Сўнги йилларда божхона соҳасини ривожлантириш ва тубдан ислоҳ қилиш бўйича бир қатор Президент ҳужжатлари қабул қилинди.
Масалан, 2021 йилда “Божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш ва давлат божхона хизмати органлари ташкилий тузилмасини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Президент Фармони, 2022 йилда “Божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режими қўлланилишини соддалаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги, “Божхона маъмуриятчилигини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Фармонлари қабул қилинган.
Ўз навбатида адлия органлари томонидан қабул қилинаётган Президент ҳужжатлари ижроси бўйича манзилли ва мавзуга оид таҳлилий ўрганишлар ва мониторинглар амалга ошириб келинмоқда. Таъкидлаш жоизки, мазкур соҳада қабул қилинаётган ҳужжатлар ижроси бўйича вилоятда бир қатор ишлар амалга оширилган. Ушбу йўналишда қабул қилинаётган ҳужжатлар асосида соҳа ривожланмоқда.
Хусусан, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг энг эътиборга моликларидан бири сифатида соҳани рақамлаштирилаётганлигини кўрсатиб ўтиш мумкин. “Хавфларни бошқариш”, “Ягона дарча”, “Э-транзит”, “Божхона ва юк операциялари” каби электрон ахборот тизимлари ёрдамида божхона назорати ҳамда расмийлаштирувига сарфланаётган вақт сезиларли даражада қисқартирилмоқда.
Шунингдек, “Навбатларни бошқариш” ахборот тизимини жорий этилганлигини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш мумкин. Мазкур тизим орқали божхона постларидан ўтишни режалаштираётган тадбиркорлик субектларига олдиндан навбат олиш имконияти яратилган.
Давлат Раҳбарининг тегишли Фармонлари билан вилоятда 2021 йил 1 октябрдан “Масофавий электрон декларациялаш” божхона пости ташкил қилиниб, фаолият юритиб келмоқда. Божхона тизимида амалга оширилаётган мазкур ислоҳотлар экспорт ва импорт фаолияти билан шуғулланаётган тадбиркорлик субектлари учун бизнес муҳитини янада қулайлаштиришга хизмат қилмоқда.
Шунингдек, соҳада амалга оширилган ишлар билан бир қаторда соҳада айрим хато ва камчиликларга ҳам йўл қўйилган. Хато ва камчиликларга асосан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш, давлат хизматлари кўрсатиш, божхона соҳасида қабул қилинган ҳужжатларни мазмун-моҳиятини етказиш, юридик хизмат соҳаларида йўл қўйилган бўлиб, аниқланган хато ва камчиликларни бартараф қилиш ва уларга келгусида йўл қўймаслик бўйича вилоят божхона бошқармасига тегишли таъсир чораси киритилган ва ижроси назоратга олинган.
Бундан ташқари, қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижроси бўйича маъсул ташкилотларга доимий равишда ҳуқуқий-услубий кўмак ва кўрсатмалар бериб келинмоқда.
Р.Саттаров, Хоразм вилоят адлия бошқармаси Президент ҳужжатлари ижросини назорат қилиш бўлими бошлиғи