Чироқ ҳам ёнди, кўнгиллар ҳам ёришди…

0
159
марта кўрилган.

Ҳаётда кутилмаган воқеалар, вазиятлар, тасодифлар ҳам юз бериб туриши бор гап. Аммо… шу йилнинг 25 январидаги вазиятга ўхшаш воқеа юртимизда қачон бўлган, айтиш қийин. Ҳа, Қозоғистон ҳудудида  электр тармоғида юз берган катта носозлик, авария сабаб узоқ йиллар давомида бўлмаган, кузатилмаган ҳолат юз берди.

Марказий Осиё ягона электр тармоғига уланган мамлакатимиз электр тизими ҳам ана шу ҳалокатли воқеа туфайли, пойтахт Тошкентдан тортиб, республикамизнинг деярли барча ҳудудлари бир вақтда электр таъминотисиз қолди.

Бу жуда кўплаб муаммоларни келтириб чиқарди, албатта. Тошкентда ер ости йўли—метро тўхтади. Электр ўчган вақтда метрода бўлган йўловчилар эвакуация қилинди. Ҳатто  маълум муддат аэропортларимиз фаолият кўрсатолмай қолди. Аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш, иссиқ сув етказиб бериш, иситиш тизимларида муаммолар юзага келди. Аксарият АЁҚШлар ишламай қолди. Айримларида узун навбатлар ҳосил бўлди…

Бор йўғи 5-6 соатлик боринг, ярим кунлик кутилмаган вазият шунча ташвиш олиб келди. Корхоналар ва муассасаларда вақтинча иш тўхтади, гўё.

Рости, юртимизда бунақаси ҳеч қачон бўлмаган эди. Шукрки, вазият тез фурсатларда ўнглангани, аэропортлар ишга тушгани хабар қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг матбуот котиби Шерзод Асадов вазият шахсан Президентимиз назорати остида эканлиги, Ўзбекистон энергия тизимини барқарорлаштириш ҳамда электр таъминоти ва бошқа тармоқлар ишини тиклаш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида деярли ҳар дақиқа давлатимиз раҳбарига ахборот берилаётганини маълум қилди. Президент топшириғига биноан электр энергияси таъминотида юзага келган носозликлар сабабини аниқлаш ва бартараф этиш бўйича Бош вазир ҳузурида ҳукумат комиссияси тузилди. Комиссия томонидан, биринчи навбатда, генерация жараёнини тиклаш ҳамда юқори ва паст кучланишли электр тармоқларига кучланиш бериш орқали истеъмолчиларнинг электр таъминотини тиклаш вазифаси қўйилди.

Албатта, бу муаммо умумминтақавий энергия тизими доирасида юзага келган носозликлар оқибатида келиб чиққанидан бутун халқимиз ўз вақтида хабардор этилди.

Куннинг иккинчи ярмида ва кеч 24:00га қадар пойтахт Тошкентда ва мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида электр энергияси таъминоти босқичма-босқич қайта тикланди.

Электр энергияси шу қадар муҳим, стратегик аҳамиятга молик эканлигини билардик, бир-икки соат чироқ бўлмаса бетоқатланишимиз ҳам бор гап эди. Лекин мамлакат миқёсида, бунинг устига Марказий Осиё­даги бир нечта мамлакатларда бирданига, яъни бир вақтнинг ўзида электр энергиядан мосуво бўлиб қолиши… бу чиндан ҳам кутилмаган фавқулодда вазият эди, десак хато бўлмас.

Айтайлик, шаҳарларимизда гоҳо светофорларнинг ишламай қолиши тез-тез бўлиб турадиган камчилик. Аммо шу нарса бизда йўловчиларнинг, автоулов бошқарувчи юртдошларимизнинг  маданиятини ҳам кўрсатадиган омил вазифасини ўтайди: светофор ишламайдими, тамом, ҳеч ким, ҳеч кимга йўл бермайди. Ҳамма зўр, ҳамманинг иши зарил, ҳамманинг вақти йўқ. Чорраҳа — автомашиналар кўпкариси бўлар эди, баланд сигналлар чалиниб керак бўлса, соатлаб “пробка” ҳосил бўларди-қоларди.

