Юртимиз бозорларига кирсангиз расталардаги дид билан моҳирона терилган мева ва сабзавотларни кўрсангиз кўзингиз қувнайди, дилингиз яйрайди. Уни етиштирган деҳқонни ҳам халққа етказиб бераётган дидли бозорчиларни ҳам беихтиёр алқайсиз, инсоннинг қўли гул дейсиз. Бозорнинг ҳам ўзига хос маданияти борлигини қалбга туясиз.
Кейинги пайтда бозорчи аёллар ҳақида ижтимоий тармоқларда кўплаб фикрлар пайдо бўлди. Таҳририятимизга ҳам журналистлардан мақолалар келмоқда. Уларни ўқиб бу йўналишда муаммолар борлигини ҳис қилдик. Аввало, икки журналистнинг фикрини ўқинг. Сўнгра таҳририятнинг хулоса ва таклифи билан танишиб чиқасиз. Таклифларга ўз муносабатингизни билдирасиз, деган умиддамиз.
Биринчи мақола. Элмира Баситхановага иддао қилаётган Опаларга!
Ҳурмали опа — сингиллар. Ёшингизни билмадим-у, рухсат берсангиз Сизларга ҳурмат юзасидан опа деб мурожаат қиламан.
Инсонлар ўз насибаларини, ризқларини ҳар хил топадилар. Оллоҳ уларга орзу-интилишлари, ният ва амалларига қараб ризқ тақсимлаган. Кимдир шифокор, педагог, журналист, қурувчи, ишчи ва ҳоказо сифатида меҳнат қилиб, ризқини йиғади.
Баъзан тақдир инсон бошига қаттиқ қийинчиликларни солади. Ана шу синовлар олдида довдираб қолмаслик учун ҳаракат қиламиз. Оиламиз, бола-чақамизни боқиш учун кунни тунга улаймиз. Рўзғор ташвиши ҳеч бир аёлга бегона эмас.
Чиройли хулқи, хатти-ҳаракатлари билан инсон кўп нарасага эришади, аксинча ёмон амаллари билан анчайин нарсаларни йўқотади ҳам. Буни сезмаслигингиз мумкин эмас, Ҳаётингизни яхшилаб таҳлил қилиб кўринг. Нималарга эришдингиз-у, нималарни бой бердингиз?!
Бизнинг ҳайвонлардан фарқимиз ҳис-туйғуларимизда, фикрлай олиш қобилиятимизда, инсонлар билан ўзаро мулоқатимизда. Оллоҳ бизни инсон қилиб яратган экан, албатта инсонийлик бурчларимизни адо қилишимиз керак. Чиройли яшаш учун, энг аввало одамийлик устувор бўлиши лозим.
Мен ҳеч кимга ўргатмоқчи эмасман. Ҳаётни кўрган, турмуш ташвишлари ва рўзғорнинг оғир юкини кўтарган аёл сифатида фикр билдиришни бурчим деб билдим.
Элмира Баситхановага билдираётган фикрларингизга умуман қўшилмайман. Юртнинг онахони яъни Республика хотин-қизлар қўмитасининг раҳбари сифатида аёлларга тўғри йўл кўрсатишга, ўрни келганида насиҳат қилишга у кишининг ҳақлари бор. Бизнинг фойдамиз, тинчлигимиз ва фаровонлигимиз учун астойдил ҳаракат қилаётган инсоннинг ёнида туриб, ўзбекона ҳаё чегарасидан чиқмасдан, миллий қадриятларимиз, урф-одатларимизни ҳурмат қилишимиз керак деб ўйлайман.
Маданиятли, одобли ва хаёли бўлишга, ҳар бир кунга шукроналик билдириб, гўзал хулқ эгаси бўлишга нима етибди.
