Давлатимиз раҳбари Чирчиқ шаҳридаги бунёдкорлик ишларини кўздан кечирди ва маҳаллаларга кириб кўрди

0
215
марта кўрилган.

Чирчиқ — Тошкент вилоятининг энг йирик шаҳарларидан бири. Ҳудуд ривожлангани сари аҳоли сони ҳам ортиб бормоқда. Шаҳарнинг Шодлик маҳалласида қурилган 4 та 16 қаватли уй аҳолининг ўсиб бораётган талабини таъминлашга қаратилган. Уларда жами 288 хонадон бўлади. Тўрталаси ҳам шу йил фойдаланишга топширилади, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.

 17 та хонадон ногиронлиги бор ҳамда уй-жойга муҳтож аёлларга, 15 таси ўз соҳасида алоҳида ўрнак кўрсатаётган ёш оилаларга ажратилган.

Президент Шавкат Мирзиёев қурилишнинг бориши билан танишди.

Шу ерда Чирчиқ шаҳрини ривожлантириш бўйича бош режа муҳокама қилинди. Янги турар жойлар қуриш, эски уйларни реновация қилиш, бўш турган бинолардан самарали фойдаланиб, Тошкент шаҳридаги айрим ишлаб чиқариш корхоналарини шу ерга кўчириш ҳамда янги лойиҳаларни жойлаштириш бўйича кўрсатмалар берилди.

— Чирчиқни инновацион, инвестицион шаҳар қилиш мумкин. Шунинг учун ҳамма биноларни инвентаризациядан ўтказиш керак. Бу ерда ҳамма инфратузилма бор. Автомобиль ва темир йўлларнинг ўтказувчанлигини ошириш, жамоат транспортини ривожлантириш керак. Қулайлик яратилса, аҳоли ҳам, ишбилармонлар ҳам келади, — деди Шавкат Мирзиёев.

Президент Чирчиқ шаҳар иссиқлик таъминот корхонасини ҳам бориб кўрди.

 Чирчиқ шаҳрида жами 14 та қозонхона бор. Шулардан бири 1957 йилда қурилган. Бу қозонхона очиқ тизимда ишлайди. Яъни, шаҳар ичимлик суви тармоғидан сув олиб, уни иситиб, хонадонларга тарқатади. Бу ортиқча сув ва газ ёқилғиси сарфини юзага келтираётган эди.

 Шу боис бу ерда Туркия технологияси асосида янги қозонхона барпо этилмоқда. Лойиҳанинг қиймати 16 миллион доллардан зиёд бўлиб, Жаҳон банки кредити асосида молиялаштирилади.

 Янги қозонхонанинг қуввати 75 мегаватт бўлади. Қурилиш ишлари уч босқичда амалга оширилади. Модернизация натижасида шаҳарда 24 километр иссиқлик қувури тортилиб, 175 та кўп қаватли уй, 19 та ижтимоий соҳа объектлари иссиқлик тизими билан сифатли таъминланади. 12 миллион метр куб табиий газ, 3,4 миллион киловатт электр энергияси, 300 минг куб сув тежалади. Атмосферага чиқаётган 4,7 минг тонна газ ушлаб қолинади.

 Шу ернинг ўзида вилоятда электр энергияси, иссиқлик, ичимлик суви таъминоти ҳамда шаҳарларда коммунал хизматларни яхшилаш бўйича режалар тақдимот ўтказилди.

Президент Чирчиқ шаҳрига ташрифи чоғида Ифтихор маҳалласига кириб кўрди. Кўп қаватли уйларда яшаётган одамлар билан суҳбатлашди.

— Чирчиқ бир пайтлар донғи кетган шаҳар эди. Охирги вақтларда анча «чарчаб» қолганди. Тегирмон навбати билан дегандек, энди бу ерда ҳам ҳамма шароитларни яратамиз. Саноатни кўтариш, иш жойлари очиш, йўлни, иссиқлик таъминотини яхшилаш бўйича катта ишларни бошлаяпмиз, — деди давлат раҳбари.

Шавкат Мирзиёев ҳудуддаги муаммоларни, аҳолининг талаб ва истакларини сўради. Тадбиркорлик қилмоқчи бўлган йигитга ер ажратиш бўйича шаҳар ҳокимига кўрсатма берди. Президентни кўришни орзу қилиб, давлат раҳбари олдига чиққан болани бағрига босиб суратга тушди.

Президентимиз шу ердаги Лола маҳалласида ҳам бўлди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож оила хонадонига кириб, ҳол-аҳвол сўради.

Йўл-йўлакай меҳнат фахрийлари билан самимий суҳбат бўлди. Улар мамлакатимиздаги тинчлик-осойишталик, Чирчиқ шаҳридаги ўзгаришлардан мамнун эканини айтиб, дуолар қилди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.