Кеча эса… ИИВ ЙҲХХ ходимларига раҳмат. Айниқса, асосий чорраҳаларда “ГАИ”лар астойдил меҳнат қилишди. Тирбандликларнинг, керак бўлса қанча кўнгилсизликларнинг олди олинди. Ҳа, уларга раҳмат, йўлда кун бўйи қатъий режимда транспортлар ҳаракатини назорат қилиб  туришнинг, бундай вазиятларда йўлларда тирбандликлар юзага келмаслигини таъминлашнинг ўзи бўлмайди.

 “…Мамлакатимизнинг айрим ҳудудларида электр таъминотининг фавқулодда узилиши оқибатида, жамоат тартибини сақлаш, йўлларда тартибни таъминлаш, фуқаролар ва уларнинг мулкларига зиён етказилишини олдини олиш тадбирларига Ички ишлар вазирлигининг барча шахсий таркиби жалб этилган.

 Ҳозирги вақтда, республикада мавжуд пат­руллик йўналишларига қўшимча равишда 6600 дан зиёд йўналишлар ташкил этилиб, 1400 дан ортиқ махсус автотранспорт ва 12 минг нафардан ошиқ шахсий таркиб хизмат олиб бормоқда”, деб баёнот берди ИИВ.

Гуруч курмаксиз бўлмаганидек, баъзи одамлар ҳар нарсадан бунчалик ваҳимага, таҳликага тушмаса эди. Дўконларда ҳеч кимга керак бўлмаган шамлар тала-тала бўлиб кетди. 5-10 литрлик сувларни қўйинг, ҳатто 1 литрлик ҳажм­­ли идишга қадоқланган сувлар ҳам талаш бўлди. Ҳатто айтишларича, кимлардир гугурт, ун, ёғ каби кундалик эҳтиёж маҳсулотларини ҳам ортиқча олишга улгургани билан кўнг­­ли тас­кин топибди.

Халқимизда “Бирни кўриб шукр қил, бирни кўриб фикр қил” деган ҳикмат бор.

Бу воқеа сабаб кўнгилдан кўп ўйлар кечади. Ахир бундан ҳатто 40-50 йил аввал ота-боболаримиз свет, газ нима эканлигини билганмиди, кўрганмиди? Қишнинг совуқ қора кунларида ўчоқда ғўзапоя ёқиб, овқат пишириб, чой қайнатишган оналаримиз, момоларимиз. Тўғри, у замонлар ўтмиш. Бугун ҳамма нарса бошқача. Шукрки, шундай.

Лекин ўйлаб кўринг, бугун ҳам Ер юзининг қанча жойида чироқ, газ бормикан?! Йўқ!

Чунки тинчлик йўқ, уруш, портлашлар ичра ойлаб, ҳатто йиллаб не-не балоларни бошидан ўтказаётган миллионлаб одамларни ўйлаб кўрайлик-а! Демак, ҳамиша юртимиздаги тинчликнинг, хотиржамликнинг қадрига етишимиз керак. Яна қанча одамлар ўзи ишлатган электр, газ ҳақини тўлагиси келмайди. Бу учун қанча ижрочилар-у ходимлар сарсон.

“Ҳудудгазтаъминот” АЖ эса кеча истеъмолчиларга қулайлик яратиш мақсадида табиий газдан қарздорлик учун автоматик равишда ўчириш вақтинчалик тўхтатилганлигини маълум қилди. Бундан ташқари, газ истеъмоли билан боғлиқ муаммолар юзага келган тақдирда амал қилиш лозим бўлган йўл-йўриқларни билдирди.

Энергетика, Фавқулодда вазиятлар, ИИВ, Соғлиқни сақлаш, Уй-жой ва коммунал хўжалиги вазирликлари ўз йўналишларида барча сафарбарлик ҳаракатларини амалга оширди.

Ягона умумреспублика процессинг маркази эса UZCARD ва HUMO тизимлари ишлаши, молиявий операцияларни ўтказишда тизимлар тарафидан чекловлар ва узилишлар йўқлигини маълум қилди.

Шундай бўлса-да, ижтимоий тармоқлар ва айрим Telegram каналлари уч кун давомида электр энергияси бўлмаслиги, ёнилғи етишмаётганлиги сабабли тез орада мобиль алоқа ҳам узилиши тўғрисида асоссиз ва ёлғон хабарларни тарқатди.

Ёлғоннинг умри қисқа деганларидек, бу сафсаталар ўринсиз эканлиги маълум бўлди. Мана, давлатимиз раҳбарининг иродаси туфайли барча керакли чоралар тезкорлик билан кўрилди. Халқимизнинг эса оғир ва вазмин, мулоҳазакорлик билан муносабатда бўлганлиги эътиборлидир.