Опалар, ҳеч ким бизни таҳқирлаётгани ҳам йўқ. Элмира Баситханованинг оёғи ердан узилгани ҳам йўқ. Агар у кишининг оёғи Сиз айтгандек ердан узилганида биз ҳақимизда қайғурмасди. Сизга тўғри йўлни кўрсатиб, эс-ҳушли, маданиятли бўлишга чақираётган инсонга бундай тошларни отиш инсофдан эмас. Таҳлил қилиб кўринг, бозорлардаги аёлларнинг уриш-жанжалларидан кимга фойда…
Муҳаммад Пайғамбаримиз “Энг кучли одам жаҳли чиққанида ўзини боса оладигани” деган эканлар. Кучли бўлишга ҳаракат қилайлик. Бу фақат ўзимизга фойда. Жаҳл чиққанида кетадиган ақлимизни яхши ва эзгу ишларга сарфлайлик.
Ризқ-насибамизни топишимиз учун шарт-шароитлар бор. Инсонлар бир- бири билан муросага келиб, яшасалар, юрт тинч бўлади. Юрт эгаси шу кунларда бошқа мамлакатлар билан ҳам дипломатик алоқалар ўрнатиш, улар ўртасида ўзаро дўстлик ва ҳамкорлик муносабатларини янада мустақкамлаш устида бош қотириб, елиб- югуриб юрган бир пайтда муомалали бўлайлик, уришиб, жанжаллашмайлик, чиройли хулққа эга, гўзал сифатли аёллар бўлайлик деган даъватнинг қаери сизга ёқмади, ҳайронман. Бир кун жанжал бўлган уйдан қирқ кун барака кетади, дейди халқимиз. Ватанимимиз ҳам сизнинг-бизнинг улуғвор уйимиз.
Бозорчига шеърингиз нимага керак, дебсиз. Яқинда бозорга борсам, картошка сотаётган аёл китоб ўқиб ўтирибди. Абдулла Қодирийнинг “Ўтган кунлар” романи. Картошкасини сўрадим. Дарров китобни қўйиб, хушмуомалалик билан, келинг опажон, вақтлироқ уйга кетмоқчиман. Ҳаммасини олсангиз арзон бераман, деди. Ўлчадик, 4 ярим кило чиқди. Фариштали, хушмуомала бу қиздан қолган картошкаларини сотиб олдим. Жаҳлдор, қовоғи осилган сотувчининг олдига бормасликка ҳаракат қиламиз. Ҳаммамиз шундай.
Тўғри, бозорда ҳар хил аёллар ишлайди. Ризқ — насиба топиш ҳам осон эмас. Чаққон, абжир бўлмасангиз оғзингиздагини олиб кетишади. Бармоқлар ҳам бир хил бўлмаганидек, Оллоҳ инсонларни ҳам турфа яратган.
Жаҳон маркетологларининг таъкидлашларича, бизнес ривожида 80-90 фоизни дипломатия, яъни муомала маданияти ташкил қиларкан. Яхши гап билан илон инидан чиқади, дейди халқимиз. Ўзаро хушмуомалаликда гап кўп. Харидорга ҳам, ён қўшнингиз, ҳамкасбингизга ҳам хушмуомала бўлинг.
Инсонлар ўз насибаларини, ризқларини ҳар хил топадилар. Шукур қилинг. Эҳтимол, сиз ҳам ёшлигингизда қайсидир касбга, ҳунарга астойдил қизиқиб, унинг этагидан маҳкам ушлаганингизда, балки бугун бозорда эмас, битта столда, соя-салқинда ўтириб, ризқ топармидингиз. Аммо олий маълумотли, олим, профессор бўлиш муҳим эмас, муҳими одамийлик, инсонийлик фазилатлари билан гўзал ҳаёт кечириш. Бизнесингизнинг баракасини берсин.
Лекин одамийликни унитманг!
