Давлатимиз раҳбари Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, корхоналар фаолияти билан танишди

0
101
марта кўрилган.

Президент Шавкат Мирзиёев 15 январь куни Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, корхоналар фаолияти билан танишди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.  

Шаҳар марказидаги Ислом Каримов кўчасида Олий Мажлис Сенати учун  6 қаватли эски бино тубдан реконструкция қилиниб, қўшимча объектлар қурилмоқда. Бугунги кунда муҳандислик тармоқлари монтаж қилиняпти.

Давлатимиз раҳбари бу ердаги ишларни кўздан кечирди ва бу ерда қулайликларни ошириш бўйича кўрсатмалар берди.

– Парламентимиз фаол ишлаяпти. Мажлислар пайтида битта қонун лойиҳаси соатлаб муҳокама қилинади. Шунинг учун иштирокчиларнинг ҳаракатланиши, саломатлиги, ёши билан боғлиқ ҳар бир жиҳатни эътиборга олиш, шунга яраша қулайлик яратиш зарур. Залга қуёш нури тушиб турса, кайфиятга, ишга яхши таъсир қилади, – деди Шавкат Мирзиёев.

Янги бинода делегациялар билан учрашувлар, матбуот анжуманлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ҳам барча шароит яратилади.

Заргарлик маҳсулотлари бутун дунёда харидоргир. Жаҳон заргарлик саноатида ишлаб чиқариш ҳажми йилига беш-олти фоизга ўсаётгани, товар айланмаси 250 миллиард доллардан ошаётгани унинг улкан экспорт салоҳиятидан далолат беради.

Мамлакатимизда кўп йиллар бу тармоқ эътибордан четда қолганди. Заргарлик корхоналари асбоб-ускуналарининг 80 фоизи эскирган, айримларида ишлаб чиқариш тўхтаган эди. 

Давлатимиз раҳбари яқинда пойтахтимизнинг Чилонзор туманида ишга туширилган “Gold Moon Tashkent” масъулияти чекланган жамиятига ташриф буюрди.

Лойиҳани амалга ошириш учун  қарийб 21 миллион АҚШ доллари жалб этилди. Италия, Германия ва Туркиянинг заргарлик тармоғида етакчи ҳисобланган фирмаларидан замонавий асбоб-ускуналар келтирилди.

“Gold Moon Tashkent” МЧЖ директори ўринбосари Ҳикмат Маҳмудовнинг айтишича, турли хилдаги тайёр ва ярим тайёр заргарлик буюмларини ишлаб чиқаришга 200 дан ортиқ уста-заргар жалб қилинган. Ишлаб чиқариш жараёнида италиялик дизайнер ва техник ходимлар заргарларга ўз маҳорат сирларини ўргатмоқда. 

Лойиҳа тўлиқ амалга оширилгач, қимматбаҳо металлар ва тошлардан йилига 6 тонна заргарлик буюмлари ишлаб чиқарилади. 

Заводга хомашё мамлакатимиздаги йирик тоғ-кон саноати корхоналаридан биржа савдолари орқали сотиб олинади. Заргарлик буюмлари “Фонон” бренди остида бозорга чиқарилади. 

Давлатимиз раҳбари корхонадаги ишлаб чиқариш жараёнини кўздан кечириб,  ходимлар билан мулоқот қилди. 

– Заргарлик халқимизда азалдан бўлган, бугун ҳам бор, – деди Шавкат Мирзиёев. – Бизнинг мақсадимиз – ёшларни замонавий технологиялар ва дизайнга ўргатиб, камида 10 минг нафар йигит-қизни иш билан таъминлаш, Ўзбекистон миллий брендини жаҳон бозорига чиқариш. Юртимизда хомашё, қўли гул ҳунармандлар бор. Бу соҳа миллий анъаналарни тиклаш, ўзлигимизни англаш нуқтаи назаридан ҳам катта пойдевор.

Корхона анъанавий ўзбек заргарлик буюмларини Европа ва Италия дизайни билан янада бойитиш, асиллик даражаси ва сифатини кафолатлаш, тиллага ишлов бериш усулларини кўпайтириш орқали ноодатий тақинчоқлар ишлаб чиқариш, олтин ва кумуш ёмбилар савдосини йўлга қўйиш, Ҳиндистон, Африка ва Шри-Ланкада ишлов берилган қимматбаҳо ва ярим қимматбаҳо тошлардан фойдаланиб, тақинчоқлар ясашни мақсад қилган. 

Бугунги кунда маҳсулотларга харидор кўпайиб, импорт ўрнини босмоқда. Маҳсулотлар Россия, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Афғонистон ва бошқа давлатларга экспорт қилинади. Мазкур заргарлик буюмлари корхонаси ишлаб чиқариш ҳажми бўйича Марказий Осиёдаги йирик корхоналардан бири ҳисобланади.