Шундай бўлса-да, юқоридаги фикрлар билан бирга шубҳасиз бундай вазиятларда ҳали соҳадаги айрим муаммолар ҳам янада ойдинроқ, янада яққолроқ кўриниб қолганини ҳам инкор қилиб бўлмайди. Айниқса, шифохоналар, болалар боғчалари, узлуксиз фаолият олиб борувчи муассасаларнинг ҳаммасида ҳам вақтинчалик, яъни маълум муддатга электр энер­гияси берувчи махсус қурилмалар етишмас экан. Айниқса, чекка ҳудудларда, туманларда.

Тан олиш керак, яхшиям Президентимизнинг узоқни кўра билгани, зарур чора-тадбирлар, қанча молиявий ресурсларни жалб қилиш йўлидаги саъй-ҳаракатлари боис, сўнгги йилларда энергетика тизимида жуда кўп ислоҳотлар, амалий ишлар қилинди, бир неча электр станциялари қурилиб, ишга туширилди.

Эслайлик, узоқ эмас, бундан бор йўғи 5-6 йил олдин вилоятларда 15-18 соатлаб электр токи берилмаслиги ҳақиқат эди-ку!

Шубҳасиз, энди табиий ресурслардан фойдаланиш, муқобил энергия манбаларини ривож­лантириш йўлидаги истиқболли лойиҳаларни тезроқ қўллаб-қувватлаш, йўлга қўйиш муҳимлигини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди.

Хайрият, босқичма-босқич равишда электр таъминотидаги узилишларга барҳам берилди. Чироқ ҳам ёнди. Уйларимиз билан бирга кўнгиллар ҳам ёришди.

Ҳа, бугун деярли ҳамма нарса электр энергиясига боғлиқлиги янада теран аёнлашди. Ҳатто оддий қўлимиздаги телефонга қувват бериш учун ҳам электр керак, бу оддий ҳақиқат. Яна бир ҳақиқат шундаки, шу куни “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ, иссиқ сув, совуқ сув таъминотига дахлдор ташкилотлар, “Ҳудуд­газтаъминот”, умуман коммунал соҳадаги минг-минглаб юртдошларимиз, тизимдаги мутасаддилар ва бошқа раҳбарлар уйқу нималигини билишмади.

Бу тасодифий синовлар эртанги кунимизни, она диёримизда олиб борилаётган улуғ яратувчилик юмушларига асло соя сололмаслигини ватандошларимиз амалда исботлашди. Энг муҳими, халқ ва давлат ана шу кутилмаган, фавқулодда вазиятда, синовли дамларда бирдамлигини, ўзаро ишонч ва собитқадамлигини намоён этди.

Кези келганда таъкидлаш жоизки, бу жараёнда оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда ахборот хизмати ходимлари муҳим вазифани адо этишди. Улар ҳар дақиқада бўлаётган воқеалар, амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида аҳолига тезкор ва холис ахборот етказишди, мутасадди идоралар аҳолига тавсия ва эълонларни бот-бот тарқатишди. Натижада халқимиз ўртасида турли миш-мишлар тарқалишига, ваҳима уйғонишига чек қў­йилди, электр ва коммунал хизматлар босқичма-босқич тикланаётгани ҳақида хабардор этиб, кўнгилларга таскин беришди. Акс ҳолда одамлар орасида турли миш-мишлар тарқатиб, ваҳима уйғотишга шай турган баъзи бир панада турувчи кучлар вазиятдан фойдаланиб қолмоқчи бўлганлиги ҳам яққол сезилиб қолди.

Шу боис куни кеча Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясини белгилаш ҳамда уни жорий йилда амалга ошириш масалалари муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида Президентимиз мазкур вазият ҳақида тўхталар экан, оммавий ахборот воситалари вакиллари бу жараёнда катта кўмак берганлигини ва мутасадди идоралар ходимлари билан баҳамжиҳат иш олиб борганликларини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, давлатимиз раҳбари сабр-тоқатли халқимизга, кечаги экстремал вазиятда ўзаро баҳамжиҳат ишлаган барча тузилмалар ходимларига, айниқса, оммавий ахборот воситалари вакилларига ўз миннатдорлигини билдирди. Бу эса барча ҳамкасбларимиз учун улкан шараф.

Олимжон ЎСАРОВ,
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.