Бугун жаҳон спортчилари орзиқиб беш йил кутган кун етиб келди. Яна бир неча соатдан сўнг Япониянинг Токио шаҳрида XXXII ёзги Олимпия ўйинларининг тантанали очилиш маросими бошланади.
Коронавирус пандемияси сабабли ўтган йилга белгиланган ушбу мусобақа 1 йилга кечиктирилди. Бугун бўлиб ўтадиган маросимда иштирокчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қатнашчиларнинг сонига чекловлар қўйилган.
Очилиш маросими Тошкент вақти билан соат 16:00 да старт олади. Унда иштирокчи давлатларнинг марши алоҳида аҳамият касб этадиган жараёндир. Анъанага кўра, парадда биринчи бўлиб замонавий Олимпия ўйинларининг асосчиси ҳисобланмиш Греция чиқиб келади. Шундан сўнг мезбон давлат алифбоси бўйича мамлакатлар кетма-кетлиги “Олимпия стадиони”да кўриниш беради. Эътиборлиси, Ўзбекистон номи япон алифбосида олди қаторлардан бўлиб, тартиб рақам бўйича 25-ўриндан жой олган.
Ҳозир Токиодаги Ўзбекистон делегацияси штабида очилиш маросимига катта тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Жумладан, штабда кичик йиғилиш ўтказилиб, иштирокчилар рўйхати шакллантирилди. Шунингдек, қатнашчиларнинг расмий кийими тайёрланиб, барчаси тахт ҳолатга келтирилмоқда.