ДЕПУТАТ ФИКРИ: Янги Ўзбекистонда ёшларимиз келажагига эътибор

0
45
марта кўрилган.

Мамлакатимиз раҳбари қаерда сўзламасин, маъруза қилмасин ҳар доим таълим, тарбия масаласига алоҳида тўхталади. Чунки таълим, нафақат ёшлар келажаги, балки ўтмишимиз, менталитетимиз, буюк қадриятларимиз билан ҳам боғлиқ.

Давлатимиз раҳбари “Янги Ўзбекистон” газетаси бош муҳаррири билан суҳбатида айни шу йўналишга ҳам алоҳида тўхталиб ўтди. “Ҳозирги кунда ёш авлод вакилларининг билим олиши, илм-фан, инновациялар, адабиёт, санъат ва спорт соҳасидаги истеъдод ва салоҳиятини юзага чиқариши, уларнинг жамиятимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол иштирок этиши учун барча шароитларни яратишга устувор аҳамият бермоқдамиз”, деб таъкидладилар.

Ёшлар — кенг кўламли ислоҳотларимизни самарали амалга оширишда ҳал қилувчи куч бўлиб майдонга чиқмоқда. Айнан замонавий билим олган, илғор касб-ҳунарларни, инновацион технологияларни, хорижий тилларни пухта эгаллаган ўғил-қизларимиз мамлакатимизни янада тараққий эттиришда етакчи ўрин тутади.

Тарихдан бизга маълум, илм-фан соҳасида буюк кашфиётларни амалга оширган, умумбашарий тафаккур ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк алломаларимизнинг меросларига содиқ фарзандларимиз келгусида ўзларининг билим ва янгича ғоялари асосида кўзлаган мақсадларимиз сари бормоқда.

Давлатимиз раҳбарининг “Юртимизда янги хоразмийлар, фарғонийлар, берунийлар, ибн синолар, мирзо улуғбеклар, навоийларни тарбиялаб етказиш – нафақат вазифамиз, балки тарих ва келажак олдидаги муқаддас бурчимиздир” деган сўзлари барчамизнинг олдимизга қўйган мақсадимиз бўлиб қолади.

Кейинги беш йилда олий таълимга қабул квотаси 3 баробар оширилиб, жорий йилда 182 минг нафар ёшлар учун талаба бўлиш имконияти яратилди. Бу умумий қамров 28 фоизга етди, деганидир. Бу борада давлат грантлари 21 мингтадан 47 мингтага кўпайтирилгани, ўтган йилги тажрибамизни янги босқичга кўтариб, эҳтиёжманд оилаларга мансуб 2 минг нафар қизларга бу йил олийгоҳларга кириш учун алоҳида грантлар ажратилгани ёшларимиз келажагини таъминлашга қаратилган эътиборнинг амалдаги намунасидир.

Мамлакатимизда узлуксиз миллий таълим-тарбия тизимининг барча босқичларини уйғун ва мутаносиб ривожлантиришга алоҳида эътибор берилмоқда. Ҳозирги вақтда юртимизда “Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан бошланади” деган ғоя асосида мактаб таълими тизимида ҳам катта ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Президент мактаблари, ижод ва ихтисослашган мактаблар сони кўпайиб бормоқда.

Айниқса, навқирон ўғил-қизларимизнинг тадбиркорлик соҳасидаги ғоя ва ташаббусларини рўёбга чиқариш, уларни иш ва даромад манбаи билан таъминлашга давлат миқёсида катта аҳамият берилганлиги ҳар бир ёшни келажакка ишонч билан дадил қадамлар ташлашга ундамоқда.

“Биласизми, дунёдаги давлатлар, халқларнинг ривожланиш даражасини кўрсатадиган мезонлар, параметрлар кўп. Лекин мен учун шу борадаги энг муҳим мезон — бу ёшларимизнинг бахти, камолидир” деди Президентимиз. Бу билдирилган ишонч, яратилган шароит ва қаратилаётган эътиборни масъулият билан англаган ҳар бир ёш, албатта, уларнинг ижроси учун ҳам лаббай деб жавоб беради.

Турсиной МУРАТОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати  

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.