Давлат улуши бўлган корхоналар сони келгуси икки йилда камида 3 баробар қисқартирилади

0
86
марта кўрилган.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасидан

Қадрли халқ вакиллари!

Янги йилда иқтисодий ислоҳотларнинг пировард мақсади камбағалликни қисқартириш ва аҳоли фаровонлигини оширишдан иборат бўлади. Ушбу стратегик мақсадларга ҳамма учун тенг имконият яратадиган юқори иқтисодий ўсиш ҳисобига эришилади.

Сўнгги тўрт йилда иқтисодиётимизнинг барча жабҳаларига бозор механизмларини жорий этиш борасида жиддий қадамлар ташланди.

Эндиги вазифа – чуқур таркибий ислоҳотлар орқали узоқ муддатли барқарор ўсишнинг пойдеворини яратишдан иборат. Шуларни инобатга олиб, кейинги йилда қуйидаги йўналишларда кенг қамровли ишларни амалга оширамиз.

Биринчидан, камбағалликни қисқартириш борасида комплекс ёндашув ва ностандарт усулларни жорий этамиз.

Бир ҳақиқатни аниқ тушуниб олишимиз керак – камбағаллик масаласи кредит, ижтимоий нафақа ёки уй бериш билан ўз-ўзидан ҳал бўлиб қолмайди.

Бунинг учун таълим, соғлиқни сақлаш, касб-ҳунарга ўқитиш, ичимлик сув, энергия ва йўл инфратузилмаси билан боғлиқ комплекс муаммоларни ҳал этиб бориш керак.

Нима учун биз “темир дафтар”ни жорий этдик? Бундан мақсад – эҳтиёжманд аҳолини тўғри аниқлаш ва шу асосда улар билан манзилли ишлашни ташкил этиш.

Келгуси йилдан тўлиқ ишга тушадиган “Ижтимоий реестр”да “темир дафтар”даги барча маълумотлар қамраб олиниб, эҳтиёжманд оилаларга 30 дан зиёд ижтимоий хизматлар электрон шаклда кўрсатилади.

Биринчи навбатда, камбағал аҳолининг асосий эҳтиёжларини кафолатли таъминлашимиз лозим. Бу масалада халқаро экспертлар билан чуқур таҳлил асосидаги ҳисоб-китоблар якунига етказилмоқда.

Келгуси йил 1 мартдан бошлаб, аҳолининг минимал истеъмол харажатлари эълон қилинади.

Ҳукумат икки ой муддатда ижтимоий кафолатларни бир тизимга келтириб, уларни минимал меъёрлар даражасида босқичма-босқич таъминлаш бўйича дастур ишлаб чиқсин.

“Темир дафтар”га киритилган ҳар бир фуқарони камбағалликдан чиқариш бўйича “мотивация, кўникма ва молиявий кўмак” тамойили асосида янги механизм жорий этилади.

Камбағалликдан чиқиб кетиш учун энг муҳим омил инсоннинг интилиши, ўз кучига таянган ҳолда, аниқ мақсад сари ҳаракати бўлиши керак. Шу мақсадда келгуси йили маҳаллаларда аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш бўйича мингдан зиёд марказлар ташкил этилади.

Бунда касб-ҳунарга ўқитилган ҳар бир шахс учун ўқув марказларига 1 миллион сўмгача субсидия берилиб, бунинг учун бюджетдан 100 миллиард сўм ажратилади. Ўқув курсларини тамомлаб, ўз бизнесини бошламоқчи бўлган фуқароларга ускуналар харид қилиш учун 7 миллион сўмгача субсидиялар берилади.

Шунингдек, ҳар бир туманнинг имконияти ва ривожланиш йўналишидан келиб чиқиб, деҳқончилик билан шуғулланадиган оилаларга 10 сотихдан 1  гектаргача ер майдонлари ажратилади.

Эҳтиёжманд аҳоли бандлигини таъминлашга Бандликка кўмаклашиш ҳамда Жамоат ишлари жамғармаларидан 500 миллиард сўм йўналтирилади.

Пандемия шароитида ўз ишини йўқотган аҳолини камбағалликка тушиб қолишига йўл қўймаслигимиз керак. Шунинг учун келгуси йилдан бошлаб янгича тизим жорий этилади. Унга кўра, вақтинча ишсизлик нафақаси 3 баробар (223 минг сўмдан 680 минг сўмга) оширилади ва бунда 6 та ҳужжат талаб этиладиган эски бюрократик тартиб бекор қилинади.

