Bolalik kunlarimda” аудио эртаклар лойиҳасининг тақдимоти бўлиб ўтди

0
237
марта кўрилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Bolalik kunlarimda” лойиҳасининг тақдимот маросими ўтказилди. Ушбу лойиҳа Агентликнинг ташаббуси ва қўллаб-қувватлаши асосида Мактабгача таълим вазирлиги билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.

Тадбирда Агентлик бош директори Комил Алламжонов, Мактабгача таълим вазирлиги бошқарма бошлиғи Елена Тен, ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари ўринбосари Афшин Парси, лойиҳа муаллифлари Сардор Бобоев ва Дейл Аҳмадий, ОАВ вакиллари, ота-оналар ҳамда болажонлар иштирок этди.

Лойиҳанинг асосий мақсади – ўзбек халқ эртакларининг аудио талқинини яратиш орқали халқ оғзаки ижоди намуналарини келажак авлодга етказишдан иборат.

Профессионал студияда ёзилган аудио эртаклар мунтазам равишда махсус телеграмм каналда муайян вақтда бепул юклаб борилади.

Халқ эртакларининг аудио талқинини яратишда бир гуруҳ мутахассислар, жумладан, муҳаррирлар, таржимонлар, мусаҳҳиҳ ва руҳшунослар, овоз режиссёрлари, актёрлар ҳамкорликда иш олиб боришган.

“Келажакда аудио эртакларни оммалаштириш ва болаларнинг чет тилларини самарали ўзлаштиришини йўлга қўйиш мақсадида инглиз тилида тайёрлаш, шунингдек, жаҳон халқ эртакларининг аудио талқинларини яратиш ҳам кўзда тутилган, – деди Агентлик бош директори Комил Алламжонов. – Миллатимизнинг улкан маданий меросини дунё миқёсида тарғиб қилиш йўлида ўзбек халқ оғзаки ижодининг қардош давлатлар тилидаги аудио эртаклар платформасини шакллантирмоқчимиз”.

Аудио эртаклар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 4 февралдаги қарорига асосан Агентлик амалга ошираётган “Ko‘ngil ko‘zi” лойиҳаси доирасида кўриш имконияти чекланган болалар қатлами учун ҳам мўлжаллангани қайд этилди.

Тақдимот маросимида лойиҳанинг илк маҳсули – “Зумрад ва Қиммат” эртаги артистлар ижросида жонли овозлаштириб берилди. Бош қаҳрамонларга Дилноза Кубаева (Зумрад) ҳамда Муниса Ризаева (Қиммат) овоз берди. Эртакни овозлаштиришда, шунингдек, Ноила Тошкенбоева (сеҳргар кампир), Зуҳра Солиева (ўгай она) ва Рустам Расулов (ҳикоя қилувчи) иштирок этди.

Ҳозирда лойиҳа таъсисчилари томонидан ижтимоий тармоқларда ўзбек ва рус тилларида 5 та эртак юкланган. Бугундан эътиборан ҳар уч кунда битта янги эртак ўзбек ва рус тилларида бепул эшиттириб борилади.

Овозлаштирилган 10 та эртак ой охирида дискка ёзиб чиқарилади.

Эртакларни замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда қулай, қизиқарли ва таъсирли йўллар билан болаларга етказиш самарали усул ҳисобланади. Аудио эртаклар фарзандларимиз тарбиясига ижобий таъсир кўрсатиши, нутқ маданиятини ошириши, оилавий бирдамликни мустаҳкамлаши, болаларда мулоҳаза, мантиқ, тасаввур, фикрлашни ривожлантиришга хизмат қилади.

Келгусида аудио эртакларни таълим жараёнига ҳам интеграциялаш, улардан ўқитишда ривожлантирувчи усул сифатида фойдаланиш ҳам режалаштирилмоқда.                                                                                                  

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.