Онамнинг уруғи қишлоқда яшайди. Тоғамнинг қизи ўз оиласи билан мўъжазгина, шифер қилинмаган уйда камтарона ҳаёт кечиради. Бироқ, бирон марта нолиганини эшитмаганман. Томорқаси, 2-3 та моли, сигири, товуқ ва жўжалари бор. Уларни ўзи кўпайтирган. Оила аъзолари билан далага ишга чиқади. Келинойисининг вафотидан кейин икки нафар қизини қарамоғига олиб уларга ҳам меҳрибонлик қилди, бошини силади, аммо нолимади. Ўғлининг икки нафар фарзанди, жами етти киши бир оилада тинчгина яшашади. “Бир бурда нон билан қорнимиз тўяди, шукур, ҳамма нарсамиз бор”, дейди ҳамиша.
Ўтган йили Қурбон ҳайити куни қўй сўйиб, қурбонлик қилиб, шу оилага олиб борсам, эртасига ўша юборган гўштдан маҳалладаги ночор оилаларни чақириб, ўтган ота-боболари руҳига қуръон ўқитиб, садақа қилибди. Жиянимнинг кенглигига қаранг… Бундай одамлар орамизда жуда кўп. Сиз ҳам ана шундай инсонсиз. Ризқ насиба топаётган экансиз, баракасини берсин. Озига шукур қилинг, жаҳлга эрк берманг. Ота-онанинг ҳар бир хатти-ҳаракати фарзандларда ўз аксини топади, буни ҳам унутманг. Эртага-қариганимизда болаларимиз бизни боқадиган бўлиши учун бугундан тайёргарлик кўрайлик. Уларни атрофидагиларга меҳр-оқибатли қилиб тарбиялайлик. Бу тилда эмас, амалда бўлади. Болаларимиз бизнинг ҳатти – ҳаракатимиздан андоза олади.
Инсонлар ўз насибаларини, ризқларини ҳар хил топадилар. Мустақилликнинг илк кунлари. Мамлакатимизда озиқ-овқат заҳираси тугаб, ишлаб чиқариш корхоналари ёппасига тўхтаб қолган йиллар эди. Кўпчилик ризқини топиши учун чет элларда ишлашга мажбур бўлишган. Мен ҳам шулар орасида бўлдим. Қўлимда дипломим бор, мутахассисман, аммо илож йўқ, элга келган “тўй”. Таътил пайтлари ёки ўз ҳисобимдан таътил олиб Россияга, Қозоғистонга қатнадим. У пайтлари 4-5 кун, узоғи билан 15 кун ичида тижорат ишларини қилиб, яна қайтиб келардик. Шу билан уй қурдик, томини бостирдик, пол қоқиб, аста-секин бир хонани таъмирлаб кўчиб ўтдик. Жанжаллашиб эмас, доимо муроса билан, атрофдагиларга жаҳл қилмасдан ишладик, ўзга юртларда юриб ризқ топишга мажбур бўлдик. Ҳозир ҳаётимиз тинч, ақлимизни, мутахассилигимизни ишга солиб, меҳнат қиладиган даврлар келди, шукур.
Раҳматлик онам, 93 ёшда оламдан ўтдилар. Ҳамиша ақлингга иш буюр, қизим, дердилар. Буни ёшлигимда тушунмасдим. Кейин тушундим. Оёғинг билан эмас, аввал ақлинг билан югур, етти ўлчаб бир кес, ҳар бир ишни чуқур ўйлаб кейин бажар, деганлари экан.
Элмира Баситханова ҳам юртимиз аёлларининг етакчиси. У инсоннинг гапларини онамнинг насиҳати, танбеҳи деб қабул қилайлик. Демак, хатти-ҳаракатимизни созлашимиз, тўғри йўлдан адашмаслигимиз керак. У кишининг сиз у биз учун жон куйдираётганлари бежиз эмас. Борига барака, шукроналик билдириб яшаш Оллоҳга ҳам хуш келади. Меҳнат қилсак, нонимизни ойдек топяпмиз.
