Бир кунда 255 нафар абитуриент тест синовлари тартиб қоидаларини бузганлиги сабабли тест синовларидан четлаштирилди

0
107
марта кўрилган.

Республика олий таълим муассасаларига кириш тест синовларининг биринчи куни — 1 августда ўтказилди ва тўлиқ якунланди. Бу ҳақда бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов ЎзА мухбирига маълум қилди. Тест синовларида 23 та олий таълим муассасаларининг 154 та таълим йўналишида 58 минг 985 нафар абитуриент иштирок этди, турли сабабларга кўра 1393 нафар абитуриент тест синовларига келмаган.

Тест синовлари тартиб қоидаларини бузганлиги сабабли 255 нафар абитуриент, шундан 179 нафари ҳудудга кириш жойида уяли телефон, шпаргалкалар олиб киришга уринганлиги учун, 76 нафари бино ичида шпаргалкадан фойдаланишга уринганлиги учун тест синовларидан четлаштирилган.

Хабарда қайд этилишича, Тест синовларининг биринчи куни республикадаги 23 та олий таълим муассасаларида тест жараёнлари бир вақтда 1-сменада 8.00дан бошланиб, 11.30га қадар ва 2-сменада 15:00 дан бошланиб, 18:30 га қадар тўлиқ якунланган.

Тест синовлари ўтказиладиган 57 та бинода ёнғин ва хавфсизлик чоралари кўрилди, абитуриентлар учун барча аудиторияларда ичимлик суви ҳамда барча биноларда тиббиёт ходимларининг навбатчилиги ташкил этилди.

Абитуриентларнинг ота-оналари учун салқин жойларда жойлар ташкил қилинди ва у ерда катта ҳажмли мониторлар ёрдамида тест жараёнлари онлайн кўринишда ёритиб борилди.

Ёзнинг чилласида ота-оналарга янада қулайлик яратиш мақсадида илк бор тест синовлари UzdigitalTV ва маҳаллий телеканаллар орқали ҳамда test2018.uz Интернет сайтида онлайн кўринишида тўғридан-тўғри ёритилди.

Ички ишлар тизимидан 4 963 та шахсий таркиб ходимлари, 1206 та алоқа воситалари, 694 та металлодетекторлар, 289 та транспорт воситалари тест синовлари жараёни хавфсиз ўтишига жалб қилинди.

Тест синовларини ўтказишга таълим муассасаларидан тест синовлари ўтказиш тартиб-қоидалари ва технологияси бўйича махсус тайёргарликдан ўтган 2 минг 434 нафар гуруҳ назоратчилари жалб этилди.

Барча ҳудудларда жамоат ва ёнғин хавфсизлиги, тест материалларининг махфий ва даҳлсизлиги, бинолар фаолият тизимининг узлуксиз ишлаши, тиббий хизмат ва иншоотларни қўриқлаш тўлиқ таъминланди.
 

Манба: ЎзА

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.