Буюк тоғлар қуламайди

0
344
марта кўрилган.

Барчангизни, бугунги қутлуғ анжуман, том маънодаги адабиёт байрами – буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллиги билан, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси номидан муборакбод этаман. 

Аввало шуни мамнуният билан таъкидлашни истардимки, муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг 2018 йил 2 апрелдаги “Буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори мамлакатимиз маънавий-маърифий ҳаётида улкан воқеа бўлди. Бунга боис, қардош ва қондош қирғиз халқининг буюк фарзанди Чингиз Айтматовни ўзбек китобхони, ўзбек халқи ўзининг ўз ёзувчиси деб ҳисоблайди. Яқин 50-60 йилдан бери буюк адибнинг ҳикоя ва қиссалари, романлари дунёга келиши билан она тилимизга таржима қилиб келинади. Шу кунгача Чингиз Айтматовнинг Ўзбекистонда нашр этилган китоблари адади бир миллиондан ошиб кетган бўлса-да, буюк адибнинг асарларини қайта-қайта нашр этишга яна эҳтиёж туғилади. Чунки Чингиз Айтматов асарлари, қаҳрамонлари ўзбек руҳига яқин, ўзбек дардига, ғаму ташвишларига ҳамоҳанг эди. Ўз навбатида буюк адиб ҳам ўзбекни ўз оғам деб, бовурдошим деб суйганини, ўрни келганда халқаро минбарларда туриб халқимизни жасорат билан ҳимоя қилганини, биз ҳеч қачон унутмаймиз. Шу сабабли ҳам Президентимизнинг ушбу тарихий Қарорини юртимиздаги кексаю ёш – ҳамма бирдек мамнуният билан, катта қувонч ва ифтихор билан қарши олди. 

“Буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов нафақат қирғиз эли, айни пайтда бутун туркий мамлакатлар, жумладан, ўзбек халқи учун ҳам азиз ва қадрли сиймо, Ўзбекистоннинг улкан дўсти эди… Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги муносабатлар тарихида янги давр бошланган ҳозирги пайтда Чингиз Айтматовнинг ўлмас бадиий мероси халқларимиз учун янада муҳим аҳамият касб этмоқда…” 

Бу мазмуни бебаҳо иқтибос давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 2 апрелда қабул қилган қарорида ёрқин акс этиб турибди. 

Дарҳақиқат, туркий адабиётнинг буюк сиймоси ўз асарларида олижанобликни, меҳр-оқибатни, қардошликни, бирдамликни, ҳамжиҳатликни тараннум этди. Биргаликда яратган ўтмишимизни авайлаб асрашга, келажак сари қўлни қўлга бериб, дадил интилишга чақирди. Лекин давр, замон адибга қулоқ тутмади. Чингиз оға ҳар сафар Тошкентга келганида улкан умидларни кўнглига тугарди. Чунки у бир кунмас-бир кун бу азим шаҳар Марказий Осиё давлатларига эзгуликка йўғрилган умидбахш таклифларни, хушхабарларни йўллашини биларди ва бунга ишонарди ҳам. 

Бугун Ўзбекистон Президенти Марказий Осиёни буткул ижобий ҳамкорлик ва биродарликка асосланган маконга айлантириб юборганини халқаро экспертлар, таҳлилчилар, давлатлар раҳбарлари, турли мамлакатларнинг таниқли шоирлари ва ёзувчилари эътироф этишмоқда. 

Чингиз Айтматов ҳаёт бўлганида ҳозирги воқеликдан нақадар қувонган бўларди. Балки дунёни яна бир бор ҳайратга соладиган асар битармиди?! 

Шу йилнинг 4 – 7 октябрь кунлари адиб таваллудининг 90 йиллик санасига бағишлаб Қирғизистоннинг Бишкек ҳамда Чўлпон ота шаҳарларида “Чингиз Айтматов ва бугунги давр таҳдидлари” шиори остида ўтказилган халқаро Иссиқкўл форумига йўл оларканмиз, ана шундай ҳис-ҳаяжонлар кўнглимиздан кечарди. Ўттиз икки йиллик тарихга эга анжуман вақт тегирмонида неча-неча эврилишларни бошдан кечирмади. Аммо тўхтаб қолмади, яхшилик яловини баланд кўтариб келмоқда. 

“Маданият — бутун инсоният асрлар давомида бунёд этган иккинчи оламдир”, деган эди улуғ адиб 1997 йилнинг 16 июлида Бишкекда ўтказилган Иссиқкўл форумида сўзлаган маърузасида. 

Олам ичра иккинчи буюк олам, яъни одамзод ўзи барпо этган Буюк тамаддун биноси, қасри бунёдини асраб қолиш, ҳар қандай вазиятда ҳам “умумбашарий тафаккур” билан иш кўрмоқ масаласи бугунги сертаҳлика дунёда, айниқса, янада долзарб муаммога айланди. Меҳру оқибат, оилапарварлик, тинчлик ва тотувлик, одам болаларининг маънавий камолоти сингари юксак инсоний туйғулар ҳам бугунги кунда умумбашарий аҳамият ҳамда эътиборни тақозо этаётир. Табиат муҳофазаси, Еру осмон, сув ва ҳаво тозалиги, ўсимлик ҳамда ҳайвонот дунёси Одам Ато ва Момо Ҳаво фарзандларининг тоза ҳамда мусаффо инсоний муносабатига муҳтож бир пайтда, адабиётнинг ўрни, ёзувчининг сў 
зи сув ва ҳаводек зарурлигини Чингиз Айтматовдек улуғ адиб ўз ижоди билан ҳозир ҳам исботлаб турибди. Иссиқкўл форумида, буюк адибнинг ўзи жисмонан иштирок этмаса-да, унинг тоғдек сўзи янграб-гулдираб турганини анжуман қатнашчилари ҳар қадамда юракдан ҳис қилиб, сезиб юрдилар. 