Камбағалликни қисқартириш борасида ҳудудлардаги ҳақиқий ҳолатга баҳо бериш, амалга оширилаётган ишлар ижросини назорат қилиш Олий Мажлис палаталари ва маҳаллий Кенгашларнинг диққат марказида бўлиши лозим.

Умуман, ҳар бир туман ва шаҳар ҳокими бир ой муддатда ўз ҳудудида камбағалликни қисқартириш бўйича манзилли дастур ишлаб чиқиб, унинг ижроси бўйича ҳар чоракда маҳаллий Кенгашларда ҳамда оммавий ахборот воситалари орқали халққа ҳисобот бериб бориши зарур. Бу масала барча раҳбарларнинг биринчи даражали вазифаси ва иш самарасини баҳолайдиган асосий мезонга айланиши керак.

Иккинчидан, иқтисодиётда таркибий ўзгаришларни амалга оширишда давлат компанияларини трансформация қилишни жадаллаштириш керак.

Ҳозирги вақтда давлат иштирокидаги корхоналарнинг аксарияти молиявий барқарор бўлмагани учун давлатга оғир юк бўлиб қолмоқда. Шунинг учун жорий йилдан барча давлат корхоналарини ислоҳ қилиш дастури амалга оширилмоқда.

Жумладан, келгуси йилда Навоий кон-металлургия комбинати, Ўзбекнефтгаз, Ўзбекгидроэнерго, Ўзавтосаноат халқаро молия бозорига чиқиб, давлат кафолатисиз маблағ жалб қилиш имкониятига эга бўлади.

Тан олиш керак, мутахассисларнинг билим ва малакаси, йирик корхоналарнинг техник имкониятлари уларни мустақил трансформация қилиш учун етарли эмас. Шунинг учун электр энергетикаси, нефть-газ ва кимё саноати, машинасозликдаги йирик корхоналар ҳамда тижорат банкларини ислоҳ қилишга Жаҳон банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банки ҳамда MacKenzie, Boston Consulting Group, Rothschild каби халқаро тан олинган компаниялар жалб этилди.

2021 йилда стратегик аҳамиятга эга бўлган 32 та йирик корхона ва тармоқни трансформация қилиш ишлари амалга оширилади.

Банклар фаолиятига рақамли технологияларни кенг жорий этиш эътиборимиз марказида бўлади. 2021 йилда “Саноатқурилишбанк”, “Асака банк”, “Ипотека банк”, “Алоқабанк”, “Туронбанк” ҳамда “Қишлоқ қурилиш банк”ни хусусийлаштиришга тайёрлаймиз. Камида битта йирик банкдаги давлат улуши стратегик инвесторларга тўлиқ сотилади. Бу борада етакчи Европа банклари билан музокаралар олиб борилмоқда.

Таркибий ислоҳотларнинг яна бир йўналиши давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини камайтиришдир.

Биз давлат активларини очиқ-ошкора ва самарали сотиш учун халқаро молиявий ва ҳуқуқий маслаҳатчиларни жалб этган ҳолда қатор корхоналарни хусусийлаштиришга оид кенг қамровли ишларни бошладик. Келгуси йилда “Фарғонаазот” ва “Деҳқонобод калий” заводлари, “Кока-кола ичимлиги” корхонаси, “Билдирсой” ва “Чорвоқ” оромгоҳлари, “Ичан қалъа” ва Hyatt Regency меҳмонхоналари, “Пойтахт” бизнес мажмуаси, алкоголь, ёғ-мой каби тармоқлардаги 83 та йирик корхонадаги давлат улуши сотувга қўйилади.

Умуман олганда, давлат улуши бўлган корхоналар сони келгуси икки йилда камида 3 баробар қисқартирилади.

Учинчидан, товар ва молия бозорларида эркин рақобат муҳитини шакллантириш ҳамда тадбиркорларга хомашё сотиб олиш учун тенг имкониятлар яратиш зарур.

Ҳозирги кунда электр энергияси, газ, қимматбаҳо металлар, минерал ўғитлар, транспорт хизматлари каби йўналишларда монопол бозорлар мавжуд бўлиб, уларда кўплаб муаммолар сақланиб қолмоқда.

