ДЕПУТАТ ФИКРИ: Ёшлар бандлигини таъминлашга қаратилган муҳим ташаббуслар илгари сурилди

0
32
марта кўрилган.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 30 июнь куни Ёшлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасини катта ҳаяжон ва қизиқиш билан тингладик. Ушбу нутқ ҳар галгидек, чин қалбдан, юракдан чиқди.

Унда ёшлар ҳаётининг барча жабҳаларига оид масалалар, муаммо, ҳам қийинчиликлар рўй-рост ўртага ташланди. Энг муҳими, муаммолар ечими бўйича муҳим таклифлар илгари сурилиб, уларни ҳал этиш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб берилди. Давлатимиз раҳбари билдирган таклифлар чуқур асосланганлиги билан барчанинг эътиборини тортди.

Ушбу нутқ том маънода тарихий бўлди, дейишга асослар етарли. Унда кейинги пайтларда келажагимиз эгалари бўлган ўғил-қизларимиз билан ишлашнинг мутлақо янги тизими – “Ёшлар дафтари” ва “Ёшлар дастурлари” ҳаётга татбиқ этилаётгани натижасида ўтган 8 ой мобайнида “Ёшлар дафтари”га кирган 430 минг нафар йигит-қизнинг муаммоларини ҳал этиш учун 300 миллиард сўм маблағ йўналтирилгани тилга олинди. Бу шунча одам ишли бўлди, даромад манбаига эга бўлди деганидир.

Давлатимиз раҳбари бундан буён ҳар қандай инвестиция лойиҳасининг бош мақсади, аввало, ёшлар бандлиги масаласини ҳал этишга қаратилишини, бу ҳамма жойда ўзгармас қоидага айланишини айтиб, ёшларни иш билан таъминлаш, зарур касб-ҳунарларга ўргатиш учун жойларда ҳокимлар ва сектор раҳбарлари масъул ва жавобгар бўлишини билдирди. Бу бежиз эмас, албатта. Зеро, янги иш ўринларини ташкил этиш, меҳнат бозорида фаол ва аниқ мақсадга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш бугун асло кечиктириб бўлмас вазифалардан саналади.

Шу нуқтаи назардан ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш мақсадида жорий йилдан бошлаб, иш берувчиларга уларнинг 25 ёшдан ошмаган ишчи-ходимлари учун ҳисобланган ижтимоий солиқ суммасини бюджетдан тўлиқ қайтариб бериш тартиби жорий қилинди. Бу орқали шу йилнинг иккинчи ярмида 170 миллиард сўм, келгуси йилда эса 500 миллиард сўм маблағ 240 минг нафар ёшни ишга қабул қилган тадбиркорлар ихтиёрида қолиши кутиляпти.

Ҳозирги кунда ёшларнинг бизнес ташаббуслари, стартаплари, ғоялари ва лойиҳаларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш ва қўллаб-қувватлашга қаратилган ишлар ҳам тизимли равишда олиб борилмоқда. Биргина шу йилнинг ўзида 92 мингдан зиёд ўғил-қизларнинг тадбиркорлик лойиҳалари учун, 2 триллион 300 миллиард сўм имтиёзли кредитлар ажратилгани, ҳудудларда ташкил этилган 186 та “Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари”даги 3 мингта лойиҳа доирасида ёшларимиз учун 50 мингта янги иш ўринлари яратилди.

Бу йил мамлакатимизда мактаблар, ўрта махсус ва олий таълим муассасаларини қарийб 560 минг нафар ёшлар тамомлаб, мустақил ҳаётга қадам қўяди. Бунинг учун ҳар ўқув йили якуни билан туман, шаҳар, вилоят ва республика даражасида битирувчилар бандлигини таъминлашга оид дастурлар қабул қилиш амалиёти йўлга қўйилиши шунча йигит-қизларимиз учун катта имконият бўлди.

Чунончи, дастурда ҳар бир маҳалла, туман, шаҳар ва вилоят кесимида қанча ёшларни касб-ҳунарга ўқитиш, қанчасини иш билан таъминлаш, нечта стартап ва тадбиркорлик лойиҳасини амалга ошириш белгиланади. Бу эса ёшлар билан ишлаш бўйича “бандлик”, “инновация” ва “инвестиция” дастур бўлиб хизмат қилади.

Умуман олганда, ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш, уларни муносиб иш билан таъминлаш, янги иш ўринларини яратиш долзарб масала саналади. Бу борада ёшларга яқиндан кўмак бериш, соҳага оид билим ва кўникмаларини ошириш биз халқ вакиллари зиммасига катта масъулият юклайди. Демак, масалага жиддий киришиб, ёшлар бандлигини таъминлашга қаратилган муҳим ташаббуслар ижросини ўз вақтида ва сифатли таъминлашимиз лозим.

Абдулла РЎЗМЕТОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.