Депутатлар ва ёшлар учрашуви

0
135
марта кўрилган.

Мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг янги даврида ёшларнинг фаоллигини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга, замонавий дунёқараш, билим ва кўникмага эга ёшлар сафини янада кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ушбу мақсадларни ўз вақтида ва тизимли равишда амалга оширилишини таъминлаш учун Президентимизнинг қатор Фармон ва қарорлари, Давлат дастурлари, чора-тадбирлар қабул қилиниб, амалиётга кенг жорий этилмоқда.

Қайд этиш жоизки, айниқса, «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да бу борадаги ишлар кўлами янада кенгаймоқда. Бунда ёшларни қонун ижодкорлиги жараёнига кенг жалб этиш, уларнинг муҳим ташаббус ва таклифларидан қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш жараёнларида фойдаланиш муҳим аҳамият касб этади.

Шу нуқтаи назардан Олий Мажлис Қонунчилик палатасида депутатлар ва ёшларнинг мунтазам ўтказиб келинаётган учрашувлари ўсиб келаётган авлоднинг сиёсий онгини юксалтириш, қонун ижодкорлиги соҳасидаги тушунчасини кенгайтириш, энг муҳими, парламент ва депутатлар корпуси фаолияти ҳақида билимини бойитишда амалий жиҳатдан ҳар томонлама фойдали бўлмоқда.

2021 йил 1 март куни ўтказилган ана шундай учрашувда депутатлар, қуйи палатанинг Ёшлар масалалари бўйича комиссияси аъзолари ҳамда Тошкент давлат юридик университетининг профессор ўқитувчилари ва талабалари иштирок этди.

Учрашувда ёшларга Қонунчилик палатаси фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асослари тўғрисида батафсил маълумот берилди. Улар қуйи палатадаги сиёсий партиялар фракциялари, қўмиталар, комиссиялар ҳамда депутатларнинг қонун ижодкорлиги фаолияти билан яқиндан таништирилди.

Тадбир давомида ёшларга қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш, уларнинг Қонунчилик палатасида дастлабки тарзда кўриб чиқилиши ҳамда лойиҳаларни ялпи мажлис муҳокамаларига тайёрлаш ва қабул қилиш жараёнлари хусусида сўзлаб берилди.

Мулоқотлар жараёнида талабалар томонидан берилган саволларга халқ вакиллари атрофлича жавоб қайтардилар. Ўз навбатида, бўлғуси ҳуқуқшунослар томонидан парламентаризм ва қонун ижодкорлигини ривожлантириш, бу жараёнда ёшларнинг фаол иштирокини янада кенгайтиришга қаратилган қатор таклифлар ҳам илгари сурилди.

Шунингдек, талабалар Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлислар заллари ҳамда музейи фаолияти билан яқиндан таништирилди.

Манбаа: parliament.gov.uz

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.