Божхона хизматлари эркинлаштирилди

0
232
марта кўрилган.

“Навоий” эркин иқтисодий зонасида ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари иштирокида оммавий ахборот воситалари ходимлари учун матбуот анжумани ташкил этилди. 

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси ва Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармалари масъул ходимлари экспорт-импорт билан шуғулланувчи тадбиркорлар учун юртимизда яратилган қулайлик ва енгилликлар ҳақида маълумот берди. 
 
Ташқи иқтисодий фаолият соҳасидаги давлат хизматлари ошкоралигини, импорт-экспорт операциялари мутаносиблигини таъминлаш тадбиркорлик фаолиятини жадал ривожлантириш, инвестиция ва экспорт салоҳиятини ошириш, аҳолининг турмуш сифатини яхшилашнинг муҳим шартларидан саналади. 
 
– Президентимизнинг 2018 йил 12 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан божхона органларини ислоҳ қилишнинг 8 та асосий йўналиши белгилаб берилди, – дейди вилоят божхона бошқармаси бўлим бошлиғи О.Иброҳимов. – Уларни амалга ошириш юзасидан “Давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш юзасидан тадбирлар дастури” тасдиқланди. Унга кўра, жорий йил 1 июлдан бошлаб ташқи иқтисодий фаолият қатнашувчилари учун қатор қулайлик ва енгилликлар яратилди. Ана шундай янгиликларни тадбиркорларга етказиш, тушунтиришда бу каби тадбирларнинг аҳамияти катта. 
 
“Давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш юзасидан тадбирлар дастури”га кўра эндиликда товарларни божхона режимига жойлаштириш ҳамда хорижий автоташувчиларнинг мамлакатимиз бўйлаб ҳаракатланиш маршрутларини ўзгартиришга божхона органлари томонидан бериладиган рухсатномалар бекор қилинди. Шунингдек, айнан бир хил товарларнинг божхона расмийлаштируви ташқи савдо шартномаси доирасида даврий декларацияларни тақдим этиш йўли билан амалга оширилаяпти. Ташқи савдо шартномаси доирасида наботот ва ҳайвонот дунёси объектларини олиб кириш ва чиқиш, маҳсулотларга мувофиқлик, ветеринар, гигиеник ва экологик сертификатлар, карантин рухсатномалар бир йилдан ошмаган муддатга бир маротаба тақдим этилади. 
 
Ўз навбатида, кўрсатилган талабларга риоя этмайдиган тадбиркорларга тегишли чоралар кўриш борасида божхона органлари ваколатлари ҳам белгилаб берилди. Мисол учун, божхона органлари импорт қилинаётган товарлар нархини ошириб кўрсатиш ҳолатлари бўйича мунтазам равишда мониторинг ўтказади. Божхона омборларида 3 йилдан ортиқ сақланиб келаётган мол-мулклар уч ой давомида талаб этиб олинмаган тақдирда, суд қарори асосида давлат фойдасига мусодара қилинади. 
 
Тадбиркорлик субъектлари томонидан тақдим этилган маълумотларнинг тўғрилиги ва уларнинг ташқи савдо фаолияти қонунийлигини текшириш мақсадида, товарлар ва транспорт воситалари эркин муомалага чиқарилгандан сўнг, уларнинг божхона назоратини амалга оширади.
 
Тадбирда журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди.
 

Н.Раҳимов, ЎзА

Манба: ЎзА

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.