Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида таълим сифатини ошириш, ўқитувчиларни малака талабларига мувофиқ танлаш, ўқитиш усулларини такомиллаштириш масалаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги мутасаддилари иштирок этди.
Ўқитувчиларнинг маошлари 2,5 бараварга оширилгани, уларнинг меҳнатини рағбатлантириш бўйича ҳужжатлар имзоланаётгани қайд этилди.
Жумладан, «Иқтидорли ёшларни аниқлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилингани айтилди.
Мазкур қарорга кўра, эндиликда халқаро олимпиада ғолиблари ва уларнинг ўқитувчилари бир марталик пул мукофоти билан тақдирланади:
1-ўрин (олтин медаль) учун — 500 (111,5 млн сўм), ўқитувчисига — 450 баравар (100,35 млн сўм);
2-ўрин (кумуш медаль) учун — 300 (66,9 млн сўм), ўқитувчисига — 250 баравар (55,75 млн сўм);
3-ўрин (бронза медаль) учун — 200 (44,6 млн сўм), ўқитувчисига — 150 бараварида (33,45 млн сўм).
Таъкидланишича, таълим сифатини таъминлаш учун ўқитувчилар ўз билими ва кўникмаларини ошириб бориши талаб қилинади. Вазирлик томонидан ўқитувчилар билимини аниқлаш мақсадида Сирдарё вилоятида тест синовлари ўтказилган. Ҳозирда тест жараёнларида Сурхондарё вилояти ўқитувчилари ҳам иштирок этмоқда. Бу каби синовлар босқичма-босқич барча ҳудудларда ташкил этилади.
«Мазкур имтиҳонларни ўтказишдан асосий мақсад ўқитувчилар билим даражасини аниқлаш ва натижаларга кўра ўқитувчилар малакасини ошириш бўйича тренинглар ўтказиш режалаштирилган, — деди Халқ таълими вазири биринчи ўринбосари Алишер Умаров. — Яна бир янгилик: бундан кейин Республика таълим маркази, Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси ва вилоятлар халқ таълими бошқармалари, шунингдек, туман (шаҳар) халқ таълими бўлимларидаги умумтаълим фанлари бўйича «методист» лавозими ўрнига «ментор» лавозими жорий этилади. Менторлар ўқитувчиларга кўмакдош бўлади, уларнинг билим ва кўникмаларини оширишга ёрдам беради».
Алишер Умаровнинг сўзларига кўра, 2021 йил 1 январдан бошлаб халқ таълими муассасалари раҳбарлари учун даврийлиги 3 йилдан иборат, ўқитувчилар учун даврийлиги 5 йилдан иборат мажбурий касбий лицензиялаш тартибини босқичма-босқич жорий этиш кўзда тутилган. Малака тоифаси бўлмаган ўқитувчи касбий лицензия олганидан сўнг унинг меҳнатига ҳақ тўлаш шартлари иккинчи малака тоифасига эга ўқитувчиларга тенглаштирилади.
«Тажриба шуни кўрсатяптики, олий ўқув юрти дипломига эга мутахассис ҳар доим ҳам мактабда дарс беришга тайёр бўлмайди, — деди вазир биринчи ўринбосари. — Мисол учун, мутахассисда педагогик ва болалар билан ишлаш кўникмаси йўқ. Болалар психологиясини билмайди. Натижада ўқитувчи ва ўқувчи ўртасида турли низолар келиб чиқмоқда».
Лицензиялаш тартиби жорий этилиши малакали, билимли, педагогик маҳоратга ва психологик билимга эга ўқитувчиларни танлаш имконини бериши маълум қилинди. Билдирилишича, лицензияга эга бўлган ўқитувчиларнинг маошлари бундай ҳужжатга эга бўлмаган мутахассисга қараганда юқорироқ бўлади