Шу ўринда бир масалага алоҳида тўхталиб ўтмоқчиман. Иқтисодий фаоллик ва аҳоли даромадлари ўсгани сайин энергия ресурсларига бўлган талаб ортиб боради. Шунинг учун нефть-газ ва энергетика соҳаларидаги ислоҳотларни ва бошланган йирик лойиҳаларни якунига етказишимиз лозим.

Жумладан, 2021 йилда давлат ва хусусий электр станциялари, ҳамда истеъмолчилар ўртасида электр энергияси улгуржи бозорини шакллантириш бошланади.

Шунингдек, табиий газ таъминотида монополияни бекор қилиб, бозор механизмларини жорий этамиз. Бунда ишлаб чиқарувчи ва импортёрларга биржа орқали табиий газни сотиш, улгуржи истеъмолчилар эса газни сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлади. “Ўзтрансгаз” компанияси эса фақат газни транспортировка қилади.

Суюлтирилган газ бозорида хусусий сектор иштирокини кенгайтириш мақсадида унинг импортига ўрнатилган божлар бекор қилинади.

Заргарлик соҳасида ҳам тадбиркорларга хомашё сотиб олиш учун кенг имкониятлар яратилади. Бунда келгуси йил 1 мартдан бошлаб кумушни биржа орқали ишлаб чиқарувчиларга эркин сотиш тартиби ўрнатилади.

Автомобиль саноатида соғлом рақобат муҳитини ривожлантириш ва корхоналарга тенг шароитлар яратиш орқали соҳада ишлаб чиқарувчилар сони кўпайтирилади.

2021 йилдан бошлаб озиқ-овқат, нефть ва электротехника каби тармоқларда 73 та акциз солиғи бекор қилинади.

Яна бир масала – ҳозирги кунда давлат харидларида атиги 4 фоиз тадбиркор қатнашмоқда. Келгуси йилда 24 та йирик давлат корхонасига давлат хариди бўйича очиқ-ошкора талаблар жорий этилади. Натижада маҳаллий тадбиркорларимиз ҳар йили камида 10 триллион сўмлик маҳсулотларини ушбу корхоналарга сотиш имкониятига эга бўлади.

Бундан буён барча давлат харидлари жамоатчилик ва Парламент назоратида бўлади.

Тўртинчидан, иқтисодий ўсишга, аввало, рақобатдош саноат занжирларини яратиш ҳамда бундай лойиҳаларга инвестицияларни кўпайтириш орқали эришилади.

Ҳарвард университети тадқиқотларига кўра, мамлакатимиз 50 дан ортиқ саноат маҳсулотларини ишлаб чиқаришда барча имконият ва нисбий устунликларга эга. Айниқса, нефтгаз-кимё, металлургия, машинасозлик, электротехника, фармацевтика, қурилиш материаллари, тўқимачилик, чарм-пойабзал, озиқ-овқат ҳамда “яшил иқтисодиёт” билан боғлиқ саноат тармоқлари иқтисодиётимиз “драйверлари”га айланиши учун барча етарли шароитлар мавжуд.

Бу тармоқларда хусусий секторнинг ташаббуслари ва янги лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ҳамда кооперацияни ривожлантириш бўйича барча чоралар кўрилиши лозим.

Ҳозирги кунда Ғозғондаги декоратив тошлар, Намангандаги тайёр кийим-бош, Тошкент шаҳри Яшнобод туманидаги Технопарк каби саноат кластерлари ўз самарасини кўрсатиб, шу тизим афзалликларини намоён этмоқда.

Ҳукумат келгуси йил 1 апрелгача истиқболли саноат кластерлари рўйхатини аниқлаб, уларни жадал ривожлантириш учун алоҳида дастур ишлаб чиқсин.

Шунингдек, “божхона ҳудудида қайта ишлаш режими”да саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш зарур.

Шу билан бирга, инвестиция сиёсатини юритишда давлат иштирокини пасайтириб, хусусий ва тўғридан-тўғри инвестициялар улушини ошириш керак.

Геология соҳасида жорий йилда 21 та кон ва истиқболли майдонлар очиқ аукцион орқали инвесторларга сотилди. 2021 йилда яна 50 та кон ва истиқболли майдонлар маҳаллий ва чет эллик инвесторларга очиқ механизмлар асосида сотилади.

Бундай ишларни бошқа йўналишларда ҳам давом эттиришимиз керак.

Умуман олганда, келгуси йилда 23 миллиард доллар қийматидаги инвестицияларни ўзлаштириш зарур. Натижада 226 та йирик саноат ва инфратузилма объектлари ишга туширилади.

