Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллудининг 70 йиллигига бағишланган «Еркли элнинг эрка шоири» мавзусидаги илмий-амалий анжуман ўтказилди.
Унда соҳа вакиллари, таниқли профессор-ўқитувчилар, олимлар, хорижлик мутахассислар ва ЎзР Маданият вазири Озодбек Назарбеков, шоир Муҳаммад Юсуфнинг умр йўлдоши Назира-ас Салом иштирок этди.
Анжуман қатнашчилари тўрт йўналишда – Муҳаммад Юсуф ижоди адабиётшунослик кўзгусида, Муҳаммад Юсуф шеъриятининг лингвопоэтик хусусиятлари, Муҳаммад Юсуф ижоди ва ўзбек қўшиқчилик санъати, Муҳаммад Юсуф ижоди ва театр санъати дея номланган шўбаларда фаолият юритишди.
Тадбирни институт ректори Элдор Шерманов кириш сўзи билан очиб берди. У анжуман самимийлик ва халчилликка йўғрилган шоир ижодини янада кенг тарғиб этишга хизмат қилишини таъкидлади.
ЎзР Маданият вазири Озодбек Назарбеков ҳам анжуман иштирокчиларини табриклаб, шоирнинг ҳаёти ва ижодини абадийлаштиришга катта ҳисса қўшган олим, санъаткор ва жамоатчилик вакилларини “Муҳаммад Юсуф” номидаги кўкрак нишони билан тақдирлади.
Gujum.uz