Буюк ислоҳотлар, улуғвор  ўзгаришлар шарофати: Бугунги  Урганч 

0
368
марта кўрилган.

Болалигим, ўсмирлигим cобиқ советлар даврининг охирги йилларига тўғри келган. Ҳар мактабнинг ёзги таътилини анамнинг (бувим) уйида ўтказар эдим. Мактабни тугатгач ўқишга кирдим, Армияда Бухорода хизмат қилдим, ишга тушдим, анча йиллар у ерга бора олмадим. Тоғам, бувим оламдан ўтишганида, охирги йўлга кузатиш учун Хоразмга бордим. 

Болалигим ўтган кўчаларни, Урганч шаҳрини кўриб лол қолдим. Мамлакатимиздаги буюк ислоҳотлар, улуғвор  ўзгаришлар, тинчлик осойишталик шарофати эканлигини Урганчнинг янги қиёфасида чуқур ҳис қилдим. Болалигим ўтган кўчаларнинг бутунлай янги жамолидан, кичкинтойларга яратилган шарт-шароитлардан,  гўзалликлардан дилим яйради.

Бувим яшайдиган уйнинг бир томони  Комсомол кўли(бугунги “Ёшлик кўли”), бир томони Урганч шаҳрини тенг иккига бўлиб оқадиган Шовот канали эди. Амударёдан Шовотга ундан ёпга(анҳор) ундан кўлга сув оқиб келиб кўлдан зейкашга қуйиларди. Кўлга сув қуйиладиган жой болалар чўмиладиган маскан бўлиб, у темир арганак(панжара-решетка)лар билан ажратиб қўйилган эди. Бу жой шаҳар болаларининг севимли маскани бўлиб, у пайтлар шаҳарда бирорта болалар бассейнлари йўқ эди. Чўмилиш жойидан  катталар сузиб бориб келаётган оролчаларни томоша қилардик. Катталар  оролчадан болаларга турли хил бақачаноқлар олиб келишарди.  Менга у ер жуда сирли туюларди.

Бир куни бувим тоғамга кема олиб келишни топширди. Биз ҳаммамиз кемага миниб кўлни сайр қилдик ва оролчада тўхтадик. У ер қум барханлари, тиканак гуллар, ёнтоқ билан тўла эди. У ердан бу ерга калтакесаклар югиргилаб ўтиб қолар, тоғаваччам Ўткир айтганидек  бузовошлар қумни  ёриб чиқиб югиргилаб яна қумга сингиб кетарди. “Бу ерда илон ҳам борми?” сўрайман қайноқ қумни суриб жой очаётган тоғамдан. Бўлиши мумкин бу ерга одам деярли ўтмайдику. Ана у қамишлар орасида бўлиши мумкин дейди у.

  – Бузовош чақадими?– сўрайман Ўткирдан

  – Ялаб кетса, шишади ва роса қичишади,– дейди у.

    –  Илон ва бузовош одам келган жойдан қочади,– дейди мени хотиржам қилиш учун бувим.

Тоғам бувимни қумга кўмди ва ўзи чўмилгани кетди. Ўткир унга эргашди. Чўмилгани ҳам бормасдан бувимнинг ёнида йиғлаб турибман. Холам бўлса уларнинг бошида соябон тутиб, бемолол китоб ўқиб  ўтирибдилар.  Мен бувимнинг илон, чаёнлар чўқишидан қўрқиб йиғлаб турибман. Соябон тагига кир сенга бир эртак айтиб бераман,–деди бувим.

Ўшанда бувим бизга Хива шаҳрининг мана шундай қумлар устида бунёд этилгани ҳақида ҳикоя қилди. Бувим билан зиёратга бир неча марта борган эдим. Эртаксимон музей шаҳарнинг ана шундай қум устида қурилганига ишонмадим. Лекин бувимнинг майин овози, қизиқарли ривоятларидан тинчланган эдим.

 

Ана шу островда улуғвор ўзгаришлар бўлганини эшитиб кўргани ўтдим. Ўша кимсасиз масканга бувимларнинг уйи ёнидан кўприк қурилган. Униг ёйсимон ва чиройли решеткаланган жойларига суяниб узоқ-узоқларни кузатдим. Бувимнинг ривоятлари қўлоқим остида жаранглагандек бўлди. Болалигимда қум устида шаҳар қурилишига ишонмаган эдим. Биз остров деб атавчи оролчадаги улуғвор манзарани  кўриб биринчи бор бувимнинг ҳақлигига тан бердим. Оролчанинг биттасида мамлакатимизнинг гўзал тарихий обидалари– Хива, Самарканд, Бухоро, Шаҳрисабз манзаралари акс этган бўлиб, йўлаклари турфа гуллар билан безатилган эди.

Иккинчи томонида эса мамлакатимизнинг тоғли манзаралари яъни ғорни кесиб ўтган поезд ифодаланган бўлиб, ғор ичида эртакларнинг қаҳрамонлари тасвирланган эди. Яна бирида эса ўйингоҳлар ишлаб турарди. Мен бир пайт қўрққан бу оролчада болаларнинг қувноқ товушлари жаранглаб миллий қўшиқлар тараларди. Биллур булоқ сувлари билан безанган шаршаларни томоша қилиб пароход-кафега кирдим. Бу ерда ота-оналари билан музқаймоқ еб ўтирган болаларни, кўзни қувнатадиган манзараларни завқ билан томоша қилдим. Оппоқ биллурдек аркадан чиқиб, Шовот бўйларига йўл олдим.

