Cамарқанд шаҳрида халқ депутатлари вилоят кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди

0
189
марта кўрилган.

Сессияда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев юртимиз равнақи йўлида фидокорона меҳнат қилаётган Самарқанд аҳлига чуқур ҳурматини билдириб, иқтисодий-ижтимоий соҳаларни ривожлантириш, халқимиз ҳаётини яхшилаш бўйича вилоятда ҳам кўп ишлар қилинаётганини таъкидлади.

Жумладан, «Обод қишлоқ», «Обод маҳалла» дастурлари доирасида йигирма тўққизта қишлоқ, тўртта маҳаллада қарийб 200 миллиард сўмлик қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилган. Ўтган йили 1 минг 500 квартирали 36 та кўп қаватли уй, 2 минг 349 та арзон уй-жой барпо этилиб, эгаларига топширилган. Олтмишга яқин давлат болалар боғчаси қурилиб, 356 та хусусий мактабгача таълим муассасаси ташкил этилган. Соғлиқни сақлаш, аёлларни қўллаб-қувватлаш, коммунал тармоқларни реконструкция қилиш бўйича ҳам аниқ манзилли ишлар бажарилган.

Давлатимиз раҳбари Германиянинг етакчи университетлари билан ҳамкорлик ўрнатиб, Самарқандда «рақамли иқтисодиёт» учун кадрлар тайёрлашни йўлга қўйиш бўйича кўрсатма берди.

Президентимиз вилоят иқтисодиётини ривожлантириш, инвестициялар жалб этишни фаоллаштириш бўйича галдаги вазифаларни кўрсатиб ўтди.

— Вилоят иқтисодиётини ривожлантириш, инвестиция жараёнини фаоллаштириб, янги корхоналар қуриш ва иш ўринларини кўпайтириш энг муҳим ва устувор йўналиш ҳисобланади. Ўтган йили вилоятда 448 та объект ишга туширилиб, 8 минг 700 дан ортиқ иш ўрни яратилган. Лекин Самарқанддек катта салоҳиятга эга ҳудуд учун бу етарли эмас, — деди Шавкат Мирзиёев.

Шу мақсадда 2019-2020 йилларда амалга ошириладиган 968 та инвестиция лойиҳаси шакллантирилгани, хорижий давлатлар билан ҳамкорликда йирик саноат корхоналари ташкил этилиши маълум қилинди.

Самарқанднинг туризм салоҳиятидан фойдаланиш, қишлоқ хўжалигини диверсификация қилиш, тадбиркорликни ривожлантириш бўйича топшириқлар берилди.

Сессияда Самарқанд вилоятига ҳоким тасдиқлаш борасидаги Президент Шавкат Мирзиёевнинг тавсияси Халқ депутатлари Самарқанд вилояти кенгаши томонидан қўллаб-қувватланди. Эркинжон Турдимов Самарқанд вилоятининг ҳокими этиб тасдиқланди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Самарқандга ташрифи ниҳоясига етди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.