Пойтахтимиздаги Олимпия шон-шуҳрати музейида 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан «Чемпионлар юрт фахри» тадбири ташкил қилинди.
Тадбирда яқинда Москва шаҳрида “Меҳрибонлик уйи” тарбияланувчилари ўртасида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида ғолибликни қўлга киритган ёш футболчиларга Миллий олимпия қўмитаси совғалари – велосипедлар тақдим этилди.
Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби Жасур Матчанов ёш чемпионларни ғалаба билан табриклаб, самимий тилаклар билдирди: «Сизнинг ғалабангиз барча тенгдошларингизнинг ғалабаси! Ушбу ютуқларингиз юртимизда соғлом авлод тарбиялашга кенг имкониятлар яратилаётганлигини ўзида ифода этади. Сиз бугун ўз муассасаларингиз қаҳрамонларисиз. Сафдошларингиз сизларга қараб янги марраларга интиладилар. Келажакда янада улуғвор муваффақиятлар тилаб қоламан».
Тақдирлаш маросимидан сўнг «Булбулча» болалар ашула ва рақс гуруҳи ўзларининг жозибадор куй ва қўшиқлари билан барчани ҳушнуд этишди. Тадбир якунида унинг иштирокчилари ёш чемпионларга ўзлари қизиққан саволлар билан мурожаат қилишди. Тадбир сермазмун ва қизғин кечди.
Ж. Саъдуллаев