Элмира Баситханова билан шахсан таниш эмасмиз, аммо у кишининг аввал ишлаган пайтларида вилоятимизда кўпгина тадбирлар ўтказиб, аёллар билан дилдан суҳбатлашганларини, муаммоларини ечиб берганларини кўрганман. Бу ёғини яна ҳаётнинг ўзи кўрсатади. Оллоҳ Сизлардан рози бўлсин! Раҳмат!
Дилбар БЕКЧАНОВА, журналист
Иккинчи мақола. Бозорчи хола: дардларимга ёлғиз бозор малҳам бўлди
Ҳаётнинг чархпалаги шунчалар бешавқатки, сени ожиза аёл эканлигинга қараб ўтирмайди, елкангга оғир вазифаларни юклайди.
Бажармасликнинг эса иложи йўқ. Чунки яшаш учун кураш мана шу юмушларни адо этишдан бошланади. Гулчехра Очилова ҳам ҳаётда қийналган, тўртта фарзанди билан турмуш ўртоғидан эрта ажралган аёл. Бошига оғир кунлар тушгандан сўнг уйда ўтиролмади. Чунки оилани боқувчи, фарзандларнинг камчилигини бартараф этадиган ота йуқ. Иккиланиб-иккиланиб қўшниларига қўшилиб бозорга чиқди.
Аввал ишни осонроқ ва кам ҳаражат талаб этадиган кўкат сотишдан бошлади. Бутун Тошкент ором олаётган бир вақтда яъни соат иккиларда деҳқонлар бозорга олиб келиб харидорлар-олиб сотувчиларга ўз маҳсулотларини арзон нархда топшириб кетишади.
Гулчеҳра опа ҳар куни шу тунги бозордан кўкатлар олиб қолади, тонг отгунча алоҳида боғламлаб кун бўйи кўчада ўтган-кетганга сотади. Аста-секин савдо тилини ўрганди. Бозорнинг ўнқир-чўнқирини босиб ўтди. Кейин ишни кенгайтириб, картошка ва пиёз сотишни йўлга қўйди. Бунинг учун бозордан аста-секин алоҳида раста сотиб олади. Шу зайлда Гулчехра холанинг бозорда етти йили ўтиб кетди. Бу орада катта қизини узатиб, ўғлига машина олишга ҳам улгурди.
– Эрталаб саҳар турардим. Ухламаган кунларим ҳам бўлган, — дейди Гулчехра Очилова. – Шошиб бозорга кетардим. У вақтда болаларим кичик эди. Бозор ва уй орасида бўзчининг мокисидай қатнардим. Худога шукр ҳозир болаларим катта бўлиб қолди. Ўзлари туриб нон-чойини эплайди. Турмуш ўртоғим ҳаётлигида яшаш тарзимиз бошқача эди. Фарзандларимиз билан саёҳатга, кинотеатр ва истироҳат боғларига борар эдик. Ҳозир меҳнатдан ортиб, у ишларга кўп ҳам вақт топавермаймиз. Тирикчилик, рўзғор, бола-чақа, деб умримиз оқар сувдек ўтиб кетди. Аммо ҳаётимдан нолимайман. Турмуш ўртоғим оламдан ўтганда оз муддат қариндошлар яшашимиз учун ёрдам бериб турди. Қўлдан берганига қуш тўймас, деганлари рост экан. Маҳаллага ёрдам пули сўраб чиқиб ололмаган вақтларим кўп бўлган. Шунда қўшни аёллар маслаҳати билан савдо ишини ўргандим. Уйқусиз тунларнинг югир-югирларнинг кети йўқдек эди. Тақиқланган жойда нарса сотсак назоратчилар нарсаларимизни олиб қўяр, оёқ-остига олиб, сотаётган маҳсулотларимизни тепкилар, яроқсиз ҳолга келтирар жимгина кузатардик. Кун бўйи »нарсамни қайтариб беринг» деб ялинган пайтларимиз ҳам бўлган. Камситилиш ва хўрликлардан безиб »бўлди, бозорга чиқмайман», деб уйда бекор ётган вақтим ҳам бўлган. Аммо олдинда яшаш илинжи, орқада фарзандларни камолга етказишдик оғир вазифа тургани мени яна бозор томон етаклаган. Ҳаётимда шундай оғриқли дамлар бўлдики, уни фақат бозоргина эшитди, угина малҳам бўлди. Шу бозордаги меҳнатим туфайли ҳозир рўзғорим бут, қора қозон қайнаб турибди.