Навоий кон-металлургия комбинатида 2 та йирик металлургия заводи, Олмалиқ кон-металлургия комбинатида техноген рудани қайта ишлаш заводи, шунингдек, республикамиз бўйича тўқимачилик, қурилиш материаллари, чарм-пойабзал, озиқ-овқат ва фармацевтика тармоқларида юзлаб янги ишлаб чиқариш қувватлари барпо этилади.

Биргина Тошкентдаги Яшнобод технопаркида яна 11 та замонавий электротехника корхонаси ишга туширилиб, у ердаги жами корхоналар сони 17 тага ва ишловчилар сони 11 мингтага етказилади.

Тошкент, Навоий, Самарқанд, Сурхондарё вилоятларида жами қуввати 760 мегаватт бўлган янги электр станциялари ишга туширилади.

Қашқадарё вилоятида умумий қиймати 3 миллиард 600 миллион доллар бўлган, йилига 1,5 миллион тонна керосин, дизель ёқилғиси ва суюлтирилган газ ишлаб чиқарадиган мажмуа тўлиқ маҳсулот беришни бошлайди.

Бешинчидан, макроиқтисодий барқарорлик иқтисодий ислоҳотларнинг мустаҳкам пойдеворидир. Шунинг учун келгуси йилда? инфляциявий таргетлаш доирасида, нарх-наво ўсишини 10 фоиздан оширмаслик Марказий банк ва Ҳукуматнинг асосий вазифаси бўлади.

Бу борада глобал пандемия озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга жиддий эътибор қаратиш зарурлигини яна бир бор тасдиқлади. Шунинг учун асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг кескин ошиб кетишига йўл қўймаслик мақсадида импорт соҳасидаги бож тўловлари бўйича берилган имтиёзлар яна бир йилга узайтирилади.

Умуман, халқимиз хотиржам бўлиши керак: сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, бу борада кафолатланган захирани яратиш ва уларни бозорга узлуксиз етказиб бериш ҳамда нарх-наво барқарорлигини таъминлаш ишларига устувор даражада эътибор қаратилади.

Бунинг учун Ҳукумат ва ҳокимликлар томонидан барча чоралар кўрилади ҳамда бу масала Президентнинг доимий назоратида бўлади.

Шунингдек, 2021 йилда иқтисодиётни камида 5 фоизга ўсишини, бюджет дефицити ялпи ички маҳсулотга нисбатан 5,4 фоиздан ошмаслигини таъминлашимиз зарур.

Келгуси 2 йилда эса бюджет дефицитини 2 фоиздан оширмаслик бўйича Ҳукумат зарур чора-тадбирларни белгилаши лозим.

Мана, валюта бозори эркинлашганига ҳам 3 йилдан ошди. Шу даврда эркин валюта айирбошлаш бўйича юртимизда етарли тажриба тўпланди. Энди иқтисодиётимизнинг хорижий валютага боғлиқлик даражасини босқичма-босқич камайтириш керак.

Шу мақсадда, келгуси йилда валюта кредитлари улушини ҳозирги 50 фоиздан 45 фоизга, яъни камида 2 миллиард долларга пасайтириш лозим.

Келгуси йилда миллий валютада чиқариладиган халқаро облигациялар улушини ҳозирги 25 фоиздан камида 40 фоизга ошириш зарур.

Шу билан бирга, келаси йили банклараро валюта бозори “онлайн” платформага ўтказилади ва тадбиркорларга валютани бевосита банкнинг ўзидан сотиб олиш учун имконият яратилади. Натижада тадбиркорлар валютани ҳозиргидек 4 кунда эмас, ярим соатда сотиб олиши мумкин бўлади.

Яна бир масала – ҳозирги кунда Ўзбекистоннинг давлат ташқи қарзи Жаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармаси мезонларига кўра, хавфсиз ҳисобланади.

Айни вақтда ташқи қарз ҳисобидан ҳудудларда амалга ошириладиган лойиҳалар бундан буён маҳаллий Кенгашлар ва жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилади. Уларнинг натижалари тўғрисида жамоатчиликка ҳисобот бериш тизими йўлга қўйилади.

Шунингдек, давлат номидан ташқи қарз олиш камайтирилиб, инвестиция ва инфратузилма лойиҳаларига кўпроқ хусусий капитал жалб этилади.