Давлатимиз раҳбари янги мажмуа – Республика ихтисослаштирилган нефрология ва буйрак трансплантацияси илмий-амалий тиббиёт марказидаги қурилиш ишлари билан танишди. 

Юртимиздаги табиий шароит буйрак касалликларини келтириб чиқариш омилларидан бири. Масалан, ўтган йили сурункали буйрак касаллиги билан 118 мингдан зиёд бемор диспансер кузатувида бўлган. Уларнинг 23 минг нафарида сурункали буйрак етишмовчилиги кузатилган, 5 мингдан зиёди гемодиализга муҳтожлик сезган. Бу каби муаммолар даволашнинг замонавий инфратузилмасини ташкил этиш заруратини қўяётган эди.

Пойтахтимизнинг Юнусобод туманида қурилаётган тиббиёт маркази шу борадаги ишлардан биридир. Бу жой илгари Тошкент шаҳар нефрология шифохонаси эди. Унинг эскирган биносида гемодиализ олиш учун ўринлар сони эҳтиёждан бир неча баравар кам, аҳолига сифатли нефрология ёрдами кўрсатиш имконияти анча чекланган эди.

– Юртимизда нефрология ривожланмаган. Айниқса, ҳудудларда клиникалар ҳам, мутахассислар ҳам етишмайди. Кўпчилик беморлар шифохонага касалликнинг охирги босқичида келяпти. Шунинг учун, аввало, одамларнинг бу бўйича билими, хабардорлигини ошириш керак. Қорақалпоғистон ва вилоятларда ҳам шифохоналар ташкил этиб, бу марказ билан онлайн боғлаш, тармоққа айлантириш, тизимли профилактика ишларини йўлга қўйиш зарур, – деди Президент.

Ҳудудларда фаолият юритаётган шифокорларни ушбу марказда ўқитиб, малакасини ошириш, даволаниш учун моддий имконияти йўқ беморларни давлат ҳимоясига олиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Беш қаватли даволаш корпуси 170 ўринга мўлжалланган бўлиб, бу ерда трансплантация, гемодиализ, реабилитация, экстракорпорал детоксикация, буйрак аутоиммун касалликлари, интенсив нефрология, болалар ва катталар реанимация бўлимлари, шунингдек, нефрология ва гемодиализ, буйрак трансплантацияси мутахассисликлари кафедралари, поликлиника, дорихона жойлашади. Барча бўлимлар юқори технологик тиббий ускуна ва жиҳозлар билан таъминланади.

Икки қаватли яна бир бинода 60 та катталар ва болалар гемодиализ аппаратлари ўрнатилади. Аҳамиятлиси, марказда биринчи маротаба болалар гемодиализ хизмати йўлга қўйилади.

Марказдаги қурилиш-таъмирлаш ишлари натижасида беморларга тиббий ёрдам кўрсатиш сифати ва қамрови ошади. Амбулатор ва стационар тартибда 100 дан ортиқ тиббий хизматлар йўлга қўйилади. Жумладан, йилига 60 мингдан ортиқ гемодиализ муолажалари, 150 та ноёб буйрак кўчириб ўтказиш каби юқори технологик амалиётлар бажарилади.

Тиббиёт олий ўқув юртларининг 7 та кафедраси шу ерда фаолият юритади. Бу нефрология соҳасида “таълим – амалиёт – илм-фан” интеграциясини таъминлашга хизмат қилади. Илғор хорижий тиббиёт марказлари билан биргаликда янги даволаш технологиялари ва стандартлари ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилади.

Шунингдек, мазкур муассаса бошқа ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари, ҳудудлардаги шифохоналар билан ҳамкорликда аҳолини мунтазам равишда тиббий кўрикдан ўтказиб боради.

Президент Юнусобод туманидаги “Янгибоғ” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб, бу ерда амалга оширилган ишлар билан танишди. Тумандаги маҳаллалар фаоллари билан мулоқот бўлди. Кўп қаватли уйларга сифатли хизмат кўрсатувчи бошқарув компанияларини ташкил этиш, ички йўлларни таъмирлаш, маиший хизматларни кўпайтириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳри туманларининг ҳоким ва сектор раҳбарлари, Юнусобод тумани маҳалла раислари, ёшлар билан мулоқот қилди.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазири ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири жорий этилаётган маҳаллабай ишлаш тизими юзасидан ахборот берди.
Маҳалла раислари ўз таклифларини айтди. Давлатимиз раҳбари бу бўйича тегишли мутасаддиларга топшириқлар берди.
Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.