бирлашиб кетган фаолият туридаги меҳнат энг юқори қониқиш ҳосил қиладиган меҳнат фаолияти бўлади. Натижада ўзимизни бахтли ҳис эта бошлаймиз.

Дўстлар ва мулоқотдан қониқиш даражаси дўстларнинг сифатлари бири-бирларига мослигига ёки уларнинг ўзаро мослашиш даражасига мувофиқ бўлади. Булар дўстликни ҳосил қилувчи ва давом эттирувчи асосий шарт ҳисобланади. Баъзи одамлар доимо қувноқ бўладилар, бошқалари эса кун сайин тундлашадилар. Нима бир одамни бахтли қилади, бошқа бирини эса  унчалик эмас?  

  Меҳнат қиларканмиз ёки дам оларканмиз, кўпчилигимиз қизиқарли мураккаб фаолиятдан завқ оламиз.  Масалан инсонлар ақлий иш ёки фаол ҳордиқ билан банд бўлганида пассив ҳолатда бекор ўтиргандагига қараганда ўзларини анча бахтли ҳис қилишади. Масалан, ҳордиқ қанчалик арзон ва одатда қизиқарлироқ бўлса, ҳордиқ чиқарувчиларга шунчалик ўзларини кўтаринки кайфиятини ҳис этишган. Шунингдек, одамлар ўз томорқалари билан шуғулланганларида ёки дўстлари билан суҳбатлашганларида,  телевизор қаршисида ўтирганларига қараганда ўзларини бахтлироқ ҳис қилишади. Бахтли ўсмир ёшлар моддий маблағ ва обрўга нисбатан шахсий ютуқлар ва яқин муносабатларга кўпроқ мойил бўладилар. Шундай хулоса қилиш мумкинки, кимнинг иши, ҳордиғи ва дўстлик алоқалари уларни бутунлай эгаллаб олган бўлса ва танлаган фаолиятлари ижобий туйғуларини ҳис этишга имкон берса, ўша одам бахтлидир.

 Қониқиш, мамнунлик олиб келадиган вазифа ва муносабатлар бизнинг бахтимизга таъсир қилади, аммо генетик занжир  чегарасида. 254 нафар эгизаклар устида тадқиқот олиб бориб, Дэвид Ликкен ва Аук Теллеген  шундай хулосага келишди: бахт даражасида 50 фоиз фарқ ирсият билан боғлиқ. Ҳатто бирга ўсиб, катта бўлмаган эгизаклар ҳам аксарият ҳолларда бир хил даражада бахтни ҳис этишлари мумкин. Қарашларимиз ва орттирилган тажрибамизга қараб бизнинг бахтимиз «уни синаш нуқтаси» атрофида чайқалиб туради. Бу нуқта баъзиларни кўтаринки кайфиятга чоғлайди, бошқаларни эса -тушкун кайфиятга.

Бахт, яхши кайфият одамларга атроф оламни яхшироқ қабул қилишга ва уларнинг бошқаларга ёрдамлашиш истагига имкон беради. Жорий куннинг яхши ёки ёмон воқеалари туфайли пайдо бўлган кайфият жуда кам ҳолларда шу кун чегараларидан чиқади. Ҳатто энг яхши воқеалар ҳам, масалан даромаднинг сезиларли ўсиши, одамни камдан-кам ҳолларда узоқ ватга бахтли қила олади.

Шу айтилганлардан ташқари ҳаётдаги бошқа кўп омиллардан қониқиш ҳосил бўлиши учун муайян шартлар мавжуд. Ушбу барча омилларнинг ҳаммаси ёки айримлари бўйича қониқиш мавжудлиги ва бошқа ҳаётий воқеа-ҳодисалар ҳар ким учун бахт даражасини белгиловчи ҳаётий вазиятни ташкил қилади.

Юқоридагилардан хулоса қилиб айтганда, инсон бахтини унинг ҳаётий омилларга адаптацияси даражаси белгилайди. Бу адаптация даражаси нисбий равишда ўзгариб бориш хусусиятига эга. Бундан шахснинг бахтни ҳис қилиши ўз касбидан, меҳнатидан, оиласи, фарзандлари, яшаш ва меҳнат муҳити, ижтимоий ҳимояланганлиги ва шу каби бошқа омилардан қониққанлиги даражаси билан бирга, унинг билимлари, иймон-эътиқоди, юксак маънавият ва мафкуравий иммунитетга эгалигига боғлиқ эканлиги маълум бўлади.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.