Cтратегик лойиҳалар электр энергияси билан барқарор таъминланади

0
68
марта кўрилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 26 январь куни Навоий кон-металлургия комбинати томонидан 2026 йилгача қуриладиган янги ишлаб чиқариш қувватларини кафолатланган электр энергияси билан таъминлаш дастурини амалга ошириш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот хизмати хабар қилди.

Навоий кон-металлургия комбинати мамлакатимиз иқтисодиётига улкан ҳисса қўшадиган йирик муассасадир. Президентимиз томонидан комбинатнинг салоҳиятини янада ошириш, корхоналарни модернизация қилиш ва янгиларини ишга тушириш бўйича қатор чора-тадбирлар белгиланган. Хусусан, 2026 йилгача қиймати 3 миллиард доллар бўлган 27 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш ишлари бошлаб юборилган.

Биз ўз олдимизга улкан марралар қўйганмиз, деди давлатимиз раҳбари. Бу стратегик қувватлар ишга тушиши билан мамлакатимиз иқтисодиётига ҳар йили бир миллиард доллардан зиёд қўшимча маблағ тушади, одамлар янги иш ўринлари билан таъминланади.

Дарҳақиқат, мазкур 27 та лойиҳани амалга ошириш натижасида Навоий кон-металлургия комбинатининг ишлаб чиқариш ҳажми 30 фоизга ошади, 30 мингдан ортиқ қўшимча иш ўрни яратилади.

Бундай кўп ва йирик корхоналарни қуриш ҳамда узлуксиз ишлашини таъминлаш учун қўшимча энергия ресурсларига эҳтиёж туғилади. Хусусан, 2026 йилга бориб Навоий кон-металлургия комбинатининг электр энергиясига бўлган талаби 303 мегаваттга ошиб, 703 мегаваттга етади.
Йиғилишда комбинатдаги янги қувватларни электр энергияси билан таъминлашга қаратилган лойиҳаларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш борасидаги ишлар атрофлича муҳокама этилди.

Жорий йил 9 январь куни Навоий кон-металлургия комбинатининг янги объектлари, жумладан, 2 та йирик гидрометаллургия заводини электр энергияси билан таъминлаш мақсадида алоҳида дастур қабул қилинди. Унга мувофиқ, қиймати 1 миллиард 900 миллион долларлик 16 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилади.

Жумладан, Тахиатош иссиқлик электр станциясида 2019 йилда умумий қуввати 510 мегаватт бўлган 2 та янги энергоблок қурилиб, жами қуввати 1 минг 10 мегаваттга етказилади. Навоий иссиқлик электр станциясида 2019 йил ва 2023 йилда қуввати 450 мегаваттдан бўлган 2 та буғ-газ қурилмаси қурилиб, станциянинг жами қуввати 2 минг 258 мегаваттга етказилади. Бундан ташқари, 10 та подстанция ва 1 минг километрдан зиёд ташқи электр тармоқлари қурилади.

Президентимиз мазкур ишларнинг аҳамиятини алоҳида таъкидлаб, бу борадаги долзарб вазифаларни белгилаб берди.

Янги ишлаб чиқариш қувватларини электр энергияси билан таъминлашга қаратилган ҳар бир инвестиция лойиҳаси бўйича “йўл харита”ларини ишлаб чиқиш, уларда лойиҳа ҳужжатларини тайёрлашдан тортиб, объектларни фойдаланишга топширишгача бўлган ҳар бир жараённинг аниқ муддатлари белгилаш зарурлиги қайд этилди.

Энергетика соҳасини 2018-2028 йилларда ривожлантириш Концепциясини ишлаб чиқиш, бунда қайта тикланадиган, муқобил энергия манбаларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиш вазифаси қўйилди.

Лойиҳаолди ҳужжатлари ва импорт шартномаларини тез ва сифатли экспертизадан ўтказиш, жараёнга чуқур билимга эга мутахассисларни жалб этиш бўйича топшириқлар берилди.

Буғ-газ қурилмаларини барпо этишни видеокузатув орқали назорат қилиш, қурилиш, электр энергияси ишлаб чиқариш, узатиш ва истеъмол қилиш жараёнлари хавфсизлигини таъминлаш масалаларига эътибор қаратилди.

“Ўзбекэнерго” компаниясига қурилиш ишларига тармоқ корхоналарини кенгроқ жалб қилиш ҳамда маҳаллий маҳсулотлардан фойдаланиш, бунинг учун тизимдаги пудрат ташкилотларини моддий-техник базасини мустаҳкамлаш топширилди. 

Мазкур компанияни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, лойиҳаларни хорижий сармоядорлар иштирокида молиялаштириш ва бошқа масалалар кўриб чиқилди.
Муҳокама қилинган масалалар юзасидан тегишли топшириқлар берилди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.