Аслида, эрталаб туриб, оила даврасида овқатланиб, бафуржа, яхши кайфият билан қишда иссиқ, ёзда салқин бўлган хонада ишлаш завқли, албатта. Биз буни ҳамиша бахтли ҳаёт деб орзу қиламиз. Афсуски, эрталаб 9:00 да ишга бориб, 18:00 да уйга қайтиш бахти ҳамма аёлга ҳам насиб этавермайди. Давлат ишида ишлайдиган айрим аёллар учун ҳафтада беш кун шу ҳол такрорланади. Бу аёлни сабрга, тартибга ўргатибгина қолмасдан, унинг юрагида жамиятга кераклик ҳиссини уйғотади. Ўзлигини танишига ёрдам беради.
Бозорда меҳнат қилиб, эрталабдан кечгача тиним билмасдан, иссиқни иссиқ, совуқни совуқ демасдан рўзғор учун, фарзанди ва ўзининг насибаси учун савдо қилишни ҳар ким ҳам эплай олмайди. Бу тоифадаги аёлларда оилани болаларни кам қилмасдан едириб-ичириш, ўқитиш мақсади кучли бўлади, ана шу интилиш иродани мустаҳкамлайди, сабрли бўлишга ундайди.Аста-секин кўнгилсиз бошлаган ишга кўникиб кетади.
Ҳаёт синови бизни бозорда синаётган экан, бу тақдир. Тақдирдан эса қочиб бўлмайди. Орқада фарзандлар-бутун бошли келажак турибди. Буни ҳис қилган аёл бирни икки, иккини тўрт қиламан, деб елади, югуради. Умр эса шу зайлда ўтиб бораверади.
Дилобар МАМАТОВА, журналист
Таҳририят номидан Раъно Зарипова: Мана икки журналист фикрини, икки мулоҳазани ўқидик. Кўриб турибсиз муаммо йўқ эмас. Таморқасини гуллатаётган, оиласидан орттириб ўз маҳсулотини бозорга ҳам олиб чиқа олаётган аёлларга, патент олиб, гўзал ҳунари билан оиласини боқаётган чевар, моҳир ҳунарманд аёлларга эътибор беринг. Улар уйда ўтириб ишласаларда, ҳукуматимиз уларга меҳнат дафтарчаси очиш имкониятини берди.
Балки, бозорчи аёлларнинг ҳам ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиб, меҳнатларини қонуний қадрлаш йўлларини ҳам ўйлаб кўриш керакдир. Дарҳақиқат, бозорчи аёлларнинг хоридорлар билан муносабатини, мулоқат маданиятини юксалтириш лозим. Бунинг учун муомала маданиятида, хушфеълликда мантиқ кўплигини тизимли тартибда ўргатиб туриш яъни малака ошириш курслари ташкил этиш лозим. Ушбу вазифани ташкил этиш учун бозорлар маъмурияти жойлардаги хотин-қизлар қўмиталари билан ҳамкорликда малака ошириш курслари ташкил этиши керакдир. Бозорчи аёллар ҳамиша эл орасида шунинг учун дунёқарашини кенгайтириш, бир-биридан ўрганиб тажриба алмашишига шарт-шароит яратиш лозим. Муаллифлар таъкидлашганидек, муомала маданияти юксак бозорчи аёллар ҳам йўқ эмас. Бу бизнинг таклифимиз. Аввало, ҳар бир кишига Оллоҳимнинг ўзи инсоф берсин.