Масалан, кейинги йилда давлат-хусусий шериклик асосида 40 дан ортиқ йирик ва ўрта лойиҳаларни амалга ошириш бошланади.

Марказий банк молия бозорида рақобатни ошириш мақсадида 1 февралга қадар банк бўлмаган кредит ташкилотлари тўғрисида қонун лойиҳасини киритсин.

Шунингдек, мамлакатимизда ислом молиявий хизматларини жорий этиш бўйича ҳуқуқий базани яратиш вақти-соати келди. Бунга Ислом тараққиёт банки ва бошқа халқаро молия ташкилотлари экспертлари жалб этилади.

Олтинчидан, тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантириш бўйича янада қулай шароитлар яратилади.

Бир нарсани очиқ тан олиш керак, пандемия даврида иқтисодиётнинг барқарор ишлаши учун тадбиркорлар давлат билан теппа-тенг ҳисса қўшдилар. Шунинг учун барчамиз тадбиркорларга елкадош бўлиб, уларни доимо қўллаб-қувватлашимиз шарт.

Бу борада ишбилармонларнинг ҳақ-ҳуқуқларини, айниқса, хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш барча даражадаги давлат органларининг асосий вазифаси бўлиши лозим.

Шу билан бирга, айрим жойларда тадбиркорларнинг мулкка доир ҳуқуқларини бузиш ҳолатлари давом этмоқда. Бу масалада давлат органлари тизимидаги раҳбар ва мутасаддиларни маъмурий жавобгарликка тортиш бўйича Бизнес-омбудсманга ваколат беришни таклиф этаман.

Келгуси йилда “Солиқчи – кўмакчи” тамойили асосида тадбиркорлар учун уларнинг бизнес ҳамкорининг солиқ қарздорлиги ҳақидаги маълумотларни олиш имконияти яратилади.

Тадбиркорларга янада қулайлик яратиш мақсадида 105 та лицензия ва рухсатнома турлари бекор қилинади, 115 таси бўйича эса тартиб-қоидалар соддалаштирилади.

Пандемия шароитида айланма маблағ танқислигига дуч келган тадбиркорларимиз “оёққа туриб олишлари” учун уларга кўмак беришни давом эттирамиз.

Туризм, транспорт ва умумий овқатланиш соҳаларига берилган имтиёзлар келгуси йил якунигача узайтирилади.

Шунингдек, 20 мингта тадбиркорнинг 400 миллиард сўмлик ер ва мол-мулк солиғини тўлаш муддатини яна бир йилга узайтиришни таклиф этаман.

Бундан ташқари, 1 миллиард сўмгача давлат харидлари доирасида аванс миқдори 30 фоизга етказилиб, тадбиркорлар қўшимча 1,5 триллион сўмгача айланма маблағларга эга бўлади.

Умуман, тадбиркорликни молиявий қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни давом эттириш мақсадида оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида келгуси йилда 6 триллион сўм имтиёзли кредитлар ажратилади.

Шунингдек, Ҳукумат томонидан Жаҳон банки билан биргаликда бошланган қишлоқларда тадбиркорликни ривожлантириш дастурини кенгайтириш учун қўшимча 100 миллион доллар йўналтирилади.

Тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ 5 мингга яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қайта кўриб чиқилиб, уларнинг сони қисқартирилади ҳамда Тадбиркорлик кодекси ишлаб чиқилади.

Хабарингиз бор, бундан 4 йил олдин тадбиркорлик субъектларида текширишлар ўтказишга мораторий эълон қилган эдик. Бунинг натижасида ўтган даврда тадбиркорлар сони 2 баробар кўпайиб, 400 мингтага етди.

Шунинг учун мораторий муддатини яна бир йилга узайтиришни таклиф этаман.

Шу билан бирга, Ҳукумат томонидан бозорда тенг рақобат муҳитини яратиш ва ҳалол-пок тадбиркорларни, – такрор айтаман – замонавий технологиялар асосида ишлаётган виждонли тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида “яширин иқтисодиёт”ни қисқартиришга қаратилган механизмлар жорий этилади.

Еттинчидан, камбағалликни қисқартириш ва қишлоқ аҳолиси даромадларини кўпайтиришда энг тез натижа берадиган омил қишлоқ хўжалигида ҳосилдорлик ва самарадорликни кескин оширишдир.

