Болаларга меҳр улашайлик

0
467
марта кўрилган.
Ўзбекистон Маданият вазирлиги ташаббуси билан Тошкент вилоятининг Бўка туманидаги 15-Меҳрибонлик уйи ва Чирчиқ шаҳридаги 14- Меҳрибонлик уйида “Болаларга меҳр улашайлик” деб номланган тадбир ўтказилди.

Ушбу тадбир меҳр-оқибат, инсонпарварлик ва саҳоватпешалик ўзбек халқига хос гўзал  миллий қадрият эканлигини яна бир бор намоён қилди. Бўка туманидаги 15-Меҳрибонлик уйида 176 нафар тарбияланувчи таълим-тарбия олаётгани, ўқув маскани аслида 140 ўринга мўлжаллангани ва шунинг учун бу ерда ошхона, спорт мажмуалари, санитария   хоналари,  ётоқхоналар замонавий тарзда қайтадан таъмирланаётганининг гувоҳи бўлдик.

Иккала Меҳрибонлик уйи болаларига тадбир дастури  манзур бўлди.  Ўзбек Миллий академик драма театри актёрлари шеърлар ўқишди, ҳаётий ривоятлар айтиб беришди. Ўзбек давлат цирки ижодкорлари томонидан тайёрланган ранг-баранг чиқишлар ҳам болаларга чексиз қувонч бағишлади.  Болалар санъаткорларнинг куй-қўшиқларига жўр бўлиб куйлашди, мароқ билан рақс тушишди, яйрашди.
 
– Бугунги тадбир менга жуда ёқди, – деди 15-Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси Мўътабар Собирова. – Санъаткорлар суҳбатини тинглаб, ҳаётга бўлган қизиқишимиз янада ортди Улар бизни доимо изланишда бўлишга, тинимсиз китоб ўқишга ундашди. Ўзим аниқ фанларга жуда қизиқаман. Олий ўқув юртига кириш учун физика ва математика фанларидан мустақил тайёрланяпман. Келажакда ўқитувчи бўлмоқчиман. Ўқув маркази очишни, унда қийинчиликда ўсаётган болаларга текин дарс ўтишни орзу қиламан.
 
Тадбир сўнггида Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига ташкилотчилар томонидан эсдалик совғалари топширилди, қизиқарли суҳбатлар, болалар учун тайёрланган махсус дастур байрамона тузатилган дастурхон атрофида давом этди.
 
Мавлуда Асқархўжаева,
Ўзбекистон Маданият вазирлиги Ахборот хизмати
 Оқил Ғуломов  олган сувратлар
Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.