Президент Шавкат Мирзиёев 26 октябрь куни Тошкент шаҳрининг Учтепа туманидаги 22-оилавий поликлиникани бориб кўрди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.
Уч қаватли ушбу замонавий муассаса 19 та маҳалладаги 56 минг нафар аҳолига хизмат кўрсатади. Бунинг учун болалар бўлими, физиотерапия бўлими, кундузги стационар, мутахассислик хоналари ва лабораторияларда зарур шароит яратилган. Шу йил 18 мартдаги «очиқ мулоқот»да берилган топшириққа кўра, бу поликлиникага ҳам замонавий физиотерапия ускуналари келтириб ўрнатилган.
Шунингдек, бепул тарқатиладиган дорилар хонаси, шифокор қабулидан олдинги кўрик хонаси ташкил этилган. 65 нафар шифокор ва кўплаб ҳамширалар беморлар дардига дармон бўлаётир.
Давлатимиз раҳбари поликлиникадаги шароитларни кўздан кечирди, тиббиёт ходимлари билан суҳбатлашди.
— Тиббиёт — ёшу қари ҳаммага дахлдор энг катта давлат хизмати. Шунинг учун бу соҳага доимий эътибор қаратиб келяпмиз. Бирламчи бўғинни «пастга тушириш»га ҳаракат қиляпмиз. Албатта, ўзгариш бор: янги шифохоналар очиляпти, поликлиникалар жиҳозланяпти. Лекин ҳали етиб борилмаган хонадонлар ҳам бор. Малакали тиббий хизматларнинг ҳар бир оилага кириб боришини таъминлаш, бунда эҳтиёжманд инсонларга алоҳида ёндашиш керак, — деди Шавкат Мирзиёев.
Мулоқотда аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, касалликларнинг олдини олиш масалалари ҳақида сўз борди.
— Кўп ҳолларда касалликни инсоннинг ўзи келтириб чиқаради: кам ҳаракат бўлади, тўғри овқатланмайди, соғлиғига қарамайди. Буни бирламчи бўғин кенг тушунтириши керак. Аҳолини дори билан эмас, профилактика билан соғломлаштириш зарур. Одамларнинг ўз соғлиғига эътиборини кучайтириш, скрининг текширувларини мунтазам ўтказиб бориш керак, — деди давлатимиз раҳбари.
Шу ерда сайёр текширувларда фойдаланиладиган махсус транспортлар ҳам кўздан кечирилди.