Бунда ҳар гектар ердан олинадиган даромадни ҳозирги ўртача 2 минг доллардан камида 5 минг долларгача етказиш устувор вазифа қилиб қўйилади. Бунинг учун қишлоқ хўжалигига энг илғор технологиялар, сув тежайдиган ва биотехнологияларни, уруғчилик, илм-фан ва инновациялар соҳасидаги ютуқларни кенг жорий этишимиз лозим.

Аввало, фермер ва деҳқонларнинг ердан манфаатдорлигини ошириш керак. Манфаатдорлик ва адолат бўлган жойда албатта ўзгариш ва ўсиш бўлади.

Бу борада ердан фойдаланиш ҳуқуқларини кафолатлаш ва уларни бозор активларига айлантириш масаласини кўриб чиқиш вақти келди. Шунинг учун Ҳукумат икки ой муддатда ердан фойдаланиш ҳуқуқини мустаҳкамлаш, унинг иқтисодий қийматини белгилаш ва молиявий оборотга киритиш механизмларини жорий қилиш бўйича таклиф киритсин.

Келгуси йили барча вилоятларда Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар марказлари ташкил этилиб, уларда “ягона дарча” тамойили асосида 100 дан ортиқ агрохизматлар кўрсатиш йўлга қўйилади.

Бу марказлар орқали ернинг сифатини яхшилаш, касалликларга қарши курашиш, уруғликларни танлаш билан боғлиқ муҳим хизматлар кўрсатилади.

Қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, рақамлаштириш, ернинг унумдорлигини ошириш, замонавий агротехнологияларни жорий этишга илк бор 600 миллион доллардан зиёд кредит ва грант маблағлари жалб қилинади.

Сувни тежайдиган технологиялар жорий этиладиган ер майдонлари 5 баробарга кўпайтирилиб, 430 минг гектарга етказилади, 90 минг гектар янги ерлар ўзлаштирилади.

Саккизинчидан, барча вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари биринчи марта 2020 йил бошида ўз зиммасига олган мажбурият ва режалари ижроси ҳақида маҳаллий Кенгашлар олдида ҳисобот берди.

Бугунги кунда ишимиздаги энг катта камчилик – билим етишмаслиги, афсуски, барча соҳаларда сезилмоқда. Ҳолбуки, бирорта ҳудудни ҳам, тармоқни ҳам, замонавий илм ва билимларсиз ривожлантириб бўлмайди.

Тараққий этган мамлакатларда ялпи ички маҳсулотнинг 50  фоизидан ортиғи “билимлар иқтисодиёти” ҳисобидан, яъни инновациялар ва юқори малакали кадрлар томонидан яратилаётгани буни яққол исботламоқда.

Бундан буён ҳар бир қишлоқ ёки маҳалла ўз йўналиши ва “ўсиш нуқталари”дан келиб чиқиб, ривожлантирилади. Бунинг учун келгуси йилда 3 триллион сўмлик ҳудудлар инфратузилмасини ривожлантириш жамғармасини тузишни таклиф этаман.

Жамғарма маблағлари маҳаллий Кенгашлар таклифларига асосан, инфратузилма лойиҳаларини қўшма молиялаштиришга йўналтирилади.

Шунингдек, 84 та туман ва шаҳарда саноат салоҳиятини янада ошириш учун 100 та технопарк, кичик саноат зоналари, ҳудудий кластер ва махсус логистика марказлари ташкил этилади.

Келгуси йилда эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналарини зарур инфратузилмалар билан таъминлаш учун 1,6  триллион сўм йўналтирилади.

Ҳукумат ҳудудларда 130 минг километр узунликдаги паст кучланишли электр тармоқлари ва 40 мингдан ортиқ трансформаторни босқичма-босқич янгилаш дастурини келгуси йил 1 апрелга қадар тасдиқлаши зарур.

Шунингдек, 5 мингдан ортиқ таъмирталаб кўприкни тиклаш бўйича дастур қабул қилинади. Бу ишларга 2021 йилда 400 миллиард сўм маблағ йўналтирилади.

Яна бир муҳим масала – сўнгги 3 йилда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида 5 миллионга яқин аҳоли яшайдиган 1 минг 200 та маҳалла ва қишлоқлар қиёфаси тубдан ўзгарди.

