«Ҳумо» аренасида бўлиб ўтган профессионал бокс кечаси ўз якунига етди. Саккиз жангнинг барчасида устун келган ҳамюртларимиз янги Ўзбекистонга янги ғалабаларни тақдим қилишди.
Ўзбекистон Республикаси Бош Вазирининг ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, юртимизда бўлиб турган Халқаро бокс ассоциацияси президенти Умар Кремлёв, Осиё бокс конфедерацияси президенти Анас Алотайба ушбу кечанинг фахрий меҳмонларидан бўлишди. Мутасаддилар жанглар аввалида “Ҳумо арена»ни айланиб, шароитлар билан танишиб чиқдилар.
Ушбу нуфуздаги мусобақа Марказий Осиё минтақасида илк бор ташкил қилинди. Жангларни Иқболжон Холдоров ўзининг чиройли нокаути билан бошлаб берди. Шундан сўнг Санжар Турсунов, Миразизбек Мирзаҳалилов, Ҳасанбой Дўсматов, Баҳодир Жалолов, Исроил Мадримов, Шаҳрам Ғиёсов ва якунда Муроджон Аҳмадалиев ҳам ўз ғалабалари билан миллионлаб ҳамюртларимизни хушнуд қилишди. Марказий жангда WBA ва IBF камарлари соҳиби Муроджон Аҳмадалиевнинг нокаути барчани янада руҳлантирди.
Исроил Мадримов ҳам профессионал боксда навбатдаги ғалабани қўлга киритди. Катта шоуга айланган жангларда хоразмлик «чарм қўлқоп» устаси Исроил Мадримов конголик Эммануэль Коломбога қарши рингга кўтарилди. 10 раундга мўлжаллаган баҳс охиригача давом этди. Якунда Мадримовнинг қўли баланд келиб, 7-ғалабасига эришган бўлса, бу мағлубият Коломбонинг фаолиятидаги илк муваффақиятсизлик бўлди.
gujum.uz