BBC билан ҳамкорликда “Катта Лангар Қуръони» фильми суратга олиняпти

0
455
марта кўрилган.

Муборак Рамазон ойи ҳукм сураётган шу кунларда мамлакатимизда зиёрат туризмини ривожлантириш, Ўзбекистоннинг бой маданий меросини асраш ва ўрганиш мақсадида 30 қисмдан иборат “Катта Лангар Қуръони: Сирлар ва ҳақиқатлар” номли ҳужжатли фильм суратга олинмоқда, деб хабар беради Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати.

Мазкур кенг қамровли лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, Дин ишлари бўйича қўмита, BBC телерадиокомпаниясининг Ўзбек хизмати, “Севимли” телеканали, “Эриэл” компанияси томонидан амалга оширилиб, фильмнинг дастлабки қисмлари эфирга узатилди. Қолган қисмлари ҳам ой давомида томошабинлар эътиборига ҳавола қилиб борилади.

“Катта Лангар Қуръони: Сирлар ва ҳақиқатлар” номли ҳужжатли фильмни яратиш жараёни ҳақида сўз кетганда, айрим маълумотларга эътиборингизни қаратсак. VIII асрда яратилган “Катта Лангар Қуръони” қўлёзмасининг бизгача етиб келган 81та саҳифаси бугунги кунда Россия Фанлар академиясининг Санкт-Петербургдаги Шарқ қўлёзмалари институтида сақланади. Аниқланишича, бу нодир қўлёзма бир неча аср илгари юртимизга олиб келинган ва узоқ вақт давомида Қашқадарё вилояти Қамаши туманидаги Катта Лангар қишлоғида, XV асрда қурилган Лангарота зиёратгоҳида сақлаб келинган. Тахминларга кўра, қўлёзманинг умумий ҳажми 206 саҳифани ташкил этган. Айни пайтга қадар Ўзбекистон Мусулмонлар идорасида ушбу қўлёзманинг 13та саҳифаси сақланар эди.

Таъкидлаш жоизки, ўтган вақт ичида мамлакатимизда диний бағрикенглик тамойилларининг юксак қадрланиши, муқаддас Ислом дини дурдоналаридан бири ҳисобланган “Катта Лангар Қуръони” яратилиши тарихи, унинг Ислом оламидаги аҳамияти ва нуфузи, мамлакатимизнинг ушбу жараёнда тутган ўрнини кўрсатиб берувчи кўплаб медиа маҳсулотлар тайёрланди.

Фильмнинг кейинги қисмларида Қуръони каримнинг нозил қилиниши, китоб ҳолида жамланиши, “Катта Лангар Қуръони” нусхасининг яратилиш тарихи, Қашқадарё вилоятининг Катта Лангар қишлоғига олиб келиниши, шунингдек, Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг муборак хирқалари билан боғлиқ қизиқарли маълумотлардан баҳраманд бўладилар.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.