Дунёнинг 30 мамлакатидан кўплаб фан ва маданият арбоблари, таниқли адиблар ҳамда таржимонлар, ноширлару муҳаррирлар иштирок этган анжуманда раислик қилган таниқли олим ва адиб Усмонохун Иброҳимов Ўзбекистондан борган делегация вакилига сўз беришдан аввал катта завқу ҳаяжон билан чуқур миннатдорлик туйғуларини изҳор этаркан, шундай деди: 

“Биз Ўзбекистон Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевдан, ўзбек халқидан жуда миннатдормиз. Ҳали бошқа бирор-бир мамлакатда бошқа бир миллатнинг адиби тўғрисида давлат раҳбарининг махсус қарори чиққан эмас. Очиғини айтиш керак, Ўзбекистонда Чингиз Айтматов асарларини биздан кўра кўпроқ ўқишади. Чингиз Айтматов аллақачон ўзбекларнинг ўз туғишган адибига айланганини чуқур мамнуният билан эътироф этиш керак. Яна бир марта миннатдорлигимизни қабул қилгайсиз”. 

Айтиш жоизки, биз бу ҳурмат ва эътирофни бутун анжуман давомида ҳис этиб турдик. 

Дунё бизни, биз дунёни ўзгартирамиз. Буюк адибнинг бундан қирқ йиллар аввал айтган ўлмас сўзлари ҳозир ҳам ўз аҳамиятини йўқотган эмас. Чингиз Айтматов сабоқлари ҳар бир зиёлини, адабиёт аҳлини дунёга холис назар ташлаб, унинг муаммоларига ижодкорона ёндашиб, бақамти ечим топишга ундайди… 

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 2 апрелдаги тарихий Қарори ижроси юзасидан юртимизда бир қатор тадбирлар амалга оширилди. 

Ўзбекистон Миллий Университетида 2018 йил май ойидан бошлаб “Чингиз Айтматов ва Ўзбекистон” номли доимий экспозиция очилди. “Чингиз Айтматов ва Ўзбекистон” мавзусида давра суҳбати, “Чингиз Айтматов ўзбек халқи учун азиз ва қадрли сиймо” мавзусида ижодий кеча, Ўзбекистон Фанлар Академияси ва Ёзувчилар уюшмаси ҳамкорлигида “Чингиз Айтматов ва ўзбек адабиёти” мавзусида илмий конференция ўтказилди. 

Чингиз Айтматов қиссаларидан иборат 50 босма тобоқли ”Сайланма”си қайта нашр этилди. Адибнинг “Биринчи муаллим” қиссаси Асил Рашидов томонидан таржима қилинди. Аҳмаджон Мелибоевнинг “Чингиз Айтматов ва Ўзбекистон”, Адҳамбек Алимбековнинг “Чингиз Айтматов — бовурим”, Йўлдош Солижоновнинг “Ижоднинг машаққатли йўли”, Сайди Умировнинг “Чингиз Айтматов — публицист ва мунаққид” номли илмий-бадиий рисолалари нашр этилди. 

Ёзувчи асарлари асосида мамлакатимиз театрларида “Жамила”, “Оқ кема”, “Сарвқомат дилбарим”, “Соҳил бўйлаб чопаётган олапар”, “Биринчи муаллим” каби янги спектакллар саҳналаштирилди. Ўзбек-қирғиз кино ижодкорлари ҳамкорлигида “Сарвқомат дилбарим” номли бадиий фильм суратга олинди. 

Куни кеча эса Тошкент вилояти Паркент туманидаги 33-мактабда адиб бюстининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Пойтахтимизнинг марказий кўчаларидан бири Чингиз Айтматов номи билан аталадиган бўлди. 

Буларнинг барчаси ўзбек-қирғиз халқлари ўртасидаги маданий-адабий қардошлик алоқаларини мустаҳкамлашга, уларнинг маънавий қарашларини, қадриятларини тарғиб қилишга икки халқ маданиятини янги, юксак поғоналарга кўтаришга, шубҳасиз улкан ҳисса қўшади. 

Беназир адибнинг сўнгги романи “Тоғлар ҳам қулайди” деб номланган. Улуғ адибдан тирик ва барҳаёт мерос бўлиб қолган Иссиқкўл анжуманидан Ўзбекистонга қайтар эканмиз, ўшанда кўнглимиздан кечган бир ташбеҳни ҳозир ҳам баралла айтгим келади: Йўқ, буюк тоғлар қуламайди, Чингиз оға! Айниқса, жаҳолатга қарши маърифат билан курашувчи дарёдек уйғоқ раҳнамолар бор экан, халқларимизнинг сиз янглиғ, сизнинг асарларингиз янглиғ маънавият қоялари пойдор ва устувор экан — тоғлар қуламайди! 

Сирожиддин САЙЙИД,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, 
Халқ шоири 

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.