Лекин, пандемия туфайли ушбу йўналишдаги ишларимизни вақтинча тўхтатишга мажбур бўлган эдик. Ҳукумат бир ой муддатда 2021 йил учун “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини ишлаб чиқиб, тасдиқласин. Ушбу дастурларни республика ва маҳаллий бюджетлар томонидан тенг улушларда молиялаштиришни назарда тутсин.

Халқаро молия институтлари ҳам мазкур дастурда иштирок этиш учун 270 миллион доллар йўналтириш истагини билдирди.

Ҳудудларнинг ривожланиши учун муҳим омиллардан бири – уларнинг ўртасида транспорт алоқасини таъминлаш. Қисқа қилиб айтганда, барча аҳоли пунктларидан пойтахтимизга, энг йирик шаҳарлар ва туристик марказларга тезда келиб-кетиш имкониятини берадиган ўзаро боғланган транспорт тармоғини яратишимиз лозим.

Шу мақсадда, Ҳукуматга кейинги йил 1 мартдан бошлаб, ички туризм йўналишларидаги авиақатновларни йўлга қўйиш ва авиачипта нархининг бир қисмини, бюджетдан қоплаб бериш тизимини жорий этиш вазифаси юкланади.

Шунингдек, бир қатор ҳудудий аэропортлар давлат-хусусий шериклик асосида ташқи бошқарувга берилади.

Кейинги йилда 2 та тезюрар поезд ҳаракати йўлга қўйилади, Буxоро – Урганч – Xива темир йўлини электрлаштириш бошланади.

Аҳоли пунктлари ўртасидаги, айниқса, қишлоқларни туманлар марказлари билан боғлайдиган узлуксиз автобус қатновлари хусусий секторни жалб қилиш орқали кўпайтирилади.

Тошкент шаҳрида ерусти метросининг 12 километрлик иккинчи босқичи фойдаланишга топширилади. Шу тариқа ерости ва ерусти метро линиялари яхлит тизим сифатида бир-бирига уланади.

Туризмни ривожлантириш бўйича 2021 йилда ҳам изчил ислоҳотларни давом эттирамиз. Айниқса, зиёрат туризми ва ички туризмни ривожлантиришга алоҳида эътибор берилади.

Шунингдек, туризм объектлари атрофидаги ер майдонлари, сув ва йўл инфратузилмаларини яхшилаш учун бюджетдан 1  триллион сўм ажратилади.

Тўққизинчидан, келгуси йил аҳолининг ижтимоий ҳимояси янада кучайтирилади. Ногиронликни белгилашнинг жаҳон андозаларига мос “ижтимоий модели”га босқичма-босқич ўтилади.

Муҳтож аҳолини протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация воситалари билан таъминлаш бўйича янги тизим жорий этилади. Бу имкониятдан қарийб 50 минг нафар юртдошимиз фойдаланиши мумкин бўлади.

Эҳтиёжманд оилаларни уй-жой билан таъминлаш бўйича олиб бораётган ишларимиз кўлами янада кенгайтирилади. Бунда 27 мингта ёки бу йилгига нисбатан 2,5 баробар кўп оиланинг ипотека кредити бўйича дастлабки бадалларини тўлаш ва кредит фоизларини субсидиялаш учун 2,4 триллион сўм йўналтирилади.

Ўнинчидан, янги экспорт бозорларига чиқиш Ҳукуматнинг энг асосий вазифаларидан бири бўлиб қолади. Келгуси йилда Жаҳон савдо ташкилотига аъзолик масаласи ҳамда Европа Иттифоқи билан кенг қамровли ҳамкорлик бўйича ишларни фаоллаштириш лозим.

“GSP+” тизими доирасидаги имтиёзларни мамлакатимизда самарали қўллаш учун алоҳида дастур ишлаб чиқиш керак.

Ўзбекистон яқинда Евроосиё иқтисодий иттифоқида кузатувчи мақомини олди. Ушбу ташкилотга аъзо бўлган давлатлар бозорларида тўлақонли иштирок этиш учун миллий техник тартибга солиш меъёрларини уларнинг талабларига мослаштириш бўйича ишларни жадаллаштириш зарур.

Келгуси йилда корхоналарга хомашё сотиб олиш ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармасидан 100 миллион доллар ажратилади. Экспорт қилувчиларга чет элда савдо уйлари ва дўконлар очиш ҳамда реклама харажатларининг 50 фоизи қоплаб берилади.

Умуман, Ҳукуматга келгуси йилда товар ва хизматлар экспортини камида 20 фоизга ошириш вазифаси топширилади.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.