Шарифбой тоғамнинг кўп қаватли уйи Шовот каналининг бўйида жойлашган бўлиб, каналнинг энг обод жойи шу ерлар эди. Бинонинг тепасига чиқиб биз Урганч шаҳри манзараларини Ўткирбек билан томоша қилардик. У пайтлар саноқлигина  кўп қаватли уйлар бор эди. Шовотнинг шиддат билан оқиши бизга завқ-шавқ бағишларди.  У тепадан жуда гўзал кўринар эди. Шарифбой тоғам биз болаларни дам олиш кунлари  Шовотга чўмилишга олиб борарди. Биз у ерга тушишга қўрқардик, чунки, тез оқарди. Бизни бўйнига ўтқазиб навбатма навбат сувга олиб кириб бўйнида чўмилтириб, яна чеккага олиб чиқиб қўярди. Шовот бўйлари қумлик, тиканаклар ўсган, дам олувчилар ташлаб кетган шишалар билан тўла эди. Бир сўз билан айтганда қаровсиз эди. Навбатдаги чўмилишга бораётганда биз Ўткир билан беллашадиган бўлдик Қум қайнаб турар оёқ қўйиб бўлмас эди.  Ким шу қумликдан тез югириб ўтади деб беллашдик. Мен оёғимни кесиб олдим. Тоғам оёғимни боғлаб қўйди-да мени тинчлантириш учун Хоразмшоҳлар давлати, Чингизхонга қарши курашган Жалолиддин Мангуберди жасорати ҳақида гапириб берди. Мен шундай ботир ўғлонни кўргим келди.

– Тоға Хивага олиб бориб кўрсатиб келинг,- сўрадим.

– Олиб борардиму, у кишига қўйилган ёдгорлик йўқ,– дедилар.

–Ленин бобо, Пушкин, Максим Горкий, Комонавтларнинг ҳайкаллари бор-ку уларники нега йўқ,- дея ажабландим.

Ҳозир ўша дамларни эслаб Шовот бўйидаги обод манзараларга қиёслаб қалбим тоғдек юксалди. Равон асвальт йўллар, йўлакларга уйғун чароғон чироқлар, иккала қирғоқни туташтирувчи замонавий кўприклар кўзни қувонтиради. Энг асосийси болаликда кўп эшитганим, мен учун юксак қаҳрамонлик тимсоли бўлган Жалолиддин Мангуберди майдони бунёд этилган бўлиб, севимли қаҳрамонимнинг сиймоси қад ростлаган эди.

Ер юзидаги биринчи қўл ёзма бизнинг мамлакатимизга дахлдор эканлигини тасдиқловчи Авесто майдони, БМТининг бу  китоб ҳақидаги фикрлари Шовот бўйларини безаб турибди.

  Бу ердан ўтиб Ал Хоразмий ёдгорлиги пойига бориб, алломага таъзим бажо келтирдим. Болалигимда орзу қилган нарсаларни кўриб кўнглим яйради. Худди ана шундай қадриятларимизга монанд қилиб обод қилинган Шовот бўйларини махсус саёҳат учун қўйилган пароходда айланиб чиқдим. Шовот бўйларининг ободонлаштирилгани, миллий урф-одатларга муносиб маданий дам оладиган майдонлар ва маиший хизмат кўрсатадиган мўъжазгина бинолар вужудга келганлиги кишини қувонтиради. Мустақил Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов таъкидлаганидек, “Ўтмишсиз келажак йўқ”лигини қалбимга яна бир бой туйдим.

Бир пайтлар бувим дугонасини йўқлаб борадиган темир йўл бўйидаги пастқам, жин кўчаларни кўриш учун шу ёққа бурилдим. У кўчалардан асар қолмаганди. У ер эндиликда “Ёшлик” кўчаси деб аталган бўлиб, бир-бирига уйғун замонавий услабда қурилган ҳовлилар вужудга келибди.

“Ёшлик” спорт мажмуаси ҳам шу ерда ишга тушган экан. Ўн гектар ерни эгаллаган мажмуадаги бассейнга кириб болалигимизда шаҳарда болалар ҳовузи бўлмаганини эсладим. Спорт устаси болаларнинг ҳаракатларини назорат қилиб эпчилликка ўргатаяпти. Болаларни беллашувини ҳам ташкил этиб, рағбатлантираяпти. Замон талабларига мос улуғвор бассейндан чиқиб, бадиий гимнастика билан шуғулланаётган қизларнинг гўзал ҳаракатларини томоша қилиб, гўзал шаҳарга гўзал ҳаракатлар ярашади, деб  қўяман.

Миллий кураш йўналишига кириб  бувим ҳикоя килган Паҳлавон Махмудни кўз олдимга келтирдим. Иншоллоҳ, бу ердан яна жаҳонни эзгулиги ва жасоратидан лол колдирган Паҳлавод Махмудлар чиқишини тиладим. У ердан чиқиб Олимпия заҳиралари коллежига кирдим. Ўқув залларидан, машғулот майдонларидан чиқиб келаётган гуррос-гуррос болаларни кўриб, мамлакатимизнинг биринчи Президенти айтган “Болаларимиз биздан билимли, кучли, доно ва албатта бахтли бўлиши керак деган сўзларини эсладим. Албатта бугунги ёшлар бахт ва саодат қучоғида. Айниқса кейинги икки йил ичида жаҳоннинг спорт майдонларидаги беллашувларида мамлакатимиз ёшларининг эришаётган ютуқлари барча соҳадаги кенг қамровли ислоҳотларнинг самараси десак арзийди.

 Кўрганларим, эслаганларим биздан “обод ва озод ватан қолсин” деган ҳикматли сўзларни эслатди.

 

Жавлон САЪДУЛЛАЕВ

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.