БЎСМ ва ИБЎСМ раҳбарлари билан учрашув

0
296
марта кўрилган.

24 март куни Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони ижроси юзасидан катта йиғилиш ташкил қилинди. 

Унда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси раиси Умид Аҳмаджонов, Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазири Шоакрам Исроилов, унинг биринчи ўринбосари Ойбек Касимов, МОҚ бош котиби Жасур Матчанов, шунингдек, республикамизда фаолият олиб бораётган ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари, болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари раҳбарлари, вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармалари бошлиқлари ҳамда спорт федерация ва ассоциациялари мутасаддилари иштирок этишди. 

Йиғилишни Жисмоний тарбия ва спорт вазири Шоакрам Исроилов очди.

— Бугунги йиғилишдан асосий мақсад муҳтарам Президентимиз томонидан имзоланган спортга оид фармон ижросини жадаллаштириш, ИБЎСМ ва БЎСМлар фаолиятини такомиллаштириш, уларнинг самарадорлигини кучайтиришдир. Сир эмаски, ИБЎСМ, БЎСМ тизимида кўплаб масалалар, муаммолар тўпланиб қолган. Буни барчамиз яхши биламиз. Бугунги кунда республикамиз бўйича 228та болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари бор. Уларда 8133 нафар ходим фаолият юритмоқда. 301 635 нафар бола спорт билан шуғулланиб келмоқда. Ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари сони эса бугунги кунда 53тани ташкил қилади. Уларда 1865 нафар ходим фаолият юритиб, 40 716 нафар ёш спорти машғулотларда иштирок этади. Давлат уларнинг барчасини молиялаштиради. Катта миқдорда маблағ ажратади. Аммо тан олиш лозим, самарадорлик ўта паст, турли муаммолар тўпланиб қолган, — деди Шоакрам Исроилов.

Шунингдек, йиғилишда бундан буён ҳар бир ёш спортчи ҳақида маълумотлар базаси яратилиши шарт эканлиги таъкидланди. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, спортга ихтисослаштирилган мактабларда 99 фоиз раҳбар ўз қўл остидаги спорти ҳақида тўлиқ маълумотга эга эмас. Бу борада вазир бир неча спорт мактаблари директорларидан маълумотлар сўради ва тўлиқ жавоб ололмади. ИБЎСМ ва БЎСМ раҳбарларига барча спортчи борасида тўлиқ маълумотлар базасини яратиш борасида топшириқ берилди. Қолаверса, бундан буён керакли барча шарт-шароитлар яратиб берилиши, бундай мактаблар барча керакли спорт анжомлари билан таъминланиши маълум қилинди. Шунга яраша натижа ҳам талаб қилиниши алоҳида таъкидланди. 

Миллий олимпия қўмитаси раиси Умид Аҳмаджонов эса давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган фармон ва қарор самарали ишлаши энди фақат ва фақат ўзбек спорти оиласига боғлиқ эканлигини таъкидлаб ўтди.

— Ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари фаолиятини кўриб, таҳлил қилиб чиқдим. Бундан буён вилоят спорт бошқармаси бошлиғи ўша вилоятдаги барча спорт турларига, хусусан катта футбол клубидан тортиб, болалар ва ўсмирлар спорт мактабларидаги иш самарадорлигига бевосита жавоб беради. Бугунги йиғилишимизда ёш ва иқтидорли спортчиларни саралаб олиш, спорт мактаблари ўртасида мусобақалар тизимини йўлга қўйиб олиш ва бошқа муҳим масалалар бўйича таклифларни кўриб чиқамиз. Асосий эътиборни олимпия спорт турларига қаратамиз. Бекорга сизларни вақтингизни олиб, узоқ вилоятлардан чақирганимиз йўқ. Селекция, мусобақалар ўтказиш тизими ва бошқа масалалар борасида таклифларингизни беринг. 

Шунингдек, энди халқаро мусобақаларга фақат Миллий олимпия қўмитаси ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги рухсати билан борилади. Тўғридан-тўғри вилоятдан чиқиб кетишлар бўлмайди. Ахир улар Ўзбекистон шарафини ҳимоя қиладилар-ку. Биз ўша мусобақадаги иштирокни лозим топсак, у ерга жўнатамиз. Улар учун шароитларни яратиб берамиз. 

Муҳтарам Президентимиз томонидан спортга оид катта фармон ва қарор имзоланди. Энди уни самарали ишлашини таъминлаш ўзимизга боғлиқ. Аҳил оила сифатида, бир ёқадан бош чиқариб, ишни тўғри йўлга қўйиб олишимиз лозим. Шундай тизим яратайликки, у 40-50 йил ишласин. Катта-катта натижалар келтирсин. Вилоят спорт бошқармалари бу йўлда республикамиздаги спорт федерациялари билан яқиндан ҳамкорлик қилишлари лозим, — деди Умид Аҳмаджонов.

Учрашувда Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши раиси, МОҚ раиси маслаҳатчиси Комилжон Худойберганов ҳам нутқ сўзлаб, фармоннинг спортимиз тараққиётида тутган ўрни ва ўз навбатида бундай ғамхўрлик ўзбек спорти тарихида хеч қачон бўлмаганлиги, энди шунга яраша ҳалол ва виждонан иш олиб бориш лозимлиги ҳақида сўз юритди.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.