Тожикистон раҳбари Эмомали Раҳмон Президент Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлигида Урганч шаҳридаги «UzXCMG» қўшма корхонасига ташриф буюрди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.
Ўзбекистон ва Хитой ҳамкорлигидаги ушбу корхона 2014 йилда ташкил этилган. Лойиҳанинг биринчи босқичида қишлоқ хўжалиги техникаларини йирик бўғинли йиғиш, иккинчисида саноат усулида йиғиш, учинчисида эса ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш йўлга қўйилди.
Ҳозирги кунда бу ерда 13 хил экскаватор, 10 турдаги махсус техника ишлаб чиқарилмоқда. Сув хўжалиги, қурилиш ва йўл таъмирлаш соҳалари учун ўта зарур бўлган бундай техникалар илгари валюта эвазига хориждан келтирилар эди. Эҳтиёт қисмлар таъминоти ва сервисда кўп қийинчиликлар бор эди.
Қўшма корхонанинг ишга туширилиши бу заруратни ҳал этиш билан бирга вилоятнинг иқтисодий салоҳиятини юксалтириш, юртимиздаги ирригация ва мелиорация тадбирларини ўз вақтида бажариш имконини бермоқда.
Шу кунга қадар корхонада халқаро стандартлар асосида 2 мингга яқин махсус техника ишлаб чиқарилган. Маҳаллийлаштириш даражаси 50 фоиздан ошган. Энди маҳсулотларни чет элга, жумладан, қўшни мамлакатларга экспорт қилиш режалаштирилган. Экскаватор ва махсус техникалар буюртма асосида ишлаб чиқарилиши ҳам мумкин.
Тожикистонлик меҳмонлар заводдаги иш жараёнини, қишлоқ хўжалиги машиналари ва махсус техникаларни кўздан кечирди.
Шунингдек, Президентлар Хива гилам комбинатида ҳам бўлдилар.
Умумий қиймати қарийб 22 миллион доллар бўлган ушбу корхона Самарқанддаги “Sam-Antep-Gilam” компанияси томонидан 2020 йилда ташкил этилган, ўтган йили лойиҳанинг иккинчи босқичи ишга туширилган. Комбинатга Германия, Бельгия, Австрия, Швейцария, Италия, Франция ва Туркиядан ускуналар келтириб ўрнатилган. 420 та иш ўрни яратилган.
Бу ерда гилам, полипропилен ип ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Улар АҚШ, Россия, Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Тожикистонга экспорт қилинмоқда.
Бу йил учинчи босқич — акрил толасидан калава тайёрлаш лойиҳаси амалга оширилди. Натижада ишлаб чиқариш қуввати йилига 2,2 миллион квадрат метрга етди. Маҳсулотнинг 45 фоизи чет элга сотилиши, йиллик экспорт 7 миллион доллардан ошиши кутилмоқда.
Президентлар корхонадаги ишлаб чиқариш жараёнини ва шоу-румни кўздан кечирди.
Шу ерда Ўзбекистон саноат маҳсулотлари ҳам намойиш этилди. Турдош тармоқлар мутасаддиларига тажриба алмашиш, савдони ривожлантириш бўйича кўрсатмалар берилди.
Ўзбекистон саноат маҳсулотлари тожикистонлик меҳмонларда катта таассурот қолдирди.